Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ёрдам кўрсатишда таниш-билиш, қариндошчилик муносабатларига йўл қўйилмайди
12:08 / 2020-07-15

Мамлакатимизда коронавирусга чалиниш ҳолатлари тобора жиддий тус олаяпти.


Мамлакатимизда коронавирусга чалиниш ҳолатлари тобора жиддий тус олаяпти. Шундай мураккаб карантин даврида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб кам таъминлаган оилаларни қўллаб-қувватлаш бошланди.

Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат МАМАТОВ бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Бугун барча давлатлар қатори юртимиз аҳолиси ҳам оғир синовли кунларни бошидан ўтказмоқда. Аҳамиятли жиҳати, карантин эълон қилинган кундан бошлаб эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ишсиз, даромадсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак кўрсатиш тартиби жорий этилди.

Маълумки, мазкур ташаббусларни тизимли йўлга қўйиш учун Республика махсус комиссиясининг тегишли баёни билан ҳомий ташкилот ва фуқароларнинг хайрия маҳсулотларини эҳтиёжманд оилаларга етказишни ташкил этиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда вазирликнинг ҳудудий бошқармалари қошида Ҳомийлик хайрияларни мувофиқлаштириш марказлари ташкил этилди.

Мазкур марказларнинг ташкил этилиши самарали бўлганини вақтнинг ўзи кўрсатиб берди. Шунингдек, юртдошларимизнинг миннатдорлик сўзлари бу борадаги ишлар тизимли ҳамда аниқ режа асосида олиб борилганини англатмоқда. Айниқса, фуқаролар мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан бирдек мурожаат қилишларини таъминлаш мақсадида Марказнинг барча ҳудудий филиаллари қошида “Call-centre”нинг ягона 1197 қисқа рақами иш олиб борганлиги фаолият самарадорлигини бир қадар оширди.

Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари 2020 йил 2 апрелдан 20 майга қадар иш олиб борди. Бу вақт оралиғида маҳаллаларда шакллантирилган рўйхат ҳамда “Call-centre”нинг 1197 қисқа рақами орқали келиб тушган мурожаатлар асосида 9139 та маҳаллада истиқомат қилувчи 413 072 та эҳтиёжманд оилага 49 миллиард 910 миллион сўм миқдорида ҳомийлик хайриялар етказиб берилди.

Шу ўринда ижтимоий тармоқларда Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари томонидан пул маблағлари қабул қилингани ва ушбу маблағларнинг сарфланиши бўйича маълумотлар очиқланмаганлиги ҳақидаги фикрларга нисбатан айтиб ўтишим зарурки, марказларга пул маблағлари қабул қилингани йўқ.

Марказнинг асосий вазифалари жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳомийлик асосида тақдим этилган озиқ-овқат, тиббий буюмлар ва бошқа зарур маҳсулотларни қабул қилиш ҳамда уларни санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда муҳтож оилаларга етказишдан иборат.

Республика махсус комиссиясининг 14-сонли баёни тегишли бандларига асосан, ҳомий ташкилот ва шахсларнинг пул кўринишидаги хайрия маблағлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказилиши белгиланган эди.

Ҳомийлик хайрияларни мувофиқлаштириш марказлари 20 май куни ўз фаолиятини тугатиши муносабати билан қолган хайрия маҳсулотларини эҳтиёжманд оилаларга етказиб бериш мазкур марказларнинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Ҳомий ташкилотлар ва фуқароларнинг хайрия пул маблағлари эса Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг республика бошқаруви ҳамда ҳудудий бўлинмалари ҳузурида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали қабул қилиниши ҳамда ўрнатилган тартибда сарфланиши белгиланди.

Юртдошларимиз, кенг жамоатчилик билиши керак бўлган яна бир муҳим масала – Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Васийлик Кенгашининг 2020 йил 25 майдаги 4-сон баёни билан тасдиқланган “Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг устави”да Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат фонди бўлган нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида белгилаб қўйилган. Яъни, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимидан алоҳида фаолият юритувчи мустақил тузилмадир.

Шу муносабат билан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди “Саховат ва кўмак” жамғармаси фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигидан мустақил ҳолда олиб бораётгани ҳамда Жамғармага келиб тушган хайрия маблағларини ўрнатилган тартибда сарфланишига ягона масъул ташкилот эканини таъкидлаш жоиздир.

Коронавирус касаллиги айни кунларда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимиз аҳолиси саломатлигига ҳам жиддий хавф солмоқда.

Эндиликда ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг фаолияти республикамизнинг барча ҳудудларида яна қайта йўлга қўйилди. Яъни ҳомийлик кўрсатиш истагидаги ташкилот ва фуқароларнинг хайрия маҳсулотлари – озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқалар волонтёрлар гуруҳлари орқали моддий ёрдамга муҳтож, ишсиз оилаларга санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда тарқатилаяпти. Ҳозирга қадар 101980 нафар эҳтиёжманд оила рўйхати шакллантирилди.

