Ижтимоий тармоқларда: беқадр инсон, мазах бўлган қиёфа
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда қайси мавзудаги баҳсларни ўқиманг юрт ҳақида, бўлаётган ислоҳотлар, шукроналик ҳақида фикр билдирган одам борки, унга “тролл” деган тамға ёпиштирилмоқда.
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда қайси мавзудаги баҳсларни ўқиманг юрт ҳақида, бўлаётган ислоҳотлар, шукроналик ҳақида фикр билдирган одам борки, унга “тролл” деган тамға ёпиштирилмоқда.
“Танқид келажак меваси” деганларидек, келажагимиз мевасиз қолиб кетган эканки, бугун жуда катта-катта муаммолар қуршовидамиз. Уларни бартараф этиш учун яна 20 йиллар керак бўлади. Аммо бу дегани фақат танқидга зўр бериш, бўлаётган ислоҳотлардан бир йўла кўз юмиш дегани эмас.
Ўтган йили бир қизнинг Ватан мадҳи ҳақида берилиб шеър айтган видеосини кимдир ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборди. Бу эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан жуда салбий кутиб олинди. Қиз маддоҳдан олиб маддоҳга, “пахтачи”дан олиб “пахтачи”га айлантирилди. Унга отилган таъна тошлари, ҳақоратларни ўқиб капалагингиз учади. Наҳотки, мана шу ҳақоратли гапларни гапираётганлар, унинг ҳатто онасини сўкаётганларнинг опаси-синглиси, қизлари бўлмаса, деб ўйлаб қоласиз. Айни пайтда бу қизнинг сурати маддоҳлик ёки пахтакор деган тамға билан, афсуски, гифга айланди. Изоҳ ёзаётганлар кимнидир маддоҳликда айбламоқчи бўлса, мана шу қизнинг видеосини ёки суратини қўяди. Бу бир инсонни очиқ-ойдин ҳақорат қилиш эмасми? Жабрланувчи мана шу одамларни бирма-бир судга бериши ҳам мумкин-ку! Бир сурат ортида бир инсон тақдири, унинг келажаги, қариндошларининг шаъни борлиги эса ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ. Бу қизни маддоҳ дея ҳатто лаънатлаётганлар ўзлари инсофсизлик қилаётганини, инсонийликдан узоқлашиб кетаётганнини билишармикан? Шеър айтиш асносида маддоҳлик қилаётганини англаб етмаган бу ҳамюртимизнинг ўша кунлари кўнглидан нималар ўтган экан? Энг ачинарлиси, бу унинг қалбида бир умр қора доғ бўлиб қолди!
Масъул раҳбарларнинг, яъни раҳбар элитасининг бирортаси қандайдир йиғилишда айтган фикри чақин тезлигида интернетга тарқалиб кетмоқда. Айтилаётган фикрларнинг ичида, албатта, халқнинг ғашига тегадигани, ўйламай прогноз қилинганлари ҳам бор, лекин аксарият ҳолларда айтилган фикрнинг боши ва охири қирқилган ҳолда, яъни контекстдан юлинган ҳолда берилмоқда. Ахир, айтилган фикрнинг муқаддима ва хулосаси бўлмасдан туриб қандай хулоса чиқариш мумкин? Бугунги ҳолатни кузатиб, назаримда, ҳамма бирор раҳбарнинг “қовун тушириши”ни пойлаб тургандек, қовун тушдими, улоқни олиб қочишга шайлангандек таассурот қолади одамда.
Бугун журналист ва блогерларга кўпчилик катта ишонч билдириб турибди. Улар туфайли баъзи муаммолар барҳам топмоқда. Аммо, ҳаёт фақат ҳокимларни аёвсиз танқид қилиш билан яхшиланиб қолмайди. Биз, журналист-у блогерлар ўзбек сегментини ижтимоий тармоқларда бошқараётганимизни, уларда ижтимоий фикрни шакллантираётганимизни унутмаслигимиз керак. Масалан, айнан бирор масъул раҳбар ёки депутатнинг “қовун тушди фикр”и омма ўртасида муҳокама қилинаётганда ундан ҳам муҳимроқ ва долзарброқ мавзуни кўтариб чиқсанг, бу ҳеч кимни қизиқтирмайди. Чунки барча бирдек ўша тренд мавзу билан ўралашиб ётган бўлади. Баъзида канал аъзоларини кўпайтириш учун ҳам тренддаги мавзуга ҳар томонлама ёндашилади.
Бошқа мамлакатларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини кузатсангиз, ўзгача манзарага гувоҳ бўласиз. Уларда ҳам трендга чиққан мавзулар бўлади. Аммо блогерлару журналистлар ҳар бири ўз позициясида кетади. Ҳар хил мавзуларда ёзишади. Яъни уларда хилма-хиллик мавжуд. Шунда англадимки, одамларнинг сиёсий онги юксалиши, дунёқараши кенгайиши, баҳс-мунозараларда фаол ва холис бўлишида мавзунинг турличалиги жуда муҳим экан. Ўзбек сегментида айнан ҳокимлар, айнан депутатлар, айнан талабалар билан боғлиқ бўлган каналларнинг фойдаланувчилари кўп. Аммо табиат, экология, болалар тарбияси, оилавий ҳаёт ҳақидаги каналлар аъзоларининг сони жуда кам. Айниқса, “Раҳмдил бўл” ёки “Оила ҳаёти” каби каналларнинг аъзолари 500 нафарга ҳам етмайди. Ваҳоланки, айнан шу мавзулар ҳаётимизнинг бир бўлаги эмасми ахир!
Яқинда Туркияда Нодира Қодирова ўлими билан боғлиқ воқеалар ҳатто турк матбуотини ҳам бефарқ қолдирмади. Аммо бирорта на блогернинг каналида, на матбуотда бу ҳақда ёзилди. Ёки 700 дан зиёд ҳимоясиз жониворлар учун етимхона очган Ирода Маткаримованинг қилаётган ишлари ҳам тренд мавзуга айланиши мумкин. Ҳаёт фақат сўконғич ҳокимдан, бешафқат шифокордан, болани калтаклайдиган ўқитувчидан иборат эмас. Уларни бунёд қилаётган асосий омиллар инсонийлик ва олижаноблик ҳам шу бугуннинг мавзуси. Одамнинг ҳаётига зарра ичи ачимаган шифокор ёшликда ҳайвонга муҳаббат қўймагандир? Масалан, Ирода Маткаримова меҳр кўрсатаётган 700 дан ортиқ кучук агрессив эмас. Нега? Ирода уларнинг ҳар бири билан инсонга қилгани каби муомалада бўлади, бирортасини жеркиб ёки сўкмайди. Бу сўконғич раҳбарлар учун ўрнак эмасми? Яхши гап, яхши сўз билан ҳатто ҳайвоннинг ҳам кўнглига йўл топа олаётган Ирода каби инсонларни бугунги кун қаҳрамонига айлантиришимиз керак эмасми? Кучуклар етимхонасига яқинда мактаб болаларининг саёҳати уюштирилди. Шу сабаб ўқувчилар орасида илк бор ҳайвонга меҳр қўйганлар бор. Мана шуларни шов-шув қилиш ва халқни шундай мавзуларга қизиқтириш керак, менимча.
Яқинда итларни заҳарлаб ўлдириш билан боғлиқ воқеаларга жуда кўпчилик салбий муносабатини билдирди. Ўша вилоятнинг ҳокими, масъул раҳбарлари қораланди. Яъни тош фақат яна масъул раҳбарларга отилди. Улар ҳақорат қилинди… Аммо нега “Қизил китоб”га киритилган жайронларни ўлдирадиган, кучукларнинг кўзини ўйиб оладиган даражада ваҳший бўлиб кетаётган одамлар ҳақида деярли муҳокамабоп мавзулар ёритилмайди?! Чунки халқ бундай мавзуларни муҳокама қилишга тайёр эмас. Уларни мана шундай мавзуларга қизиқтириш, ижтимоий фикрни шакллантириш бот-бот ёзавериш орқали амалга оширилади ва бунда журналисту блогерларнинг ҳиссаси жуда катта.
Менинг назаримда, бугун жамиятда келиб чиқаётган нохуш ҳолатларнинг омиллари, сабаблари ўрганилиши ўрнига инсон қиёфасига, инсон шахсига тош отиш, қоралаш, ҳақоратлаш авж олиб кетаётгандек ва биз, ўзимиз билмаган ҳолда халқни қарғишга, ҳақоратга, сўкишга, бировни шарманда қилишга мазахўрак қилиб, қўяётгандекмиз. Гоҳида қўйилган мавзу унинг мазмун-моҳияти бир четда қолиб, объектнинг шахси, қиёфаси кулгу, ҳажв остига олиниши-ку жуда афсусланарли ҳол. Бир танишим “интернет одамни бир кунда машҳур қилиши ёки бир кунда бор обрўсини тўкиб беқадр қилиши мумкин” деганди.
Ростдан ҳам бугун инсон қиёфаси, шахс қиёфаси деган тушунчалар ўрнини беқадр инсон, мазах бўлган қиёфа атамаси олгандек. Яъни масхарабоз феномени яратилаётгандек. Ҳокимлар-у масъул раҳбарларни ҳажв қаҳрамонига, мемларга айлантириб лаззат олишга ўргатгандекмиз. Ва шу орқали мамлакатнинг иқтисодий аҳволи, кўпгина соҳаларда монополиянинг нега тугатилмаётгани, хусусий мулк дахлсизлиги таъминланмагани, мигрантлар сони кўпайса кўпаймоқдаки, озаймаётгани, тиббиёт ва таълим соҳасининг ҳамон оқсаётгани, қишлоқларда ҳаёт нега яхшиланмаётгани, электр, газ каби муаммолар барҳам топмаётгани каби масалалардан чалғитяпмиз.
Яна табиатга зарар етказаётганлар, ҳайвонларни бешафқат ўлдираётганлар, фарзандларига қўл кўтариб, уларни каналга отиб юбораётганларнинг иши ҳам ўша масъул раҳбарларникидан кам эмас. Мен шу пайтгача бирор каналда аёлларнинг, боланинг оилада зўравонликка учраётгани ҳақидаги мавзуларнинг асосий мавзуга айланганини кўрмадим. Агар бу ҳоким ёки депутат томонидан амалга оширилса, тренд мавзуга айланиши шубҳасиз.
Ижтимоий тармоқларни ўзимизга мослаштириб олдик. Энди бунинг биргина йўли мавзу хилма-хиллигига эътибор, бир хил мавзуга ҳар бир блогер ёки ҳар бир газета, журнал ёки интернет нашрлари кетма-кет мурожаат қилишини чеклаш лозим. Акс ҳолда, деворнинг нарёғида бўлаётган ишлардан бехабар қолишимиз, чалғишимиз, вақтни бой беришимиз ҳеч гап эмас…
Барно СУЛТОНОВА
Манба: «Ишонч» газетаси