Сирдарё вилоятининг Ховос туманида ногиронлиги сабаб рўйхатда турган 3 455 нафар фуқарони қўллаб-қувватлаш, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 368 нафар шахс қайта тиббий кўрикдан ўтказилди, 18 нафарига реабилитация хизмати кўрсатилди, 223 нафари эса иш билан таъминланди.
Шунингдек, 319 нафар фуқарога 438 миллион сўмлик протез-ортопедия ва реабилитация қилишнинг техник воситалари етказиб берилди.

Бундан ташқари, 1 464 та кам таъминланган оила моддий ёрдам ва коммунал тўловлар учун компенсация, 257 нафар ёлғиз кекса тиббий-ижтимоий хизматлар, 839 нафар ногиронлиги бўлган шахс махсус ёрдам билан қамраб олинди. 343 нафар зўравонликка учраган фуқаро ҳамда 48 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

– Бугунги кунда ҳар бир мурожаат — бир инсон тақдири, бир оиланинг дарди. Биз ҳар бир фуқаронинг муаммосини ўз муаммомиздек қабул қилган ҳолда иш тутамиз, – дейди “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Бунёджон Мамарасулов. – Олиб борилаётган ишлар натижасида кўплаб фуқароларнинг ҳаётида ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Масалан, оилаларнинг иқтисодий аҳволи яхшилангандан сўнг улар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”дан чиқариляпти. Бу ҳам тизим самарадорлигидан далолат беради.

Ҳақиқатдан ҳам, таҳлилларга кўра, 413 та оилада даромад манбалари яхшиланиб, улар реестрдан чиқарилган. Бу орқали давлат бюджетидан тахминан 500 миллион сўм тежалган. Президентнинг 2025 йил 2 апрелдаги "Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида июнь ойида 4 401 та ариза қабул қилиниб, 276 та оиланинг ҳар бирига 5 миллион сўмлик компенсация тўлаб берилган.
Ёлғиз яшовчи 63 нафар фуқарога ҳар ой 269,5 соатлик ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда. Уларга ҳужжатларни расмийлаштириш, яқинлари билан алоқаларни тиклаш каби масалаларда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

– Одамларнинг нафақат моддий эҳтиёжлари, балки руҳий ҳолати, жамиятда ўзини керакли ҳис этиши ҳам биз учун муҳим, – дея таъкидлайди Б. Мамарасулов. – Шу боис хизматларимизни нафақат кенгайтиряпмиз, балки инсон қадрига мослаштиряпмиз. Сўнгги ислоҳотлар доирасида 5 турдаги — уйда ижтимоий-маиший хизмат, кундузги парвариш, тиббий реабилитация, шахсий ёрдамчи тайинлаш каби хизматлар амалиётга жорий қилинди.
Туманда 220 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола рўйхатда бўлиб, 2025 йил охирига қадар улардан 11 нафари уй-жой билан таъминланиши режалаштирилган. Ҳозиргача 1 нафар бола учун уй харид қилинди. “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури доирасида 44 нафар болага таълим, тиббиёт ва касб-ҳунар соҳаларида кўмак кўрсатилди.
“Инсон” маркази олдидаги энг муҳим вазифалардан бири — хизмат сифатини ошириш ва энг муҳтож тоифаларни аниқлаш, улар билан ишлашнинг самарадор моделини шакллантиришдан иборат.
– Йил охиригача Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 майдаги "Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан 96 нафар ёлғиз кексани янги хизмат турлари билан қамраб олиш, 20 нафар ногиронлиги бўлган шахсни иш билан таъминлаш ва 100 нафар фуқарога реабилитация воситаларини етказиб беришни режалаштирганмиз. Шу билан бирга, 1 270 та оиланинг ҳолатини қайта ўрганиб чиқамиз, – дея маълум қилади Б. Мамарасулов – Энг муҳими, биз одамларнинг муаммосини ечиш билан чекланмай, уларнинг яхши ҳаёт кечиришлари учун кўмаклашишга интиляпмиз.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, аҳолининг реал эҳтиёжларига йўналтирилган, адолатли ва манзилли ижтимоий ёрдам сиёсати туманда ижобий ўзгаришларга замин яратмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири