Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Изланган имкон топади
12:12 / 2023-08-11

Имкониятлардан оқилона фойдаланиб, юрт фаровонлиги ва халқ дастурхони тўкинлиги йўлида меҳнат қилаётган аёллар кўпчиликни ташкил этади. Навоий вилояти Конимех тумани “Шўртепа” маҳалласидан Хосият Эшпўлатова ҳам ана шундай меҳнатсевар аёллардан.

Хосият ая 32 йилдирки болаларга таълим-тарбия бериб келади. Айни пайтда нафақада бўлса-да, тинмайди. Уйида қадимий ашёларни йиғиб, мўъжазгина музей ҳам очган. Ҳозирда 5 гектар майдонда олма, полиз маҳсулотлари етиштиради. Ўн беш бош қорамол боқиб, бир ойда ўртача 15-20 миллион сўм даромад олмоқда.  

Вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Гулсанам Норова “Шўртепа” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамроҳлигида тадбиркор Хосият ая хонадонида бўлиб, бугунги кунги фаолияти билан танишди.  

– Мен меҳнатдан завқ оламан, – дейди Хосият ая. – Боғимга кирсам руҳим кўтарилади. Ер билан, дарахтлар билан суҳбатлашаман. Уларга меҳр бераман. Меҳр ва эътибор кўрган ҳар бир нарса борки, янада гуркираб яшнайди. Мақсадим уйимда ташкил этилган музейни Конимех тумани марказига жойлаштириш ва бундан барча фойдаланишини хоҳлайман. Ҳеч кимга сир эмас бугунги кунда барча тоифадаги хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш тизими жорий қилинган. Маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга уйда даромад олишлари учун бепул касб-ҳунар ўргатилмоқда.  

Ногиронлиги бор Дилафрўз Худоёрова ҳам вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида бепул касб-ҳунарга ўқиди. Ҳозирги кунда субсидия асосида тикув машинаси олиб, уйда ўз даромадига эга бўлиб келмоқда.  

– Боқимандаликни ёмон кўраман, – дейди тадбиркор ҳунарманд Дилафрўз Худоёрова. – Бир неча йиллар олдин Қирғизистон давлатига бориб ишлаб келганман. Ҳозирда уйимда фаолиятимни давом эттирмоқдаман. Ҳеч нарсадан нолимайман, фарзандим ва келажагим учун ҳаракат қилмоқдаман.  

Дарҳақиқат, Д.Худоёрова таъкидлаганидек, имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Фақатгина имкон изламаётганлар бор, холос. Яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш эса ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ.  

А.Бўриев,  

ЎзА