Халқимизда «Излаган имкон топар, изламаган баҳона», деган мақол бор.
Бу, албатта, бежизга эмас. Навоий вилояти Навбаҳор туманида яшовчи Дилфуза Жумаева ҳам ана шундай имкон излаб, интилаётган аёллардан бири.
Дилфуза опа 28 йилдан бери Навбаҳор касб-ҳунар коллежида ўқувчиларга қишлоқ хўжалиги йўналишида сабоқ бериб келади. Тиниб-тинчимас аёл мана шу муддат давомида соҳани қандай ривожлантириш ва ҳосилдорликни ошириш ҳақида турли тадқиқотлар олиб борди, изланишлар билан банд бўлди. Айни пайтда у биогумус етиштиришни йўлга қўйган.
Биогумус – органик чиқиндиларни калифорния қизил чувалчанглари ёрдамида қайта ишлаб ҳосил бўлган табиий тоза фаол қўшимчаларга бой ўғитдир. У уруғларнинг тез ривожланишини таъминлаб, илдиз шаклланишини paғбaтлaнтиpaди. Мазкур ўғит ёрдамида ернинг 70-80 фоизгача ҳосилдорлиги оширилади ва йилдан-йилга ўз иммунитетини тиклаб, тўйинган соғлом ферментларини бойитиб боради.
– Андижонда биогумус етиштириш анча ривожланган, – дейди Дилфуза Жумаева. – Мен уларнинг тажрибасини ўрганиб, коллеж ҳовлисидан ажратиб берилган ерда ва ўз уйимда биогумус етиштиришни йўлга қўйганман. Энг яхши томони, биогумус етиштириш алоҳида муайян вақт, куч ёки эътибор талаб қилмайди. Уни барча юртдошларимиз ўз уйида ташкил этиб, қўшимча даромад олиши мумкин.
Чувалчангларга катта ва унумдор ер бўлиши шарт эмас. Уларни озиқлантириш учун оддий ҳайвонлар гўнги бўлса етарли. Чувалчанг ўзи истеъмол қилган бир тонна гўнгнинг 60 фоизини қайта ишлаб беради ва атроф-муҳит тозалигини таъминлайди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 1 метр квадрат майдонга 50 минг бош чувалчанг жойлашганда, ҳар бири 0,02 гр биогумус беради. Ҳар бир метр квадрат майдондаги бир кунлик биогумус миқдори 1 кг бир ойда эса 30 кг ни ташкил этади. Ички бозорда 1 кг биогумуснинг улгуржи нархи 1000 сўмга тўғри келади. 1 метр квадрат бўш ётган майдондан бир ойда 30 минг сўм даромад олиш мумкинлигини айтади Д.Жумаева.
Агар қишлоқ хўжалигида мазкур ўғит етиштириш йўлга қўйиладиган бўлса, жуда катта фойда олиш мумкин. Иссиқхона ва қишлоқ хўжалиги учун ер унумдорлигини ошириш билан бирга кимёвий ўғитларга сарфланаётган харажат тежалади. Шунингдек, жараён 5-6 ойда ўз самарасини бериб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларга ўз даромадини оширишда қўл келади.
«Албатта, ҳеч бир иш осонгина ҳал бўлмайди. Бунинг учун инсонда билим, сабр ва албатта, интилиш бўлиши керак», дейди Дилфуза Жумаева.
Хотин-қизлар орасида шундай ташаббускор, жонкуяр, имкониятдан унумли фойдаланишга интиладиган аёллар борлиги қувонарли, албатта.
Элёр Бобоназаров,
Навбаҳор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари.