Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий сўров: Қайси ҳудуд аҳолиси коррупция ҳолатларига кўп дуч келган?
16:05 / 2023-11-02

Дунё миқёсида барча давлатларни ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири бу – коррупция. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш дунё бўйича глобал аҳамиятга касб этади.

Халқаро майдондаги хабарларга таянган ҳолда маълум қиладиган бўлсак, Янги Зеландия дунёдаги энг кам коррупциялашган мамлакат ҳисобланади. Шунингдек, Дания, Финляндия, Норвегия, Швейцария, Сингапур, Швеция, Канада, Люксембург ҳамда Нидерландия каби давлатларда коррупция энг кам учраши қайд этилган.  

Французларнинг 65 фоизидан кўпроғи Францияда коррупция кенг тарқалган деб ҳисоблайди, 7 фоиз фуқаролар аллақачон бу иллатнинг “қурбони” бўлганликларини билдирган.  

Хўш, коррупцияга қарши курашиш борасида юртимизда нима ишлар амалга оширилмоқда?  

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириши ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий қилинди.  

Давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш, барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портал — vacancy.argos.uz ишлаб чиқилиши юқорида айтилган ислоҳотларнинг асосий механизми бўлди.  

Давлат хизматига муносиб кадрларни очиқ мустақил танлов асосида саралаб олиш тизими жорий қилиниши коррупцион ҳолатларни олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.  

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази ҳамкорлигида жорий йилнинг май-август ойлари давомида айни мавзуда аҳоли ўртасида 4 босқичли сўров ўтказилди.   Тадқиқот 1 минг 369 нафар респондент ўртасида телефон сўрови йўли билан амалга оширилди.  

Cўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг учдан бир қисми (32 фоиз) мамлакатда коррупцияга қарши кураш «анча муваффақиятли ва самарали» олиб борилмоқда, деб ҳисоблайди. 25 фоиз респондент коррупцияга қарши чоралар «муваффақиятли ва самарали, аммо барча соҳаларда ҳам эмас» деб жавоб берган.  

Сўровнома натижаларига кўра, коррупциявий муносабатларга энг мойил, коррупциянинг юзага келиши хавфи ўта юқори бўлган соҳалар сифатида соғлиқни сақлаш (35 фоиз), олий ва ўрта махсус таълим (19 фоиз), мактабгача ва мактаб таълими (11 фоиз), ички ишлар органлари (8 фоиз), маҳаллий ҳокимликлар (6 фоиз) ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (5 фоиз) қайд этилди.  

Шунингдек, сўров иштирокчилари мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотлар ва идоралар, фирмалар ва корхоналар раҳбарларига амалда кадрларни танлаш, бўшатиш, ишга қабул қилиш масалаларида чекланмаган ваколатлар берилган, лекин кадрларни танлашда очиқ мустақил танлов асосида саралаб олиш тизими жорий этилгандан сўнг бу жараёнда коррупцион ҳолатлар анча камайганлигини тасдиқлади.  

Сўровларда ҳудудлар бўйича Самарқанд, Фарғона, Андижон, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри аҳолиси коррупция ҳолатларига кўп дуч келганлиги ва мамлакатда коррупция юқори даражада тарқалганини таъкидлаган.  

Тадқиқот натижалари таҳлилига кўра, коррупциявий муносабатлар пайдо бўлишининг бешта асосий сабаби бор.  

Булар фуқароларнинг ўз масалалари ёки муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал этишга интилиши (31 фоиз); фуқароларнинг қонунлар ва ўз ҳуқуқларини яхши билмаслиги, шунингдек, коррупциявий жиноятларга қарши курашдаги ҳуқуқий амалиётнинг йўқлиги (28 фоиз); очкўзлик, ваколатларга эга бўлган айрим шахсларнинг текин даромад олишга интилиши (19 фоиз); даромадлар даражасининг пастлиги, иқтисодий омиллар, жамиятнинг табақаланиши (8 фоиз); мансабдор шахслар иши устидан фуқаролик жамияти томонидан ўрнатилган жамоатчилик назоратининг сустлиги (7 фоиз).  

Шунингдек, респондентларнинг 12,5 фоизи коррупцияга дуч келганда бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришни маъқул топса, 87,5 фоизи яширишни афзал деб билган.  

Жамоатчилик фикрига кўра, иш ҳақини ошириш, ёшлар орасида коррупцияга қарши дунёқарашни шакллантириш, ҳуқуқбузарликлар учун жазони қатъийлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш каби чоралар коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда самаралидир.    

Умуман олганда, респондентлар томонидан мамлакатда коррупцияга қарши курашиш сиёсати ижобий баҳоланиб, шу билан бир қаторда коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтириш лозимлиги таъкидланмоқда.  

Фуқароларнинг коррупция билан боғлиқ вазият бўйича фикри ва баҳоси ҳар хил бўлишига қарамай, сўровда қатнашганларнинг аксарияти коррупцияга қарши амалга оширилаётган сиёсатни ижобий баҳолашга мойил ҳамда мамлакатда коррупциянинг олдини олиш ва унинг даражасини камайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таъсирчан ва самарали, деб ҳисоблайди. 

Гулноза Бобоева, ЎзА