Жаҳон банкининг “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” - CEBU лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятида ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган кенгайтирилган семинар бўлиб ўтди.
Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда маҳаллий энергия аудит ташкилотлари, лойиҳа институтлари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Қайд этилганидек, “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” - CEBU лойиҳаси мамлакатда барқарор ривожланиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга. Бундай тадбирлар маҳаллий мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, ижтимоий объектларда энергия самарадорлигини таъминлаш ва умумий иқтисодий самарадорликни яхшилашда муҳим қадамдир.
Тадбирдан кўзланган мақсад эса энергия сарфини камайтириш, қулай ва барқарор яшаш шароитларини яратиш ҳамда маҳаллий мутахассисларни замонавий халқаро стандартлар асосида ишлашга тайёрлашга қаратилди. Шунингдек, семинар иштирокчилари орасида тажриба алмашинуви ва ҳамкорлик йўлларини мустаҳкамлаш имкони ҳам яратилди.
Семинар давомида иштирокчилар тендер жараёнининг асосий босқичлари, қатнашиш шартлари ва тендер таклифларини сифатли тайёрлаш бўйича батафсил маълумотлар олди. Шунингдек, улар тендер савдолари механизмлари, ҳужжатларни тайёрлашда халқаро тажрибалар ва ижтимоий соҳа объектларида энергия самарадорлигини ошириш юзасидан тушунчаларга эга бўлди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА