“Сирли олам”
1872 йилнинг 4 декабрь куни Атлантика океанида ғайриоддий ҳодиса рўй берди. “Мария Селеста” номли бригантина кемаси Азор ороллари яқинида топилди — лекин унинг бортида ҳеч бир инсон йўқ эди. Энг ҳайратланарлиси шундаки, кема мутлақо соғ-омон, шикастланмаган ва ўша заҳоти йўлга чиқишга тайёр эди. Елканлар жойида, юк тўла бочкаларда спирт сақланган, капитаннинг ҳужжатлари, ҳатто хотинининг пианиноси ҳам жойида эди. Ҳаттоки столда янги тайёрланган овқат, чойнакда ҳали ҳам илиқ чой бор эди. Аммо экипажнинг ўзи – буткул ғойиб эди.
“Мария Селеста”нинг капитани Бенжамин Бриггс, унинг рафиқаси, кичик қизи ва саккиз нафар денгизчи Нью-Йоркдан Италияга йўл олган эди. Йўл ўртасида нима бўлгани ҳақида эса ҳеч ким аниқ билмайди. Кема 1 декабрда “Деи Гратиа” номли бошқа кемага дуч келганида, у сузиб кетаётган, лекин бошқарувсиз эди. Денгизчилар кемага чиқиб қарашганида, ҳеч қандай жанг ёки тартибсизлик излари топилмаган. Қимматбаҳо буюмлар, юк, озиқ-овқат — ҳаммаси жойида эди. Фақатгина кеманинг қайиғи ва навигатция журнали йўқолган эди.
Шундан сўнг ўнлаб назариялар пайдо бўлди. Кимдир кемага қароқчилар ҳужум қилган, деб тахмин қилди. Аммо бунинг исботи йўқ эди — чунки ҳеч нарса ўғирланмаган. Баъзилар экипаж спирт буғлари портлашидан қўрқиб, вақтинча кемани тарк этган, аммо қайиқда ғойиб бўлган, деб ҳисоблайди. Яна бошқалар бу воқеани сирли кучлар, океан тубидаги магнит майдонлари ёки “Бермуд учбурчаги”га ўхшаш ҳодисалар билан боғлашади. Айрим мистик талқинларда эса улар “бошқа оламга ўтиб кетган” дейишади.
Ҳақиқат шундаки, “Мария Селеста” бугунгача денгиз тарихидаги энг буюк сирлардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳеч қандай аниқ жавоб топилмади, ҳеч кимнинг жасади топилмади. Кема эса кейинчалик яна бир неча йил давомида хизмат қилган, аммо унга “лаънат” ёпишиб қолгандек, уни сотиб олганларнинг бари фалокатга учраган. Бугун ҳам океан бўйидаги денгизчилар бу номни паст овозда, гўёки қўрқув билан эслашади
<iframe width="798" height="449" src="https://www.youtube.com/embed/H4JxoukCVXU" title="Izsiz yo`qolgan ekipaj" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА