Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий тармоқ орқали шилқимлик қилган шахс қамалди
19:39 / 2025-12-10

Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида истиқомат қилувчи аёл Б.Б. “Instagram” ижтимоий тармоғида ўзининг саҳифасини юритади. У ижтимоий тармоқ орқа танишлари ёки дўстлари билан хабар ёзишиб туради. Баъзан нотаниш аккаунт(ижтимоий тармоқда профил эгаси)дан ҳам турли хабарномалар келиб турарди. Кунларнинг бирида Б.Б.га М.М. исмли эркак номидан очилган аккаунтдан хабарнома келди. Бироқ Б.Б. не кўз билан кўрсинки, мазкур хабар шаҳвоний тусда бўлиб, беҳаё ва уятсиз мазмунда эди.

Ушбу мазмундаги хабарни олган Б.Б. ўзининг қадр-қимматини таҳқирланган деб ҳисоблаб, “Instagram” ижтимоий тармоғидаги ушбу профил эгасининг устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилди.  

Аниқланишича, Б.Б. га ушбу уятсиз мазмундаги хабарномани 1979 йилда Урганч туманида туғилган фуқаро М.М. жўнатган бўлиб чиқди.  

Урганчлик  46 ёшли эркак ўзича эркалик деб ўйлаб, ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширган бундай  ҳатти-ҳаракатлари охир-оқибат қонун олдида жавобсиз қолмаслигини наҳотки билмаган бўлса?  

У янгибозорлик фуқаро Б.Б.нинг тинчлигини бузиб, “Instagram” орқали шаҳвоний мазмундаги, инсоний қадрни ерга урадиган сўзлар билан мурожаат қилган. Бир қарашда оддий бир виртуал хабардек туюлган бу таҳқирловчи жумлалар аслида виртуал маконда ҳам, жамиятимизда ҳам инсон шаънига қадалган нўноқ мих каби ҳунук из қолдиради.

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судида  шу туманда яшовчи 1979 йилда туғилган фуқаро М.М. Янгибозор туманида яшовчи фуқаро Б.Б.га “Instagram” ижтимоий тармоғи орқали шаҳвоний тусдаги хабарлар юбориб, унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаганлиги Урганч тумани ИИБ ходимлари томонидан аниқланиб, ҳужжатлаштирилган ҳолат юзасидан М.М. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

–Шаҳвоний шилқимлик  бу шахснинг хоҳишига қарши равишда жинсий мазмундаги босим, ишора, мулоқот ёки жисмоний тегиш орқали уни безовта қилишдир,– дейди Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг раиси Иномжон Усмонов. – У ўзига хос зўравонлик тури ҳисобланиб, одамнинг шаъни, қадр-қиммати ва хавфсиз муҳитига жиддий зарар етказади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида шаҳвоний шилқимлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик тўғрисида жазо чоралари белгиланган бўлсада, афсуски, бундай ножўя хатти-ҳаракатларнинг учраётганлиги ачинарли ҳолатдир.

Дарҳақиқат, бундай ножўя хатти-ҳаракатлар жабрланувчини қўрқувга солади, ишончи ва ўзини ҳимоя қилиш ҳиссини йўқотишига, руҳий травма олишига, айниқса, иш муҳитида рўй берганда, ходимнинг меҳнат самарадорлиги пасайиши, ўқиш жараёнида бўлса, таълим сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Шу сабабдан ижтимоий тармоқ ёки бошқа электрон платформалардан фойдаланаётганда бугунги рақамлашган замонда интернатдаги ҳар бир хатти-ҳаракат ўзидан из қолдиришини, кимгадир ножўя хабарномани жўнатишдан олдин эса бунга ҳам қонуний жазо муқаррар эканлигини унутманг.  

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири