Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий соҳада инвестицияларни бошқариш учун янги геопортал ишга туширилди
09:18 / 2025-07-24

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигида ижтимоий соҳага йўналтирилаётган давлат инвестицияларининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган янги геопортал тақдимот қилинди.

Рақамли платформа 23 мингдан ортиқ инфратузилма объектлари, шу жумладан, 11 127 та мактаб, 6 888 та болалар боғчаси, 3 689 та тиббиёт муассасаси ва 879 та спорт мажмуасини қамраб олган. Геопортал Агентлик ҳузуридаги “Delivery Unit” лойиҳа офиси томонидан грант ва кредит маблағларини жалб этмаган ҳолда очиқ технологиялар ва маҳаллий мутахассисларнинг ечимлари асосида ишлаб  чиқилди. 

Мазкур ташаббус Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева кўмагида амалга оширилиб, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Платформа орқали фойдаланувчилар ижтимоий инфратузилма объектларининг ҳолати, шу жумладан, сув таъминоти, иситиш тизими, фаоллар заллари, санитария шароитлари ва бошқа асосий параметлар бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот олиши мумкин бўлади. Масалан, мактабларнинг атиги 52 фоизи марказлаштирилган ичимлик сув таъминоти эга, 9 фоизи ичимлик суви билан умуман таъминланмаган. Шунингдек, мактабларнинг деярли ярмида фаоллар зали йўқ. Тиббиёт муассасаларнинг бор-йўғи 70 фоизи ичимлик суви тармоғига уланган. 

[gallery-24404]

Платформа малакатдаги барча ижтимоий объектларнинг ҳолатини рақамлаштириш ва кузатиш, лойиҳалар қандай амалга оширилаётганини кўриш, ташкилотлар ўртасидаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш,  реал маълумотлар асосида ижтимоий объектлар тармоғини ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилиш, шаффофлик ва фуқаролар иштирокини таъминлаш имконини беради. 

Геопортал фуқаролар ва мутахассисларга интерактив харитани тақдим этиб, унда энг яқин ижтимоий инфратузилма объектларини топиш, уларнинг қуввати, ҳолати ва тармоқларга  уланганлик даражасини билиш мумкин. Шунингдек, масофани ҳисоблаш, қулайлик бўйича ҳудудларни таққослаш ва йиллар бўйича кўрсаткичларни таҳлил қилиш функциялари мавжуд. Шу билан бирга, платформа сунъий йўлдош маълумотлари, шу жумладан, 2020 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда яшил ҳудудлар (NDVI), сув объектлари (NDWI) ва қурилиш (NDBI) кўрсаткичларидан фойдаланади.  

Ҳар бир фойдаланувчи “Реал ҳолат” Telegram боти орқали  маълумотларга аниқликлар киритиши мумкин. Бу объектларнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида максимал даражада аниқ маълумот шакллантириш имконини беради. Яқин кунларда платформа OneID тизими билан тўлиқ интеграция қилиниб, барча ижтимоий инфратузилма объектлари бўйича фикр-мулоҳазалар қолдириш мумкин бўлади.

— Янги геопортал ижтимоий инфратузилмага давлат инвестицияларини режалаштириш, баҳолаш ва мониторинг қилишга мўлжалланган кучли таҳлилий воситадир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стартегик ислоҳотлар агентлиги “Delivery Unit” раҳбари Азиза Умарова. — Уни яратиш учун ишлар нолдан олиб борилган, яъни таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги барча объектлар ҳамда давлат спорт муассасалари бўйича маълумотлар тўпланиб, рақамлаштирилди. Илк бор ҳар бир маҳалла кесимида мактаб, болалар боғчаси ва тиббиёт муассасаларининг ичимлик суви ва оқова тизимига уланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ягона тизимда жамланди. Йиғилган маълумотлар ижтимоий соҳага оид инвестиция дастурларини шакллантириш учун асос бўлди. Энг муҳими, истиқболда геопортал инвестициялар белгиланган манзилга етиб бордими йўқми, улар ҳудудлардаги турмуш шароитини яхшилашга қанчалик таъсир кўрсатганини мониторинг қилишда муҳим воситага айланадиПлатформа мультидисциплинар бўлиб, инвестициявий эҳтиёжлар, демографик вазият, иқлим ўзгаришининг оқибатлари, миграция жараёнлари каби кўплаб омилларни комплекс таҳлил қилиш имконини беради. Масалан, агар туманда аҳоли сонининг ошиши ёки аҳолини кўчиришга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган иқлим таҳдидлари мавжуд бўлса, бу мактаб ёки поликлиника қурилиши тўғрисида қарор қабул қилишда ҳисобга олиниши керак. Биз қарорлар тахминларга эмас, ишончли маълумотларга асосланишига ҳаракат қиламиз. Фуқароларнинг иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишни амалга ошира олганимиздан ҳурсандмиз, лекин маълумотларни қайта текширишда фуқаролар ҳам қатнашишини ҳохлаймиз. Мактаблар бўйича маълумотлар  билан ҳозирнинг ўзида танишиш мумкин, яқин кунларда соғлиқни сақлаш, спорт ва бошқа йўналишлардаги объектлар бўйича маълумотлар ҳам пайдо бўлади. Фуқаролар платформага кириб, маълумотларни кўришини ва бирон бир маълумотга аниқлик киритиш лозим бўлса, бу ҳақда хабар беришларини истардик. Ҳозирда 15 га яқин маълумотлар кенг жамоатчиликка тақдим этилган, аммо биз очиқ маълумотлар кўламини босқичма-босқич кенгайтириб боришни режалаштираяпмиз. Портал илғор таҳлил воситалари, шу жумладан, сунъий интеллект асосидаги модулларни ҳам тақдим этади. Бу, айниқса, давлат органлари учун фойдали, чунки платформа бир неча сония ичида ҳисоботларни тайёрлаш, ҳудудлар бўйича вазиятни таҳлил қилиш ва асосланган қарорларни қабул қилиш имконини беради. Масалан, бугун биз Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммолар борлигини яққол кўришимиз мумкин. Янги геопортал Стратегик ислоҳотлар агентлигининг расмий сайтида очиқ ҳолда жойлаштирилган. Уни ривожлантириш бўйича ишлар давом этмоқда ва яқин келажакда платформа Ўзбекистон ижтимоий инфратузилмани бошқариш тизими рақамли трансформациясининг ажралмас қисмига айланади. 

Таъкидланганидек, платформа давлат дастурларининг жамоатчилик томонидан мониторинг қилиниши учун ҳам асос бўлади. 2025 йил октябрь ойига қадар мактаб, болалар боғчалари ва поликлиникаларда санитария-гигиена шароитларини яхшилашга қаратилган “Тоза қўллар” ташаббусининг амалга оширилишини баҳолаш модули ишга туширилади. 

Айни пайтда давлат ташкилотлари геопорталнинг кенгайтирилган таҳлилий функцияларига эга тўлиқ версиясидан фойдаланиши мумкин бўлиб, у биноларнинг зилзилага бардошлилиги, электр энергияси узилишлари, томларнинг ҳолати каби 70 дан ортиқ муҳим кўрсаткичларни ўз ичига олади. Портал учун маълумотларни тўплаш ва текшириш бўйича ишлар уч босқичда амалга оширилади. Энг аввало, бирламчи бўғин раҳбарларидан маълумотлар йиғилади. Сўнг, улар тегишли вазирликлар орқали қайта текширилиб, охирги босқичда фуқаролар тақдим этган маълумотлар билан солиштирилади. 

Платформадан Стратегик ислоҳотлар агентлигининг расмий сайтида — https://asr.gov.uz/geoportal/ фойдаланиш мумкин. Унинг ишга туширилиши давлат бошқаруви тизимини рақамлаштириш, фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш ва ижтимоий соҳада давлат инвестицияларининг самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамдир. 

Азиза Алимова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА