Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Изланган, интилган киши албатта мақсадига эришади
11:33 / 2023-05-05

Қатор услубий қўлланма, рисолалар ва илмий мақолалар муаллифи бўлган бухоролик ёш муаллимнинг илғор иш тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилди.

Ромитан туманидаги 1-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг мусиқа маданияти фани ўқитувчиси Абдурасул Раҳимов фаолиятини бошлаган илк кунлариданоқ ўз касбига бўлган муҳаббати боис яхши натижаларга эриша бошлади. Ўқувчилари “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали, “Беш ташаббус олимпиадаси” нинг вилоят ва республика босқичлари, “Санъат сеҳри” республика мусиқа ва санъат танлови, “К.И.Чуковский китоблари саҳифалари бўйича” халқаро ижодиёт танловида иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин эгаллади.  

Изланишлари натижасида “Композиторлар болаларга” номли услубий қўлланмаси, “Мусиқа фанини ўқитишда замонавий педагогик технологиялар ва интерактив методлар” номли монографияси, “Мусиқа тўгарагини ташкил этиш” номли услубий қўлланмаларини яратди. Айни пайтда эса Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзоси Аҳмад Ҳайдаров ҳаёти ва ижодига бағишланган “Бухорода бир бастакор бор” номли рисоласи нашрдан чиқиш арафасида. Бундан ташқари, ёш муаллимнинг 20 га яқин илмий мақолалари республика ва халқаро журналларда чоп этилган, шунингдек, 10 дан ортиқ илмий-амалий анжуманларда ўз тезислари билан иштирок этган.  

Мактабда ўз фани бўйича доимий равишда очиқ дарслар ҳамда мавзули давралар ташкил этиб келмоқда. Бир қатор намунали дарс ишланмалари республика журналларида ёритилган.  

– Абдурасул Раҳимов ёш бўлишига қарамай, жамоада ўз ўрнига эга бўлган маҳоратли ўқитувчилардан бири, – дейди мактаб директори Шоҳиста Мусаева. – Айниқса, ташаббускорлиги, янгиликка интилувчанлиги билан бошқаларга ўрнак бўлиб келмоқда. Яқинда унинг ташаббуси билан мактабимизда Бухоро давлат университети Санъатшунослик факультети “Мусиқа ижрочилиги ва маданият кафедраси” ҳамкорлигида “Мусиқа маданияти фанини ўқитишда креативлик, замонавий ёндашувлар ва халқаро тажрибаларнинг аҳамияти” мавзусида ўқув-амалий семинар ташкил этилди. Бундан ташқари Абдурасул мактабимиздаги “Мунозара” клубига ҳам раҳбарлик қилади. Куни кеча клуб аъзолари туманда биринчиликни қайд этди. Яқинда эса ёш муаллимнинг илғор иш тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилди. Бу билан у изланувчан, ўз устида ишлайдиган, ишига садоқат билан ёндашадиган кишигина қисқа вақт ичида катта ютуқларга эришиши мумкин эканлигини исботлади.  

Зариф Комилов,  

ЎзА