Мазкур вазифаларни тўлақонли бажариш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда барча маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юклатилган. Шунингдек, олиб борилаётган барча чора-тадбирлар ҳокимларнинг ўринбосарлари томонидан тўлиқ назоратга олинади.

Шу билан бирга карантин чекловлари жорий қилиниши муносабати билан ишсиз қолган, доимий даромад манбаини йўқотган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида тартиб жорий этилиши йўлга қўйилаётир.

Бу тартиб-қоидалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Дастлабки босқичда вазирлигимиз томонидан ишсиз, доимий даромад манбаини йўқотган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларинининг манзилли рўйхати шакллантирилди. Бу рўйхатга таъминот манбаи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, оғир касалликка чалинган, кўп болали оилалар, ижтимоий нафақаси ўз эҳтиёжларини қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбаига эга бўлмаган оилалар, чин етимлар, бола тарбияси билан қариндошлари шуғулланаётган оилалар, ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар, 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар), ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар, меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, бироқ ҳеч қаерда ишламайдиган ёки пандемия туфайли даромадидан вақтинча маҳрум бўлган, мавсумий ишчи, уста, мардикор, сартарош, чет элда ишини йўқотиб, ҳозирда даромадсиз қолган фуқаролар каби зарур ёрдамга муҳтожлар киритилди.

Шу билан биргаликда вазиятдан келиб чиққан ҳолда аҳолининг бошқа тоифаларига ҳам ижтимоий ёрдам кўрсатишга ҳам эътибор қаратилади.

Иккинчи босқич тартиби ҳозирда амалиётда давом этиб келаётган “Саховат ва кўмак” ҳаракати фаолияти билан боғлиқ. Бунда эҳтиёжманд оилаларга халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорларига мувофиқ, “Маҳалла” фонди ва “Саховат ва кўмак” жамғармаларидан зарур маблағлар ажратилмоқда.

Учинчи босқичда жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари билан биргаликда манзилли рўйхат асосида зарур озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларидан иборат моддий кўмак ёрдамлари шакллантирилди.

Бунда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан юқорида келтириб ўтилган мезонлар асосида шакллантирилган аҳоли рўйхатлари асос сифатида қабул қилинди.

Тўртинчи ва энг муҳим босқичда маҳаллий ҳокимлик ва Ёшлар агентлиги билан биргаликда тўпланган мазкур моддий кўмак юклари манзилли рўйхат асосида аҳоли хонадонларига етказилиши таъминланаяпти. Бунда, албатта, барча зарурий эҳтиёт чоралари қўлланилмоқда. Шунингдек, санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилаяпти ҳамда маҳсулотларга дезинфекцион ишлов берилмоқда.

Шунингдек, хайрия маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланадиган ходимлар ва волонтёрлар ҳимоя воситалари – тиббий комбинезон, тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан тўлиқ таъминланган.

Шу ўринда барча фуқароларни қизиқтирувчи яна бир маълумотни беришни истардим. Яъни, жойларда шакллантирилган рўйхатларда мавжуд бўлмаган, аммо зарур озиқ-овқат ва дори-дармонга муҳтож бўлган фуқаролар 1197 қисқа рақамли телефон тармоғига мурожаат қилишлари ҳамда ўз эҳтиёжларини баён этишлари мумкин.

Мазкур телефон тармоғи орқали боғланган фуқароларимиз мурожаати ҳам алоҳида эътиборга олинади ҳамда уларга зарур ижтимоий ёрдам маҳсулотлари етказиб берилади. Шунингдек, фуқароларимиз ижтимоий ёрдам хусусида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 71-201-55-21 телефон рақамига ҳам қўнғироқ қилиб, ўз мурожаатларини қолдиришлари мумкин.

Яна бир маълумот, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 7 июль ҳамда 10 июлдаги қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан зарур чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда ижро учун барча ҳудудий бошқармаларга етказилди.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига зарур ижтимоий ёрдам кўрсатишни тизимли ташкил этиш мақсадида вазирликнинг барча ҳудудий бошқармалари қошида махсус ишчи штаблари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, 2020 йилнинг 13 июлидан 1 августига қадар қўшимча равишда жорий этилган карантин чекловлари мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш чоралари кўрилмоқда.

Яхши англаб турибмиз, ҳозирги ёз фаслидаги об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда карантин қоидаларига амал қилиб уйда ўтиришга ҳамманинг ҳам бардоши етиши қийин. Аммо халқимиз сабрли. Айниқса, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи юртдошларимизнинг ёзнинг иссиқ кунларида сабр билан вазиятни тўғри тушуниб турганликлари вазиятни бир қадар енгиллаштирмоқда.

Сўзим охирида эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам жараёнларида ўзаро таниш-билиш, қариндошчилик муносабатларига мутлақо йўл қўйилмаслиги, бу борада маҳалла тизимининг барча масъул ходимлари ўрнатилган тартибда огоҳлантирилганлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Шу боис ватандошларимизда бу борада ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмаслигини сўраб қоламан.