Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ёрдамлар карвони меҳмонлар ҳамроҳлигида вилоятларга жўнаб кетди
16:54 / 2022-02-18

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари Гулнора Маъруфова, БААнинг Ўзбекистондаги элчиси доктор Саид Матар Ал-Кемзи,  Ярим ой жамияти делегация раҳбари Наджи Аҳмад Муҳаммед Ҳасан Ал-Аграби ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда жорий этилган ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг янги тизими — «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Меҳр дафтари»нинг аҳамияти, уларнинг аҳолининг эҳтиёжманд қатламини, камбағал, боқувчисини йўқотган оилалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлашда аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Шу асосда кўмакка муҳтож ҳар бир оила,  фуқаро, хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилаётгани ва самарали ҳал этилаётгани ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ота-она қаровисиз қолган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган «Меҳр дафтари», меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар, боқувчисини йўқотган оилалар билан ишлаш бўйича ҳамкорлик лойиҳалари режалаштирилди.

Мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни тарбиялашнинг янгиланган тизими — оилавий болалар уйлари ташкил этилгани, улар меҳрибонлик уйларининг ўрнини босиб, болани оилавий ҳаётга тайёрлайдиган масканга айланаётгани,  боланинг руҳий ҳолатини ҳар томонлама  мониторинг қиладиган комплекс тизим яратилаётгани ҳақидаги маълумотлар қабул қилинди.

Учрашувда мамлакатимизнинг «Темир дафтар» ва  «Аёллар дафтари»га киритилган оилалар ва фуқаролар учун тегишли ёрдамлар кўрсатиш, оғир шароитдаги маҳаллаларда ичимлик суви билан боғлиқ масалаларда амалий ёрдам кўрсатиш, турли иш ўринлари яратиш каби йўналишларда ҳамкорлик лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

  Тадбир сўнггида  БААнинг Қизил Ярим Ой Жамияти ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Қиш мавсуми учун буюмларни тарқатиш кампанияси — 2022 йил Ўзбекистон» лойиҳаси доирасида Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида яшовчи эҳтиёжманд оилалар учун жами миқдори 1 минг 800 дона иссиқ кўрпа ва 400 дона иситиш печлари бўлган ижтимоий ёрдамлар қабул қилинди. Ижтимоий ёрдамлар карвони меҳмонлар ҳамроҳлигида вилоятларга жўнаб кетди.
Ташриф буюрган делегация аъзоларига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги  ўз миннатдорлигини билдирди.

«Албатта, Бирлашган Араб Амирликларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги ўрни жуда юқори эканлигини ўтган вақт давомида ҳамкорликда амалга оширган ишларимизда ҳам кўриш мумкин. Шу маънода Бирлашган Араб Амирликлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ишончли, энг яқин ҳамкорларидан бирига айланиб улгурди, десам муболаға бўлмайди», деди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА