Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Жадид” газетаси – бирлашмоқ даврининг минбари
11:41 / 2024-01-03

Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббуси билан 2024 йилнинг илк кунида “Жадид” газетаси чоп этилди. Ушбу нашр Ватан ва халқ манфаатлари йўлида жон фидо қилган миллат ойдинлари – жадид боболаримиз ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб этишда ўзига хос тафаккур майдони бўлиб хизмат қилади.

Жадид маърифатпарвар боболаримиз миллатни уйғотиш, уни тараққиёт сари ундаш учун ҳам ишни энг аввало газета таъсис этишдан бошлаган. “Таржимон”, “Ойина”, “Тараққий”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона”, “Нажот”, “Ҳуррият”, “Ал-ислоҳ” каби босма нашрлар орқали миллий истиқлол, ҳуррият, маърифат каби ҳаётбахш ғояларни халқ ичига олиб киришга интилдилар.  

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан жадид  маърифатпарвар боболаримизнинг Ватан тараққиёти, миллат равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатларини янада кенг тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Президентимиз 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида жадид боболаримизнинг миллий тараққиётни ҳар томонлама жадаллаштириш,  зиёли ва ижодкорларни бирлаштиришга дахлдор ташаббуслари қаторида “Жадид”  газетасини таъсис этиш ғоясини қўллаб-қувватлади ҳамда ушбу нашрни янги йилнинг биринчи кунида чоп этиш таклифини илгари сурди.    

Қисқа фурсат давомида – бор-йўғи саккиз кун ичида саккиз саҳифалик газетанинг илк нишона сони нашрга тайёрланди.  

–Янги йил янги бир тарихий ҳодиса билан бошланди, – деди адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Баҳодир Каримов. – 2024 йилнинг илк кунида "Жадид" деган газета қўлимизда турибди. Унинг  ташаббускори Президентимиз айнан ўзларининг нутқларида мана шундай газета ташкил қилиш керак, деган фикрни илгари сурган эди. Ана шу жараёнда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси негизида пайдо бўлган бу газетанинг ходимлари, жадидшунослар, олимлар, зиёлилар жиддий ишлади ва жуда қисқа муддат давомида давлатимиз раҳбарининг топшириғи бажарилди. Президентимизнинг бу ташаббусини нафақат биз – ўзбек олимлари, балки халқаро миқёсдаги жадидшунос олимлар,  жадид адабиёти, жадид маданияти, жадид санъати билан шуғулланадиган барча зиё аҳли қўллаб-қувватлайди. Ўйлайманки, газета саҳифаларида хориждан келган кўп манбалар, материаллар ҳам ўз ифодасини топади.  

“Жадид” газетасининг илк сонини тайёрлаш жараёни қизғин кечди. Нашрда Ўзбекистон халқ шоири, атоқли ижодкор Иқбол Мирзонинг “Муҳаррир минбари” рукни остидаги “Бирлашмоқ даври” сарлавҳали бош мақоласида мазкур янги нашрнинг мазмун-моҳияти, мақсад-муддаолари, йўналиши ҳақида тўхталиб ўтилган. Бугун дунёда янгиланаётган Ўзбекистон сифатида эътироф этилаётган мамлакатимизда кечаётган маърифий ислоҳотларнинг жадид боболаримиз ғоя ва интилишлари, мақсад-муддаоларига нечоғли ҳамоҳанг экани теран, самимий, равон, халқчил тарзда ифода этилган.  

Газета саҳифаларида буюк миллатпарвар, маърифатпарвар  боболаримизнинг миллатни ислоҳ этишга оид ғоялари, "Манбалар", "Тамаддун", "Ойина", "Боқий мерос", "Давр руҳи",  "Мерос", "Мозий сабоғи", "Фикр майдони"  каби рукнлар остида  таниқли адабиётшунослар,  ёзувчилар, публицистлар,  олимлар, тарихчиларнинг илмий-оммабоп  мақолалари жой олди.  

– Жадид деганда уларнинг амалга оширган энг муҳим ишлари сифатида маърифатпарвар боболаримизнинг мактаблари, дарсликлари, газеталари  кўзимиз олдига келади. Миллатимизни, давлатимизни янги босқичга олиб чиқиш учун, Президентимиз жон куйдириб ҳаракат қилаётган тараққиёт йўлида ислоҳотларни янада дадилроқ даражага олиб чиқишимиз учун бугун илғор умумфикрларни жамлайдиган ва буни халқимизга тушунарли қилиб етказиб берадиган минбар зарурати пайдо бўлди. Газета ҳам жадид боболаримизнинг "Тилда,  фикрда,  ишда бирлик!"  деган қутлуғ сўзларини шиор қилиб олган. Бу бекорга эмас. Демак, биз бирлашишимиз, Президентимизнинг ишончини оқлашимиз керак. Мана шу маънода мен ҳамма дўстларимизни ҳамкорликка чақираман.  Бу янги минбар ҳаммага муборак бўлсин!  

Давлатимиз раҳбарининг “Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, деган  сўзлари шунчаки тарихий маълумот эмас, балки ҳар биримиз учун жиддий чақириқ эканини теран англашимиз шарт. “Жадид” газетаси ана шундай жасоратли зиёлилар учун асосий минбарга айланишига бел боғлаганмиз ва бу борада барча жонкуяр, фидойи юртдошларимизни ижодий ҳамкорликка чорлаймиз, – деди "Жадид" газетаси бош муҳаррири Иқбол Мирзо.  

Дарҳақиқат, "Жадид" газетаси том маънода маърифатпарвар  боболаримиз орзу қилган янги замоннинг шукронаси, Ватан ва халқ манфаатлари йўлида бугун яна миллат ойдинларини бирлаштиришдек эзгу ғоя тантанасидир. Янги Ўзбекистоннинг муҳташам ушбу нашри халқимиз зиёлилари, кенг жамоатчилик томонидан янги фикр уфқларини очгувчи маърифий нашр сифатида катта кўтаринкилик  билан кутиб олинди.  

"Жадид"  газетасининг нишона сони ҳамда ушбу янги нашрни таъсис этишнинг тарихий аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси "Маданият ва маърифат" телеканалида тақдимот қилинди.  

Н.Усмонова, ЎзА