Бухоро туманидаги Боғикалон маҳаллада яшовчи Мастура Тўраева беш фарзанднинг онаси. Оиланинг даромад манбалари чекланган. Турмуш ўртоғининг меҳнат ҳаққи ва ногиронлиги бўлган фарзанди Шодибек Шодиевга тайинланган нафақа билан рўзғор тебратиб келади. Ҳар бир сўм ҳисобли бўлган бундай оилалар учун энергия тўловлари муаммога сабаб бўлади.
– Ўғлимда туғма ногиронлик бор. У логопед машғулотларига боради, доимий дори-дармон олади. Ўтган йили электр энергияси учун берилган компенсация бизга жуда қўл келди. Шунинг ҳисобига ўзим бошқа харажатларни енгилроқ уддалашга ҳаракат қилдим, – дейди Мастура Тўраева.

Маҳалладаги ижтимоий ходим оилани назоратга олиб, уларнинг эҳтиёжини доимий ўрганиб бормоқда. Шу асосда улар 2024 йил куз-қиш мавсумида бир мартали энергия харажатлари учун компенсацияга тавсия қилинган эди.

Айни пайтда Бухоро туманидаги барча маҳаллаларда ижтимоий ҳимоя ходимлари энергия харажатлари компенсацияси учун эҳтиёжманд оилалардан аризаларни қабул қилмоқда. Ушбу ёрдам ўз вақтида ажратилса, кўплаб оилалар учун бу нафақат моддий енгиллик, балки руҳий далда ҳам бўлиши шубҳасиз.
Ҳозирда, вилоят бўйича жами 23797 нафар эҳтиёжманд аҳоли қатламидан аризалар қабул қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.