Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Учрашувлар давомида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2026-2030 йилларга мўлжалланган лойиҳаси юзасидан сайловчилар таклифи ва фикрларини ўрганишга эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, депутатлар Севара Убайдуллаева ҳамда Равшан Фозилов Тошкент шаҳридаги Олмазор туманидаги бир қатор ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишди. Тумандаги 21-сонли оилавий поликлиникада бўлган халқ вакиллари тиббиёт муассасасида яратилган шарт-шароитлар, дори-дармон таъминоти ва аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат сифатини кўздан кечирди.
Тиббиёт ходимлари билан суҳбат чоғида соҳани рақамлаштириш, патронаж хизматининг самарадорлиги ва касалликларни эрта аниқлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, депутатлар 315-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, таълим даргоҳидаги ўқув жараёнлари, синфхоналарнинг жиҳозланиши ва ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати билан қизиқди. Мактаб жамоаси ва ота-оналар билан кечган самимий мулоқотда ёшлар таълим-тарбияси, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда мактаб инфратузилмасини янада яхшилаш борасидаги таклифлар ўрганилди.
Бундан ташқари, парламент вакиллари тумандаги “Аҳил” ва “Элпарвар” МФЙларига ҳам борди. “Маҳалла еттилиги” билан ўтказилган мулоқотларда ҳудуддаги ижтимоий муҳит, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

Учрашувлар давомида аҳоли томонидан кўтарилган бир қатор масалалар жойида ҳал этилган бўлса, ечими вақт талаб қиладиган мурожаатлар эса депутатлик назоратига олинди.
Депутатларнинг жойлардаги учрашувлари давом этмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА