Ҳаёт синовлардан иборат. Кимгадир оғир, кимгадир енгил. Синовли дунёнинг пасту баландларига ҳамманинг ҳам бардоши етмайди. Шундай вазиятларда ўзгалар кўмаги, қўллаб-қувватлаши кишига тиргак бўлади, ҳаётда ўз йўлини топиб олишига туртки беради.
Бугун маҳаллаларда янгича тизим, янгича ёндашув асосида фаолият юритаётган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим оғир вазиятга тушиб қолган оилалар, фуқароларнинг турмушини изига туширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Жомбой туманидаги Олмазор маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Зилола Неъматова фаолиятида ҳам бундай мисолларни кўриш мумкин. Унинг ўз ишига масъулият билан ёндошиши туфайли маҳалладаги бузилиб кетиш арафасида бўлган оила тикланди, уч нафар қиз тирик етимга айланмади.
[gallery-21584]
Гап маҳаллада яшовчи, иккинчи гуруҳ ногирони Зафар Абдужалилов оиласи ҳақида. Бедаво дардга чалинган ўғлини даволатиш мақсадида хорижда турли шароитларда меҳнат қилган ота ҳам охир оқибат хасталикка йўлиқади. Шу касаллик сабабли ўғли вафот этгач оила батамом инқироз ёқасига келади: ота тўшакка михланади, уч нафар фарзандни боқиш ва бемор эрни даволатиш ташвиши касб-ҳунарсиз онанинг зиммасида қолди. Бундай синов ҳар қандай кишини эсанкиратиб қўяди. Бу оила ҳам худди шундай аҳволга тушди.
– Фаолиятимиз бошида хатлов жараёнини ўтказган эдик, – дейди Зилола Неъматова. – Бу оилага келганимда Зафар ака оғир аҳволда эди. Мустақил ҳаракатланолмай қолган. Турмуш ўртоғи эса рўзғор тебратиш учун уйдан чиқиб кетган. Оиланинг ҳолатини шунчаки тасаввур қилиб бўлмайди. Зафар аканинг розилиги билан кейс очиб, оилани тиклашни, уч нафар қиз фарзанднинг тирик етимга айланишининг олдини олиш чораларини кўра бошладим. Биринчи навбатда оила бошлиғининг саломатлигини тиклашга эътибор қаратдим. Шифохонага ётқизиб, имтиёзли равишда даволатдик. Саховатли инсонларнинг кўмаги билан қўшимча зарур дори-дармонларни ўз вақтида етказиб, тегишли муолажаларни олгандан сўнг Зафар ака оёққа турди. Кейин турмуш ўртоғи ва фарзандларини ортга қайтардик. Муддати ўтган фуқаролик паспортини янгилаб, Зафар аканинг ногиронлик гуруҳини тиклаш эвазига тизимли равишда даволанишига шароит яратилди. Болалар учун нафақа тайинланиб, турмуш ўртоғи касб-ҳунар марказида ўқитилди. Бугун у тикувчилик корхонасида меҳнат қилмоқда. Оила секин-аста оёққа турмоқда.
Янгича ёндашув асосида ташкил қилинган ижтимоий ҳимоя тизими амалда ўз натижасини бера бошлади. Эътиборга муҳтожлар ҳимояга олиниб, уларнинг жамиятга мослашуви, ҳаётини изига туширишга шароит яратилмоқда.
– Бошимизга тушган ташвишлар сабаб оиламиз бузилиш арафасида эди, - дейди Насиба Қудратова. – Эрим оғир хасталикка йўлиқиб, юролмай қолди. Мана шундай шароитда ижтимоий ходимнинг кўмаги билан оиламиз яна тикланди. Аллоҳга шукур, турмуш ўртоғим тўлиқ бўлмаса-да, оёққа туриб, мустақил ҳаракат қила бошлади. Ижтимоий ходимнинг елиб-югуриши билан саховатпеша инсонлар кўмагида уйимиз таъмирланди. Тикувчиликни ўрганиб, “SAM RAFOAT TEXTILE” корхонасида ишлаяпман. Ҳаётимиз изига тушиб, фарзандларим бағримда. Энг муҳими, шу. Энди меҳнат қилиб, рўзғоримиз ободлигини таъминлаймиз.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/_S-kiRcQLpU?si=a3Hv_3fB_QVdfKID" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари