English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ходим ҳаёт синовида тобланаётган инсонлар олқишини олмоқда
10:58 / 2024-01-31

“Инсон–жамият–давлат” тамойили амалда

Маҳаллаларда иш бошлаган ижтимоий ходимлар қисқа вақтда энг чекка, олис ҳудудлардаги кўмакка муҳтож, имконияти чекланган инсонларнинг ҳам яқин ёрдамчисига айланди.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги кўмакка эҳтиёжманд шахсларнинг ижтимоий ҳимояланиш механизмини маҳалла даражасида ташкил этиб, комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишда юксак самараларга эришмоқда. Аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олишга, шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириб, кўмакка муҳтож қатламнинг ижтимоийлашувини таъминлашга хизмат қилмоқда.  

Узун Сурхондарё вилоятининг энг чекка тумани. Боботоғ эса Узун туманининг энг олис ҳудуди. Туманда 59 маҳалла бор. Уларнинг тўрттаси қўшни давлат билан чегарадош Боботоғ массивида жойлашган. Олис тоғли массивдаги маҳаллаларда 16 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Тоғ қўйнида яшаётган бу юртдошларимиз орасида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар, ногиронлиги бор шахслар истиқомат қилмоқда. Шу пайтгача уларнинг айримлари ўз дарду ташвишини айтиш учун олис йўл босиб, туман марказига келишга ёки яқинлари орқали етказишга мажбур бўлаётган эди. Эндиликда маҳаллаларнинг ўзида бундай инсонлардан ҳол-аҳвол сўраб турадиган, дардини эшитадиган ходим бор. Ногиронлиги бор маҳалладоши реабилитация воситасига эҳтиёж сезса, ижтимоий ходим дарҳол етказиб беради. Ўзига мос иш топишига ҳам кўмаклашади. Бундай эътибор уларнинг жамиятимизда барча билан тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга эканини чуқур ҳис этиб яшашига замин яратмоқда.  

Боботоғ  бундан беш-етти йил аввалги эътибордан бироз четда қолган ҳудуд эмас. Олис ва чекка массив йилдан-йилга ривожланиб, обод ва фаровон массивга айланмоқда. Боботоғ давлат ўрмон хўжалиги ерлари ижарага берилиб, одамларнинг даромад манбаи яратилаётир. Янги ерлар ўзлаштирилиб, ҳудуд иқлимига мос озиқ-овқат экинлари парваришлаш йўлга қўйилмоқда. Пистазорлар барпо этилаяпти. Саноат ва хизматлар кўрсатишни, тиббиёт ва таълим соҳасини юксалтиришга эътибор кучайтирилмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 17 февралдаги “2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишлар натижадорлигини оширишга хизмат қилаяпти.

Одамларининг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун алоҳида аҳамият берилаётган чекка ҳудуддаги маҳаллаларда аҳоли билан ишлашнинг ўзига хос механизми яратилиб, уларнинг муносиб турмуш кечиришини, яратилаётган шароитларга мос яшашини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Фахриддин Жўраев қиёфаси тубдан ўзгараётган массивдаги Янгиобод ва Толтўғай маҳаллаларида ижтимоий ходим вазифасида ишлайди. Янгиободдаги 519 хонадонда 2 минг 698 , Толтўғайдаги 1 минг 48 хонадонда 5 минг 538 киши яшайди. Янгиободда 59, Толтўғайда 127 нафар ногиронлиги бор шахс истиқомат қилмоқда. Янгиободда 57, Толтўғайда 310 оила кам таъминланганлар нафақасини олади. Янгиободда 1, Толтўғайда икки нафар ногиронлиги бор шахс ишга жойлашиш истагини билдирган. Ёки икки маҳалладаги 1 минг 567 хонадонда 8 минг 236 киши истиқомат қилади. Уларнинг 1 минг 322 нафари “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган. 713 нафар нафақа олувчининг 24 нафари 18 ёшгача ногиронлиги бўлган ўғил-қизлардир.

–Ўтган йил иш бошлаган илк кунларимдан уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон ҳолатини ўргандим, –дейди Узун тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг маҳалладаги ижтимоий ходими Фахриддин Жўраев. –Уларнинг иқтисодий аҳволини таҳлил қилдим. Кўмакка муҳтожларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритдим. Бу кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлашда муҳим омил бўлмоқда. Ногиронлиги бор шахсларни ҳам аниқлаб олдим. Ҳозир улар билан манзилли ишларни олиб бормоқдамиз, Мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида маҳаллада яшовчи аҳолининг ижтимоий муаммоларига ечим топаяпмиз.

Боботоғда бошланган бундай хайрли ишлар ногиронлиги бор шахсларнинг оворагарчиликлари ва ортиқча харажатларига чек қўйиб, муаммолари тезда ҳал бўлишига кўмаклашмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ижтимоийлашувига муносиб ҳисса қўшиб, уларнинг ҳамиша давлат ҳимоясида эканига ишонч ҳиссини оширмоқда.

Дунё шундай яралганки, айрим кишиларни кутилмаганда ҳаёт синовлари тоблайди, улғайтиради. Ана шу синовларга дош берган, у билан курашиб яшаган кишининг иродаси мустаҳкам бўлади. Ўз вақтида зарур кўмак олса, ҳаётга интилиши янада ошади. Мавжухол Баратова бундан етти йилча муқаддам тақдир тақозоси билан ўнг буйрагидан ажралди. Аниқроғи, буйраги жарроҳлик йўли билан олиб ташланди. 2-гуруҳ ногиронлиги тайинланди. Орадан йиллар ўтиб полиартрит касалига ҳам чалинди. Ўтган йили юрагида нуқсони борлиги маълум бўлди. Хонадонларни уйма-уй ўрганаётган Фахриддин Жўраев ўтган йилнинг куз фаслида бу оилада бўлиб, Мавжухол Баратованинг муаммоларини тинглади. Унга далда бериб, Узун тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, туман тиббиёт бирлашмаси ва ҳудуддаги патронаж ҳамширалар ҳамкорлигида тиббий кўрик ташкил этди. Амалдаги тартибга мувофиқ шифокорлар назоратига олиниб, доимий бепул дори-дармон етказиб бериладиган бўлди. Ижтимоий ходим ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар кўмагида унинг хонадонини ҳар 40-45 кунда бепул маиший газ баллон билан таъминлаш йўлга қўйилди.  

Янгибод маҳалласида яшайдиган Баҳодир Норбоев бу йил 30 ёшни қаршиламоқда. Тўрт йил илгари тоғда бехосдан заҳарли илон чақиши уни ҳаёт синовларига дуч қилди. Чап оёғининг сон суяги ампутация қилиниб, иккинчи гуруҳ ногиронлиги белгиланди. Протез ортопедия маҳсулотлари ва қўлтиқ таёқ билан таъминланган. Уч йил бурун вилоят ҳокимлиги ҳомийлик маблағлари ҳисобидан унга 4 хонали уй қуриб берилган.  

Синовларни енгиб ўтаётган Баҳодир ўзи мустақил меҳнат қилиб, рўзғор тебратиш истагини билдирди. Унинг ўзини ўзи банд қилиши учун ижтимоий ходим таклифи билан моторолёр олиб берилди. У шу техникани бошқариб, кунига 100 минг сўмгача даромад топмоқда. Қўлтиқ таёғи янгисига алмаштирилди. Турмуш ўртоғи оилага қўшимча даромад келтириши учун минипеч билан таъминланди. Бу хонадонда энди боботоғликларга турли ширинликлар ҳам тайёрлаб берилмоқда.  

–Жамиятимизда ҳеч ким эътибордан четда эмаслигини ҳис этиб яшаяпмиз,–дейди Баҳодир Норбоев.–Тақдир синовларини енгиб яшашимда давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрликларнинг ўрни беқиёс. Менимча, инсон ҳар қандай шароитда ҳам ўз устида ишлашдан, ўқиб-ўрганишдан тўхтамаслиги лозим. Шундагина имкониятларимиз кўлами кенгаяверади. Масалан, мен ёшлигимда машҳур футболчи бўлишни орзу қилар эдим. Тақдир менга шу шу синовларни берган экан, тўхтамадим.  Имконсизликдан имкон топишга ҳаракат қилдим. Кучли бўлишга, матонат, метин иродали бўлишга интилдим. Мана, кунлик даромадим бор. Турмуш ўртоғим билан икки нафар ўғлимизни ҳеч кимдан кам қилмай улғайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Келажакда улар катта майдонларда тўп суриб, менинг болаликдаги орзуларимни рўёбга чиқаради, деган умиддаман.

Осмонўпар тоғлар қўйнидаги олис ва чекка массивда қиш фаслининг оппоқ тонги отади. Субҳидамдан ҳудуддаги ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бор инсонлар кўнгли хотиржам уйғонади. Чунки, эндиликда уларнинг ҳолидан хабар олиб, дарду ташвишини тинглайдиган, муаммоларини ечиб берадиган давлат вакили Боботоғдан юз чақиримча узоқ туман марказида эмас, шу ернинг ўзида яшайди. Буларнинг барчаси “Инсон–жамият –давлат”, деган эзгу тамойилнинг амалдаги самараларидир.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири