Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
18:32 / 2021-01-13

Бугунги кунда ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал қилишда янги ёндашувларни татбиқ этиш, халқаро тажрибада кенг қўлланиладиган усулларни фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда миллий бозордаги иқтисодий фаол иштирокчилар ролини мустаҳкамлашга асосланган воситалардан бири — ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш долзарб саналади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ана шу нуқтаи назардан атрофлича кўриб чиқди.  

Қонун лойиҳаси юзасидан адлия вазири Р.Давлетов маъруза қилди.  

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринларини яратиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун солиқ ва бошқа турдаги имтиёзлар белгиланган. Бироқ ижтимоий тадбиркорликнинг ҳуқуқий тушунчаси ва унга оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари аниқ назарда тутилмаган.

Қонун ташаббускори субъекти вакилининг таъкидлашича, лойиҳани ишлаб чиқишда амалдаги қонунчиликда белгиланган ўз ресурсларини ижтимоий соҳага йўналтирган корхоналарни аниқлаш мезонлари, ижтимоий соҳага инвестиция жалб қилганлик учун тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар ҳисобга олинган. Шунингдек, ижтимоий корхонани аниқлаш мезонларининг ва ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакллари ифодаланган.

Қонун лойиҳасида асосий қоидалар билан бирга, ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахслар белгилаб қўйилмоқда. Ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида эса Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги назарда тутиляпти.  

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда ижтимоий тадбиркорлик фаолияти ва ижтимоий корхоналар ишини рағбатлантиришга хизмат қилади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини иш билан таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантиришга инвестиция киритиш, миллий бозорни янги хизматлар ва арзон товарлар билан тўлдириш учун қўшимча шарт-шароит яратади.  

Муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳаси ҳали маромига етказилмагани, бир қатор камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Конун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

ЎзА