Бухоро вилояти Олот туманида аҳолига комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ходимлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида тадбир бўлиб ўтди. Тадбир доирасида туман ҳокими томонидан ижтимоий ходимларга 20 дона замонавий компьютер жамланмалари топширилди.
Мазкур техник воситалар ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнида тезкорлик ва аниқликни таъминлаш, маълумотлар билан ишлашни соддалаштириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган ёрдам сифатини янада оширишга хизмат қилади. Айниқса, эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифалар билан ишлашда ушбу техникалар муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда ижтимоий ходимларга янги техник имкониятлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш, ахборот тизимлари орқали мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ечимини топишда замонавий ёндашувларни қўллаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Бугун аҳолига яқин, қулай ва самарали ижтимоий хизматларни ташкил этишда ижтимоий ходимларнинг ўрни беқиёс. Улар учун яратилаётган бундай шарт-шароитлар масъулиятни янада ошириб, хизматлар сифати ва натижадорлигини янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.