Ижтимоий тармоқлар орқали хорижга ишга жойлаштириш хизматларини реклама қилиш сўнгги пайтларда кенг тарқалмоқда. Бироқ бундай хизматлар қонунчиликда белгиланган лицензия ва рухсатномаларсиз таклиф этилса, фуқаролар ҳуқуқлари ва хавфсизлигига жиддий таҳдид туғдиради. Шу боис, реклама бозорида қонунийликни таъминлаш ва ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш мақсадида Рақобат қўмитаси томонидан доимий равишда ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган рекламани амалдаги реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Олиб борилган ўрганишларда "Crystalvisa Consulting" МЧЖ, "Humo Group Central" МЧЖ ҳамда “Compony B2B” МЧЖлар томонидан ижтимоий тармоқларда тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда хорижга ишга юбориш хизматлари реклама қилингани аниқланди.
"Реклама тўғрисида"ги қонуннинг 16-моддасига кўра, ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилиш тақиқланади.
Юқоридагиларга асосан, Қўмита Махсус комиссияси томонидан "Crystalvisa Consulting", "Humo Group Central" ҳамда “Compony B2B” МЧЖлар ўз ҳаракатларида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган деб топилиб, уларга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА