French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий тадбиркорликнинг қонуний асоси яратилмоқда
18:27 / 2020-08-28

Ишсизликка қарши курашиш, шунингдек товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни рағбатлантирувчи омиллардан бири бу - ижтимоий тадбиркорлик ҳисобланади.


Ишсизликка қарши курашиш, шунингдек товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни рағбатлантирувчи омиллардан бири бу - ижтимоий тадбиркорлик ҳисобланади.

Буларнинг ҳаммаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган.

Тошкентда мазкур қонун лойиҳаси мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Савдо-саноат палатасининг мутасадди ходимлари томонидан ижтимоий тадбиркорлик, қонун қандай муносабатларни қамраб олишига оид маълумотлар берилди.

Таъкидланишича, ижтимоий тадбиркорлик –бу юридик шахслар ёхуд якка тартибдаги тадбиркорларнинг аҳолини муайян ижтимоий муаммолари ва уларнинг оқибатларини енгиллаштириш ёки ҳал қилишга қаратилган фаолиятдир.

Қонун лойиҳасининг мақсади аҳолининг ижтимоий заиф қатлами турмуш даражасини яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишдан иборат.

Ижтимоий корхонанинг ишига асосан ижтимоий жиҳатдан барқарор бўлмаган ёки ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилади. Ушбу корхона юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан ташкил этилиши лойиҳада кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра товарлар (хизматлар)ни харид қилишда ёки меҳнат бозорида иш топишда қийинчиликка дучор бўлаётган ёхуд ўзгаларнинг кўмагига муҳтож шахслар ижтимоий заиф қатлам ҳисобланади.

Тадбирда ижтимоий корхоналарга давлат томонидан бериладиган имтиёзлар ва преференциялар, ижтимоий лойиҳа харажатларига субсидия олиш тартиби, маслаҳат ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш ҳақида ҳам тушунтириш берилди.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни бартараф этиш ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида йўналишларидан бири этиб белгиланаётгани айтиб ўтилди.

Қонун лойиҳасига ушбу йўналиш киритилишига пандемия билан боғлиқ вазият сабаб бўлди. Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳодисалар шуни кўрсатдики, эпидемия ва бошқа фавқулодда ҳолатларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товар ва маҳсулотлар, айниқса, тиббий воситалар ва дори-дармонларга талаб кутилмаганда ошиб кетиши ва етишмовчилик кузатилиши мумкин.

Бундай ҳолатларда етишмовчиликни қоплашнинг энг қулай йўлларидан бири бу бошқа турдаги маҳсулот ишлаб чиқараётган корхонани тезкорлик билан ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослаштиришдир. Бу услуб жаҳонда жуда кенг қўлланилмоқда.

Кўриниб турибдики, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этишда ижтимоий тадбиркорликнинг ўрни жуда катта.

Умуман олганда, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинса, жамиятга алоҳида фойда келтиришни истаган ташкилотлар ва якка тадбиркорларга бундай мақсадга эришиш учун қулай шароит яратади.