Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Измир шартномасини ратификация қилиш Ўзбекистонга нима беради?
16:48 / 2022-11-08

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ҳаётига оид бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.

Дастлаб “Измир шартномасини (Измир, 1996 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу масала бўйича ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамроев маъруза қилди. 

— Измир шартномаси Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотини таъсис этувчи ҳужжат ҳисобланади, — деди вазир ўринбосари. — Шартнома 1996 йил 14 сентябрда Измирда 10 та давлат — Афғонистон, Озарбайжон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Эрон ва Ўзбекистон томонидан имзоланган. 1996 йилда ташкилот аъзолари сони ошганлиги муносабати билан Шартнома янги таҳрирда имзоланган ва аввалги ҳужжатларнинг амал қилиши тугатилган. Ҳозирги вақтда Шартнома Афғонистон ва Ўзбекистондан ташқари барча давлатлар томонидан ратификация қилинган ҳамда 2002 йил 24 сентябрда кучга кирган.

Ўзбекистоннинг Измир шартномасини ратификация қилиши Иктисодий ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш учун ҳуқуқий асос яратади ва қатор имкониятларни тақдим этади. Хусусан, ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида жанубий транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича ташаббусларни илгари суриш ва минтақада транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун платформа вазифасини ўтайди. Иккинчидан, ташкилот доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестициялар жалб қилиш, Ўзбекистон ишбилармон доираларининг минтақада савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш имкониятини яратади. 

Учинчидан, ташкилот доирасида электр энергияси соҳасида истиқболли ҳамкорлик ва янги энергия магистралларини қуриш бўйича лойиҳаларда фаол иштирок этиш имконияти, шунингдек, Ўзбекистонни минтақавий электр энергиясини етказиб беришда асосий бўғинга айлантириш имконини беради. Ўзбекистоннинг улкан туристик салоҳиятини инобатга олган ҳолда зиёрат туризми саноати ривожланишига хизмат қилади, — деди Э.Ҳамроев.

Депутатлар мазкур шартноманинг ратификация қилиниши савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, транзит, логистика, туризм, маданий-гуманитар ва илмий-техникавий ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар. Шундан келиб чиқиб,  қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Ер қаъридан фойдаланиш тизимидаги зиддиятлар бартараф этилади

Мажлисда “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. 

— “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида барча фракция ва қўмиталар томонидан муҳокама қилиниб, таклифлар олинди, — деди депутат Носиржон Аминов. — Ҳужжатда ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари рўйхати ва уларнинг ваколат доиралари аниқ белгиланиб, ер қаъри участкаларининг давлат фондига янги “захира фонди” тушунчаси киритилган ҳолда, унинг моҳияти ёритиб берилмоқда. Шунингдек, дастлабки геологик маълумот тушунчаси киритилиб, у ким томонидан қай тартибда юритилиши ва унинг турлари белгилаб қўйилмоқда. Ер қаъри тўғрисидаги маълумотлар очиқлигини таъминлаш кўзда тутиляпти. 

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш турлари, ундан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия берилганидан то якуний ҳисоботлар ёзилгунига қадар бўлган жараён алоҳида моддаларда аниқ белгилаб қўйилмоқда. Кон ажратиш тартиби оптимизациялаштирилган ҳолда, ваколатли органнинг техник ҳужжати кўринишига келтириляпти. 

Мазкур қонун лойиҳаси билан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатноманинг барча тури танлов орқали берилиши, истисно ҳоллардагина тўғридан-тўғри музокаралар орқали берилиши мустаҳкамланмоқда. Шу тариқа рухсатнома олиш тартиби тубдан соддалаштирилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер қаъридан фойдаланиш тизимидаги зиддиятлар бартараф этилишига, барча субъектларга нисбатан ер қаъридан фойдаланиш тизими бир хилда амал қилишига хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқиш давомида депутатлар томонидан бир қатор аниқлаштирувчи саволлар ҳамда таклиф-тавсиялар, таҳририй тузатишлар бўйича фикрлар билдирилди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди. 

Ветеринария соҳасида таълим тизими такомиллаштирилмоқда

Ветеринария ва чорвачилик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг муҳим талабларидандир. Ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўрта Осиёда ягона ҳисобланган Самарқанд ветеринария медицинаси институти фаолияти кўламини кенгайтириш, халқаро нуфузини ошириш, илмий тадқиқотларни тизимли олиб бориш, инновацион таълим ва технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш, айниқса, таълим ва ишлаб чиқаришни узвий боғлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Президентимизнинг 2022 йил 31 мартдаги тегишли қарори билан соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Самарқанд ветеринария медицинаси институти негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгиланди.

Мазкур соҳадаги янгилик ва ўзгаришларни қонунчиликка татбиқ этиш мақсадида “Давлат ветеринария назорати ҳамда ветеринария соҳасида таълим тизими такомиллаштирилиши муносабати билан “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

— Президент қарори билан Самарқанд ветеринария медицинаси институти негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ташкил этилди, — деди Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов. — Шу муносабат билан “Ветеринария тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида давлат ветеринария хизматини бошқаришда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети алоҳида таълим даргоҳи сифатида белгиланмоқда. 

Шунингдек, қонун лойиҳасида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланмаган жойларда амалга оширилаётган, шунингдек, келиб чиқишини исботловчи тегишли ҳужжатсиз гўшт ва сут маҳсулотлари савдоси устидан назоратни амалга ошириши назарда тутиляпти. Қонун лойиҳасини қабул қилиниши соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. 

Мажлисда депутатлар ҳужжат бўйича ўз фиер-мулоҳазаларини билдирдилар. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА