Навоий давлат педагогика институтида “Жадид намояндалари илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Тадбирда Бухоро ва Қарши давлат университетлари, Фарғона политехника институти профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходимлари, сенаторлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, онлайн тарзда АҚШнинг Мичиган давлат университети профессори ҳамда Германиянинг нуфузли олийгоҳлари ўқитувчилари илмий маърузалари билан иштирок этди.

Анжуманда “Жадид намояндалари меросида таълим, тарбия ва маънавият масалалари”, “Ахборот хавфсизлиги, ёшлар маънавияти ва ижтимоий фаоллиги”, “Жадид намояндалари илмий-маънавий меросининг бугунги ёшлар тарбияси ва жамият ижтимоий ҳаётидаги аҳамияти”, “Жадид маърифатпарварлик масалаларини ўзига хос хусусиятлари” каби мавзуларда ўзаро фикр алмашилди.

– Таълимнинг инсон камолотидаги ўрни ҳақида сўз борар экан, жадид боболаримиз ўгитлари тасаввуримизда қайта-қайта жонланади, – дейди Навоий давлат педагогика институти ректори, профессор Баҳодир Собиров. – Улар Ватан тараққиётидаги асосий йўл билим ва маърифатда, деб билган. Ана шу эзгу мақсад йўлида фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очган. Жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида газета ва журналлар нашр этган. Ёшларни илғор давлатларга ўқишга юборган. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Ноёб ижтимоий-сиёсий феномен бўлган жадидчилик ғоясининг шаклланиши ва тараққиётига доир дунёнинг бир қатор мамлакатларида кўплаб тадқиқотлар яратилган бўлса-да, ушбу ҳаракат намояндаларининг Марказий Осиё ҳудудида миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хосликни, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини концептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолмоқда”.

Конференция ўзаро савол жавобларга бой бўлди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири