Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий йўналишдаги масалалар қўмита эътиборида бўлди
11:57 / 2026-01-28

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси фаолиятига бағишланган очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда қўмита томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот берилди.

Қўмита раиси Назира Мухторованинг таъкидлашича, қўмита ўтган йилдаги фаолияти давомида 22 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлиб, уларнинг 19 таси қабул қилинди ва Сенатга юборилди. Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш, аҳоли бандлиги ва меҳнат миграцияси, ижтимоий хизматлар тизимини такомиллаштириш, рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жавобгарликни кучайтиришга оид қонунлар шулар жумласидан.

[gallery-27333]

— Қўмитамиз фаолияти давомида парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан ҳам самарали фойдаланиб, 13 та назорат-таҳлил тадбирини ўтказди, — деди қўмита раиси. — Қўмита мажлисларида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотлари эшитилди. Шунингдек, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг ижро этилиш ҳолати, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилиши, меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ва хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифаларнинг ижроси бир қатор вилоятлар мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, ҳисобот даврида қўмитага жами 511 та фуқаролар мурожаати келиб тушиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Уларнинг аксариятини ижтимоий ҳимоя, тиббиёт, уй-жой масалаларидаги мурожаатлар ташкил қилади. Шунингдек, фуқаролар томонидан йўлланаётган мурожаатларда қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштиришга доир таклифлар салмоғи ҳам ортган. Асосли таклиф жўнатган фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, қатор таклифлар қонун лойиҳаларида акс эттирилди.

Очиқ мулоқотда қўмитанинг келгусидаги режалари ҳақида ҳам ахборот берилди. Жумладан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг ижроси Сурхондарё вилояти, Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб борадиган 33 та туман ва 330 та маҳаллада янги ёндашувлар асосида ташкил этилаётган марказларни Тошкент вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш режалаштирилгани қайд этилди.

Очиқ мулоқотда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.

Муҳтарама Комилова,  

Аслиддин Алижонов (сурат),

ЎзА