Қарор ва ижро
Нурафшон шаҳрида Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги "2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, секторлар раҳбарлари, тегишли бошқарма масъуллари ва қурувчи ташкилотлар вакиллари қатнашган тадбирда асосий эътибор вилоятдаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим объектлари тендер савдосида ғолиб бўлган қурувчи ташкилотларининг амалга ошираётган ишлари натижасига қаратилди.
Жорий йилда туман ва шаҳарлардаги 39 та объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Мазкур ишлар учун 231 миллиард 226 миллион сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Яна 11 та объект бўйича яқин кунларда тендер танловлари ўтказилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, Инвестиция дастури доирасида 45 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Зарур моддий- техник воситалар билан таъминланиши натижада қўшимча 14 минг 764 нафар ўқувчи учун ўқув ўрни яратилади.

Йиғилишда лойиҳачи ҳамда пудратчи ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда объектларни сифатли топшириш бўйича вазифалар юкланди. Ўз навбатида Президентимиз қарори бўйича туман ва шаҳар, ҳудудлар даражасида белгиланган дастурнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилиши лозимлиги борасида масъуллар огоҳлантирилди.

Бунда ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши, қурилиш-пудрат ишлари сифатли бажарилиши назоратга олингани айтиб ўтилди. Шу кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан ҳам давлат дастурларида белгиланган қурилиш объектларининг муддатида ва сифатли топширилиши устидан назорат тадбирлари олиб бориляпти.
А.Мусаев, ЎзА мухбири