Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий тармоқлар радикал ғояларга қарши қудратли восита
14:41 / 2025-12-17

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар ахборот олиш, мулоқот қилиш ва фикр алмашишнинг энг қулай воситасига айланди. Улар ёшлар ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди. Бироқ бу платформада ижобий имкониятлар билан бир қаторда зарарли, бузғунчи ғоялар ҳам кенг тарқалмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, радикал гуруҳлар ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланиб, ёшларни алдов ва манипуляция йўли билан ўз ғояларига жалб қилишга уринади. Улар сохта адолат, ёлғон диний тушунчалар ва ҳиссиётга таъсир қилувчи чақириқлар орқали инсон онгини заҳарлайди. Бундай ғоялар жамият тинчлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдид солади.

Ёшлар жамиятнинг энг фаол ва таъсирчан қатлами саналади. Шу боис уларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш ва онгида радикал қарашларга қарши иммунитет шакллантириш устувор вазифа ҳисобланади. Бу борада оила муҳитининг соғломлиги, ҳуқуқий билим ва онгнинг ривожланганлиги, таълим сифати, маънавий-маърифий ишлар, ижтимоий фаоллик ва бандлик ҳамда ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш маданияти муҳим аҳамият касб этади.

Ижтимоий тармоқлардан онгли ва масъулиятли фойдаланиш ахборотни таҳлил қилиш, манбасини текшириш ва сохта хабарларни фарқлай олиш имконини беради. Бу кўникмалар ёшларни радикал ғоялар таъсиридан ҳимоя қилади, танқидий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлардан тўғри ва онгли фойдаланиш ёшлар онгида радикал ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришда асосий восита ҳисобланади. Оила, таълим муассасалари ва жамоатчилик ҳамкорлигида бу борада тизимли ишлар олиб борилса, жамиятда тинчлик, барқарорлик ва ижтимоий розиликни таъминлаш имкони яратилади.

Фарангиз Салоҳиддинова,

Гулистон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Терроризмга

қарши курашиш хизмати тезкор вакили, лейтенант

ЎзА