French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ходим давлат мукофотига сазовор бўлди
12:15 / 2026-03-10

Бугунги кунда юртимизда ижтимоий ҳимоя соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ҳар бир маҳаллада нафақат моддий ёрдам, балки инсонлар ҳаётини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, ногиронлиги бор фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнларда маҳалла фаоллари ва ижтимоий ходимлар алоҳида аҳамиятга эга.

Навбаҳор туманидаги Бешработ маҳалласида фаолият олиб бораётган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Зарнигор Азимова ҳам ана шундай шижоатли ходимлардан биридир. Гарчи у турли соҳаларда 11 йилдан буён фаолият олиб бораётган бўлса-да, аллақачон ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган. 2024 йилдан буён эса ижтимоий ходим лавозимида ишлаб келмоқда.

Сўнгги икки йил давомида унинг ташаббуси натижасида 54 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга хизмат кўрсатилди. Шу билан бирга 50 нафарга яқин ногиронлиги бор шахслар реабилитация жараёнига жалб қилинди. Улар адаптив спорт турлари ва бошқа ижтимоий фаолиятларда иштирок этиш имконига эга бўлди. Бандлик ва таълимга жалб қилиш орқали маҳалла аҳолиси ижтимоий фаолликка кенг жалб этилди. Бу эса бугунги ислоҳотларнинг амалий самарасидир.

У нафақат иш жараёнида, балки турли тадбирларда ҳам фаол иштирок этади. Зарнигор 2025 йилда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўтказилган “Энг фаол ижтимоий ходим” кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлиб, республика босқичида эса 2-ўринни қўлга киритди. Июнь ойида Грузиядаги малака ошириш курсларида қатнашиб, халқаро тажриба орттириб қайтди. Бу тажриба маҳалладаги фаолиятни янада самарали қилишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, у Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Энг яхши кейс менежери” мукофотига сазовор бўлган.

Ижтимоий ғамхўрлик фақат давлат сиёсати эмас, балки ҳар бир инсоннинг амалий фаолияти орқали ҳам рўёбга чиқади. Маҳалладаги ҳар бир фаоллик, муваффақиятда З.Азимова каби ходимларнинг алоҳида ҳиссаси бор.  

Мамлакатимизда юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида қилинган меҳнат, илгари сурилган ташаббуслар доимо қадрланган, қўллаб-қувватланган ва давлатимиз томонидан алоҳида эътироф этиб келинади.

Яқинда Зарнигор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Бу баҳо эса ижтимоий ходим меҳнатига берилган муносиб баҳодир.

А Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари