Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий ташаббус: болажонлар келажаги учун муҳим қадам
19:07 / 2026-02-05

Республика ихтисослаштирилган оналик ва болалик саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиалида таълимга жалб этиш имконияти чекланган Даун синдромли болаларни жамиятга интеграция қилиш, уларни кундузги парвариш асосида таълим ва реабилитация хизматларига жалб этиш ҳамда инклюзив муҳитни шакллантиришга қаратилган тадбир ташкил этилди.

Мазкур тадбир Президентимиз томонидан 2025 йил 18 декабрда имзоланган “Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида ўтказилди. Унда Гулистон шаҳридаги собиқ болалар шаҳарчаси ўрнида очилиши режалаштирилаётган Ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази ва унинг доирасида йўлга қўйиладиган реабилитация, абилитация, физиотерапия, даволаш-жисмоний тарбия ҳамда парваришлаш хизматлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар ҳам тақдимот шаклида жамият эътиборига ҳавола қилинди.

Марказнинг генетик шифокори Отабек Султонов, тадбиркор Хуршида Абдуғафурова ҳамда соҳанинг мутахассислари болаларнинг оналари ва яқинларига кундузги парвариш хизмати, унинг афзалликлари ҳамда Гулистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган ихтисослаштирилган марказ ҳақида батафсил тушунтиришлар беришди.

– Мазкур қарорга мувофиқ, Гулистонда ташкил этилаётган Ижтимоий хизматлар марказида  ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар ҳамда оғир ҳаётий вазиятдаги болаларга комплекс хизматлар кўрсатилади, – деди Хуршида Абдуғафурова. – Шунингдек, ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларни тўғри парваришлаш бўйича оила аъзолари ва парвариш билан банд шахсларнинг кўникмалари мустаҳкамланади. Оғир ҳаётий вазиятдаги болаларнинг ижтимоий мослашуви таъминланади, уларга психологик-педагогик, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар тақдим этилади.

Ҳудудий марказлар реабилитация, абилитация, физиотерапия, даволаш-жисмоний тарбия ҳамда парваришлаш хизматларини кўрсатади. Бу жараёнда нодавлат ташкилотлар, тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳам фаол иштирок этиши мумкин. Ижтимоий хизматлардан имтиёзли шартларда фойдаланиш “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари йўлланмаси асосида амалга оширилади. Йўлланмалар экстерриториал принцип асосида расмийлаштирилади ва барча хизматлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг электрон тизими орқали назорат қилинади.

– Сирдарёда Даун синдромли, кундузги парвариш ва инклюзив таълимга муҳтож болажонлар сони 100 нафардан ортиқ, – дейди генетик шифокор Отабек Султонов. – Агар уларнинг тарбияси ва ривожи ҳақида бугун қайғурмасак, қачон қайғурамиз? Афсуски, кўп болалар тенгқурларидан ортда қолиб кетмоқда. Янгидан ташкил этилаётган марказ эса ана шу бўшлиқни тўлдириш ва уларнинг имкониятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Бугун тадбир давомида оналар ва яқинларга зарур тавсия ва амалий маслаҳатлар берилди.

Тадбир иштирокчилари Давлатимиз раҳбарининг бундай эътиборини болажонлар келажаги ва уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, ўзларининг миннатдорчиликларини билдиришди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири