Жамиятда стратегик фикрлаш, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқларига эҳтиром, масъулият ва ахлоқий меъёрларга амал қилиш хусусиятларини барқарор сақлаш, зарурат туғилганда, шакллантириш ва бойитиш тараққиётнинг энг муҳим шартидир. Нафақат давлат сиёсатини олиб бориш, балки хусусий сектор ташкилотлари – тижорат компаниялари, оммавий ахборот воситалари, ишлаб чиқарувчи корхоналардан тортиб таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, хизмат кўрсатиш соҳаларигача ижтимоий барқарорликни таъминлаш, жамият психологиясидаги сокинлик ва хотиржамлик кайфиятини сақлаш, шунингдек, режали, босқичма-босқич давом этадиган ишлаш тартибини жорий қилиш янги даврнинг зарурий хусусияти саналади.
Шу маънода жамиятни турли аспектлардан чуқур ўрганадиган, пайдо бўлаётган ҳар бир воқеликни тадқиққа тортадиган, сабаблар ва оқибатлар тўғрисида прогнозларни илгари сурадиган, мустаҳкам методологик ва методларга эга бўлган, иқтисодий жиҳатдан мустақил ва бақувват ижтимоий-маънавий тадқиқот институтлари фаолиятига жиддий эҳтиёж аллақачон юзага келган. Мазкур институтлар жамиятнинг турли тоифалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда, эҳтимолий муаммоларни аниқлашда, келадиган зарарларни камайтиришда, руҳий-ахлоқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-тарбиявий соғлом муҳитни барпо қилиш ва ҳимоялашда муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.
Ижтимоий тадқиқотлар институтлари фақатгина одамларнинг кайфиятини ўрганиш ёки муайян муаммоларни кун тартибига қўйиш билан чекланмайди, балки оила институти, қадриятлари тизими, ёшлар онгидаги ўзгаришлар, ишсизлик, малака етишмовчилиги, турли идора ва ташкилот ишчиларининг ўзаро муносабатлари, жиноятчиликнинг кўпайиши ёки камайиши омиллари, умуман олганда, мавжуд муаммоларни тизимлаштирган ҳолда аниқ статистик тадқиқот олиб бориб, тасдиқланган методология ва методлар асосида чуқур тадқиқотлар олиб бориш билан шуғулланади. Пировардида, таҳлиллар натижасида олинган хулосалар асосида тавсиялар ишлаб чиқилади; турли конференция, симпозиумларда бу муаммоларни ҳал қилиш, жамоатчилик иштирокида ечимларни амалиётга жорий этиш чоралари кўрилади.
Бу янгилик эмас, балки дунёнинг ривожланган давлатлари бу масалада катта тажрибага эга. Улардан айримларини келтиришимиз мумкин.
АҚШдаги Рew тадқиқот маркази. Ўз маълумотига кўра, марказ мустақил бўлиб, нотижорат, сиёсий бетараф, тарғиботдан холи, у сўровномалар, интервьюлар, рақамли маълумотлар, турли статистик ахборотлар асосида жамиятнинг бош масалаларини таҳлил қилиш билан шуғулланади ҳамда жамоат мулоқотини бойитиш ва тўғри қарорлар қабул қилиш учун фактлар, текширилган маълумотларни тақдим қилишни миссия сифатида қабул қилган.
Чикаго университетидаги NORC ташкилоти. Мустақил, бетараф бўлиб, ҳукумат, корпорация ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик олиб боради, кенг кўламли жамоатчилик сўровлари ўтказади. 80 йилдан буён фаолият олиб бораётган ташкилот жиддий тадқиқотлари билан танилган.
RAND Corporation. 1948 йилда ташкил этилиб, номи “Research AND Development” (тадқиқот ва ривожланиш) қисқартмасидан келиб чиққан. Даставвал АҚШ ҳарбий режалаштириш ва стратегияси учун илмий йўналтирилган тадқиқотлар билан шуғулланган ташкилот сиёсат, ижтимоий тадқиқот, глобал муаммоларни ўрганишга диққат қаратди.
National Centre for Social Research (NatCen). Буюк Британиядаги энг йирик мустақил, нотижорат ижтимоий тадқиқот ташкилоти бўлиб, 50 йилдан зиёд вақт мобайнида Британияда ижтимоий тадқиқотлар ўтказиб келмоқда. NatCen одамларнинг ҳақиқий фикр ва ҳаёт тажрибаларини ўрганиш орқали олиб бориладиган сиёсат ва кўрсатиладиган хизматлар жамият эҳтиёжларига мос бўлишига ҳисса қўшади. Аниқ маълумот тўплаш, таҳлил қилиш ва натижаларни тақдим этишда янги методларни қўллайди, жумладан мураккаб сўровлар ва инновацион ёндашувларни амалга оширади. NatCen ҳукуматлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, хайрия жамиятлари ва бошқа илмий даргоҳлар билан ҳамкорлик қилади ва уларнинг бошқарувдаги ёндашувлари шаклланишига жамоатчилик овози билан таъсир кўрсатади.
Max Planck Institute for the Study of Societies. Германиянинг Кёлн шаҳрида жойлашган нуфузли ижтимоий фанлар тадқиқот институти замонавий жамиятни бошқариш ва ижтимоий-сиёсий тизимларнинг ишлаш механизмларини чуқур ўрганади. Бозорлар, корпорациялар ва уларнинг тарихий, институционал ва маданий контекстларда қандай ўзгаришини таҳлил қилади.
Australian Institute of Family Studies. AIFS – Австралия оила, фарзандлар ва оилавий ҳаёт билан боғлиқ ижтимоий ёндашувларни ўрганадиган мустақил илмий тадқиқот институти бўлиб, оилавий ҳаётни яхшилаш, оилалар, фарзандлар, қариндошлик алоқалари ва ижтимоий хизматлар билан боғлиқ масалаларни илмий асосда ўрганади. Тадқиқотларга таянган ҳолда ҳукуматга ва жамоатчиликка тавсиялар ишлаб чиқиб, тақдим қилади. Оилавий муносабатлар ва фарзанд тарбиясидаги муаммоларни ҳал қилиш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш бўйича изланишлар олиб боради.
National Institute of Population and Social Security Research.
IPSS – Япониянинг Миллий аҳоли ва ижтимоий хавфсизлик тадқиқот институти 1939 йилда асос солинган Population Problems Institute ҳамда 1965 йилдан буён ишлаб келган Social Development Research Instituteни бирлаштириш натижасида 1996 йилда ташкил қилинган. Институт ижтимоий хавфсизлик соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боради ва жамиятнинг ҳозирги ва келгуси вазиятини комплекс таҳлил қилиш билан шуғулланади. Илмий изланишлар жараёнида аҳоли сони, ёш ва жинси, уйланиш ва ёлғиз яшаш тарзини танлаш билан боғлиқ демографик тенденцияларга диққат қаратади. Демографик таҳлил ва хулосалари ҳукумат сиёсати ва маҳаллий бошқарувни белгилашда жиддий эътиборга олинади.
Korea Institute for Health and Social Affairs.
KIHASA. Жанубий Кореяда соғлиқ, ижтимоий сиёсат ва ҳаёт сифати бўйича тадқиқотлар олиб борувчи етакчи илмий институтлардан бири ҳисобланади. Ушбу ташкилот соғлиқни сақлаш, ижтимоий хавфсизлик ва жамият фаровонлигини яхшилаш бўйича илмий-таҳлилий тадқиқотлар олиб бориш билан шуғулланади. Ижтимоий ёрдам, пенсия, ҳукуматнинг оила бўйича сиёсати, меҳнат бозори ва ижтимоий барқарорлик масалалари устида тизимли изланишларни амалга оширади. Соғлиқни сақлаш тизими, касалликлар профилактикаси ва хизматлар самарадорлиги бўйича илмий таҳлиллар ўтказади. Жамиятда яшаш шароитлари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларини илмий жиҳатдан тадқиқ қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар билан кенг ҳамкорликда ишлайди.
Жаҳон миқёсида бу каби юзлаб ижтимоий тадқиқотлар институтларини мисол қилиб келтириш мумкин, диққат қаратиладиган нуқта шуки, халқ ва жамият билан мулоқот ўрнатиш, турли даражадаги тарангликларнинг олдини олиш, муаммолар юзага келмай, тегишли чораларни кўриш, чуқур фундаментал тадқиқотларнинг бугунги зарурият эканлиги сир эмас, шунингдек, бундай тадқиқот олиб борувчи институтларнинг мустақил ва холис ишлаши, миллий зеҳният ва қадриятлардан, давлатнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ўз ишини ташкиллаштириши, халқаро тажрибаларни ўрганиб, керакли жиҳатларини ўзлаштириб, тадқиқот усули сифатида қўллаш каби масалаларни кечиктирмай ҳал қилишга киришмоқ лозим.
Акром Маликов,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти кичик илмий ходими.