Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ходим Муҳаммадни тўшакдан меҳнатга қайтармоқчи
10:06 / 2025-07-07

Ижтимоий хизмат

Ҳаёт инсонни турли синовлар билан сийлайди. Қалбида сабр ва матонат, шукр ва шижоат каби хислатлар мужассам бўлган киши оғир синовни ҳам енгиб ўтади. Мамлакатимиз маҳаллаларида хизмат қилаётган ижтимоий ходимлар оғир синовларни бошдан ўтказаётган юртдошларимиз қалбига ана шундай фазилатларни сингдириб, уларга руҳий далда бўлмоқда. Қайта оёққа туришига кўмаклашмоқда. 

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги Оқтумшуқ маҳалласида яшайдиган Муҳаммад Йўлдошев ёш бўлса-да, оиланинг ягона боқувчиси эди. У бахтсиз ҳодиса сабабли тўшакда ётиб қолган. Белдан пастки қисми ишламайди. Кутилмаган синовга дуч келиб, руҳан чўккан оила учун маҳалладаги ижтимоий ходим Умид Тошқобиловнинг хизматлари умид шуълаларини улашди. 

Маҳалладаги ижтимоий ходим хатлов чоғида хонадонда бўлиб, Муҳаммаднинг ҳолати ва оилавий аҳволини ўрганди. Ташқи муҳитдан узилиб қолганини кўрди. Ногиронлик ҳам белгиланмагани ва оиланинг моддий аҳволи яхши эмаслигини аниқлади. Оиланинг ягона боқувчиси меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолгани уларни оғир моддий ва руҳий қийинчиликка дуч келтирганини кўз олдида гавдалантирди. Шундан сўнг Умид Тошқобиловнинг кейс-менежмент усулидаги хизматлари билан Муҳаммадга биринчи гуруҳ ногиронлиги белгиланди. Ногиронлик нафақаси тайинланди. 

– Оилада уч киши яшайди, – дейди маҳалланинг ижтимоий ходими. – Фақат Муҳаммад меҳнат қилиб, даромад келтириб турган. Боқувчиси йўқ бўлгани учун онасини унга қаровчи қилиб белгиладик. Бу келажакда онанинг пенсияга чиқишига ҳам меҳнат стажи бўлади. Кам таъминланган оила сифатида болалар нафақаси тайинланди. Муҳаммадга ҳам, оилага ҳам махсус психологик ёрдам ташкил этилди. 

Муҳаммаднинг ҳаёт сифатини яхшилаш учун махсус керакли воситалар ва сайр қилиш учун мўлжалланган аравача олиб берилди. Ҳомий бириктирилди. “Саховат ва кўмак” жамғармасидан бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Ўн миллион сўм ҳомийлик маблағи йиғиб, дастлабки жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 

– Муҳаммадда ҳозир ҳаётга қизиқиш ортиб, ҳаракатлари кучайган, – дея суҳбатни давом эттиради Умид Тошқобилов. – Бу хизматлардан у нафақат моддий, балки катта маънавий қувват олди. Жамиятда ёлғиз эмасликларини ҳис этди. Энди пойтахтда даволаниши учун ордер ҳам олиб бердим. Яқин кунларда у даволанишга йўл олади. Бепул даволаниш учун ордер олганимизни эшитган Муҳаммад “ака, мен Тошкентдан қайтишда ўзим юриб келаман”, дея катта ишонч билан ваъда ҳам берди.

Маҳалладаги ижтимоий ходим Муҳаммаддан тез-тез хабар олиб, оиладан хол-аҳвол сўраб туради. Унинг сабр ва матонат, шукр ва шижоат билан ҳаётга интилаётганидан, оила яна ўз қаддини тиклашга интилаётганидан қувонч ҳиссини туяди. 

– Ўғлим бу синовга дуч келганида жуда оғир ўйга ботган эдим, – дейди Муҳаммаднинг онаси. – Тунни кунга улаб, термилиб ўтирардим. Умиджоннинг беминнат хизматлари билан Муҳаммадда ҳам ҳаётга интилиш янада кучайди. Бундан жуда хурсандмиз. Барчага бирдек ғамхўрлик кўрсатаётган, ҳаётда қийинчиликларга дуч келаётган инсонларнинг бошини силаётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз. 

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири