Ватан ҳар бир фуқаронинг энг муқаддас қадрияти, уни ҳимоя қилиш эса ҳар бир жамият аъзосининг бурчи ва фахридир. Ҳар йили 14 январь куни бутун мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланади. Бу сана нафақат ҳарбийлар, балки барча фуқаролар учун Ватанга садоқат ва масъулиятни яна бир бор эслатади.
Мазкур кун муносабати билан Энергия самарадорлиги миллий агентлигида давра суҳбати ташкил этилди.
Агентлик масъуллари ва мутахассислари иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, бу каби мулоқотлар Ватан ҳимоячилари ва фидойи фуқароларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини кенг ёритиш, уларнинг жасорати ва садоқатини ёдга олиш ҳамда янги авлодни ватанпарварлик ҳисси билан тарбиялашга қаратилган.
Давра суҳбатида иштирокчилар Ватанга садоқат, бурч ва масъулият тушунчаларини чуқур муҳокама қилди. Уларнинг сўзларига кўра, Ватан ҳимоячилари нафақат мамлакат мудофаа тизимида, балки иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларда ҳам фидойи хизмат қилади. Шунингдек, барқарор тараққиёт ва тинчликни сақлашда ҳар бир фуқаронинг ҳиссаси муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
Агентлик ходимлари, шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этишда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, энергия самарадорлиги ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш орқали мамлакат хавфсизлиги ва барқарор тараққиётга қўшилаётган ҳиссани муҳокама қилди. Ҳар бир ходим ўз жойида самарали ишлаб, энергияни тежаш ва замонавий технологиялардан тўғри фойдаланиши натижасида иқтисодий барқарорлик ва тинч ҳаётни таъминлашда муносиб ҳисса қўшиши зарурлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда кўзга чиққанлар Ватан ҳимоячиларига чуқур ҳурмат ва миннатдорлик билдирди. Улар тинч ва осойишта ҳаётни асраш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини таъкидлаб, Ватанга садоқатлиликни ҳамиша юксак қадрият сифатида сақлаш лозимлигини урғулаб ўтди. Шунингдек, бундай маънавий-маърифий учрашувлар ходимларнинг ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш ва уларни барқарор тараққиёт йўлида фаол ишлашига туртки беради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА