Қарши халқаро аэропорти ижтимоий тармоқларда самолёт ўт олмагани ва йўловчилар самолёт ичида иссиқда қолиб кетгани ҳақидаги видео юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
2021 йилнинг 5 июнь куни Россиянинг “Royal Flight” авиакомпанияси Қарши халқаро аэропортидан йўловчиларни ABG-2604 рейси билан Қарши – Домодедово йўналиши бўйича олиб кетиши режалаштирилганди. Соат 13:32 да “Royal Flight”нинг Boeing-767-300 русумли самолёти Қарши халқаро аэропортига келиб қўнди. Унга барча техник ва сервис хизматлари кўрсатилгач, соат 16:10 да йўловчилар самолётга чиқариб бўлинди.
Бироқ республикада кузатилаётган аномал иссиқлик туфайли самолётнинг асосий ва қўшимча двигателлари қўшилмай қолди. Самолёт компьютери параметрларини қайта териш ва бир неча бор двигателларни қўшишга қайта уринишлар ҳам иссиқнинг ҳаддан зиёд кучайиши оқибатида самара бермади. Асосий ва қўшимча двигателларни ишга тушириш имкони бўлмагач, табиийки, самолётнинг кондиционер тизими ҳам ишламади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, халқаро фуқаро авиацияси қоидаларига кўра, йўловчилар самолётга чиқарилиб, ҳаво кемаси эшиклари ёпилгач, йўловчилар хавфсизлиги бўйича барча қарорлар самолёт экипажи командири томонидан қабул қилинади. Экипаж командири йўловчилар бортни тарк этиши ва парвозни тунги вақтга кўчириш бўйича қарор қабул қилгач, йўловчилар зудлик билан самолётдан туширилди ва уларга аэровокзалда барча зарур шароитлар яратиб берилди.
Йўловчиларнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабар келиб тушмаган.
Самолёт 6 июнь куни тонгги соат 04:54 да ҳеч қандай носозликларсиз белгиланган манзилга жўнаб кетди ва 329 нафар йўловчи Москвага соғ-саломат элтиб қўйилди.
ЎзА