Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий шартнома камбағалликни камайтириш механизми сифатида
19:23 / 2020-10-21

Шу билан бирга, ёшлар ва хотин-қизлар йўналишлари бўйича “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” рўйхатларини шакллантириш жараёнида ижтимоий шартнома тажрибасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги ҳам белгилаб қўйилди.

Қашшоқликни тугатиш, камбағалликка қарши курашиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш технологияларига ҳукумат томонидан ижтимоий шартномаларга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлиги мамлакат раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 8 октябрь куни “Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида тилга олинди.

Шу билан бирга, ёшлар ва хотин-қизлар йўналишлари бўйича “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” рўйхатларини шакллантириш жараёнида ижтимоий шартнома тажрибасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги ҳам белгилаб қўйилди. Аҳолини қўллаб-қувватлашнинг бундай шакли Европанинг кўплаб ривожланган давлатларида оқилона йўлга қўйилган ва кўпгина оилалар ва алоҳида шахсларни инқироздан олиб чиқиш бўйича ижобий тажрибага эга. Бугунги кунда дунё амалиётида ижтимоий шартномага қийин иқтисодий вазиятга тушиб қолган кишиларнинг ушбу вазиятдан чиқиб кетишини рағбатлантирадиган механизм сифатида қараш шаклланган. Ушбу механизмнинг моҳияти давлат ва фуқаролар ўртасида ўзаро ҳаракатларнинг якка тартибидаги йўналишини белгилаш мақсадида тузилган битимдир.

Муайян мамлакатда кенг қамровли шиддатли ислоҳотлар даврида (айниқса, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда) аҳолининг каттагина қисмининг маълум вақт оралиғида ижтимоий-иқтисодий ҳолатининг тушиб кетиши, камбағаллик даражасининг ортиши туфайли жамият ҳаётида кескинлик, норозиликларнинг ортиши кузатилади. Ушбу ҳолатда ижтимоий шартномалар тизими жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлайдиган ва бўлиши мумкин бўлган зиддиятларни олдини олишнинг кафолати сифатида намоён бўлади.

Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: Ижтимоий шартнома” ўзи нима? Унинг асосий тамойиллари нималардан иборат? Нима учун бу масалага ҳукумат доирасида бу даражада катта эътибор қаратилмоқда?

Классик шаклдаги “ижтимоий шартнома” тушунчаси Томас Гоббс, Жон Локк ва Жан Жак Руссо томонидан талқин этилган. Уларнинг нуқтаи-назарича. ижтимоий шартнома фуқароларнинг мулк ҳуқуқи ва хавфсизлигини ёки жамият неъматларини тақсимот тенглигини ўрнатиш учун зарур бўлган меъёр ҳисобланган.

Ижтимоий шартномалар махсус адабиётларда ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги бир-бирларига бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар тўғрисидаги расмий ва норасмий келишувлар тўплами сифатида белгиланади. (Макаркин, 2011, McCandless, 2018).

Замонавий талқинда. ижтимоий шартнома - бу камбағал фуқаро билан ижтимоий таъминот муассасалари ўртасида унга ва унинг оиласига давлат томонидан ижтимоий тўловларни нақд тўловлар, ижтимоий хизматлар ёки энг муҳим товар (ёқилғи, озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, дори-дармон) шаклида бериш бўйича ўзаро мажбуриятлар тўғрисидаги битим.

Россиялик тадқиқотчи В.А.Васильев нуқтаи-назарича (Василъев В.А. Идентификация проблемы бедности в современных российских условиях: социологический анализ. М., 2004. С 24) “камбағаллик дискурси” - демография, жамоат тартиби, шунингдек, шахсий хавфсизлик ва давлатнинг сиёсий барқарорлигига таҳдид, камбағалликни умумбашарий муаммога айланиш муаммоси сифатида тавсифланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг маълумотига кўра (2020 йилнинг 1 июль ҳолатига), Ўзбекистон аҳолисининг 12-15 фоизи, яъни 4-5 миллиони камбағал. Бу эса уларнинг ҳар еттинчисидан бири камбағал эканлигини билдиради. Бундай ҳолда, ижтимоий шартнома камбағал оилалар ва қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган, ўз муаммоларини мустақил равишда ўзи ҳал қилиш имкониятига эга бўлмаган, аксарият ҳолларда жамиятнинг иқтисодий ҳаётида ўз ўрнини топа олмайдиган, кўпинча ўзларини таъминлашга қодир бўлмаган ва давлатдан фақат моддий ёрдам кутаётган фуқароларга қаратилиши лозим бўлади.

Ижтимоий шартноманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

- ижтимоий тизимдан етарлича мустақилликка эга бўлиш ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш учун бенефициар (кўмак олувчи) ва унинг бевосита социал муҳити (оиласи) ни ижтимоий ва касбий қайта интеграциялашувига имкон бериш;

- кишининг энг яқин оила аъзолари, жумладан, фарзандларининг бундай масъулиятни эртароқ англаши ва ўз зиммаларига олишига имкон бериш;

- давлат ўз фуқаролари олдида мажбуриятларга эга бўлиши ва уни бажаришини, фуқароларнинг ўзларини ҳам жамиятга кучли ёрдам кўрсатишлари зарурлигини уларга тушунтириш;

- қисқа муддатларда муносиб уй-жойга эга бўлиш, тиббий ёрдам, психологик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали фуқаронинг жамиятга барқарор интеграциясини таъминлаш;

- яқин истиқболда кишини тўлиқ мустақил қилиш, хусусан, муносиб ҳақ тўланадиган ишга жойлаштириш.

Ўзбекистон шароитида ижтимоий шартнома тажрибасини инновацион технология сифатида тадбиқ этиш заруриятидан келиб чиқиладиган бўлса, у ҳолда бу механизмнинг мазмун-моҳияти, тамойиллари, вазифа ва функциялари илмий-методологик жиҳатдан тадқиқ этилиши, норматив-ҳуқуқий асослари қисқа фурсатларда ишлаб чиқилиши, бу борада илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва уларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш, эксперимент (тажриба синов) асосида мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида жорий этиш масалалари кун тартибига чиқмоқда.

Хорижий давлатларнинг ижтимоий шартномалар борасидаги тажрибаларини таҳлил қилиш орқали жамоатчиликда ижтимоий шартнома технологиясининг мазмуни тўғрисида муайян тасаввурни шакллантириш мақсадида бу фаолиятни қандай ташкил этиш тўғрисида қисқача маълумот беришни маъқул кўрдик.

Ижтимоий шартнома келишувига мувофиқ, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш органи (тегишли ҳуҳуддаги) давлат ижтимоий ёрдамини кўрсатишни ўз зиммасига олади ва бенефициар (кўмак олувчи) лар шартномада назарда тутилган ижтимоий мослашув дастурининг тадбирларини амалга ошириш мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар. Ижтимоий шартнома орқали давлат камбағалликдан чиқиш учун фаол ва кучли рағбатга (мотивга) эга бўлганларни қўллаб-қувватлайди. Шундай қилиб, ижтимоий шартнома кам даромадли одамларнинг ижтимоий қобилияти ва салоҳиятини фаоллаштиришга ёрдам беради. Шартноманинг мақсади кам даромадли фуқароларга доимий мустақил даромад манбалари орқали юқори турмуш даражасига эришишда кўмак беришдир.

Ижтимоий шартнома асосида давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг янги технологияси, ушбу ёрдамни кўрсатишнинг амалдаги тартибидан фарқли ўлароқ, қийин ҳаётий вазиятдан чиқиш учун фуқаронинг фаол ҳаракатларини кўзда тутади. Шу билан бирга, бу янги технологияни ўзини ўзи бошқариш органининг бевосита иштирокисиз амалга ошириш мумкин эмас. Ижтимоий шартнома кенг тадбиқ қилинган давлатларда ушбу дастурни амалга ошириш натижалари туман (шаҳар), ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларининг фаолиятини баҳолашда ҳисобга олинади.

Ижтимоий шартномалар тизимини қўллашдан кутилаётган натижалар қуйидагилар:

- давлат томонидан ижтимоий ёрдам олувчиларнинг меҳнат қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш;

- камбағал, кам таъминланган, қийин иқтисодий вазиятга тушган фуқароларнинг турмуш даражаси ва сифатини кўтариш;

- кам таъминланган оилалар аъзоларини ижтимоий реабилитация қилиш;

- кўмак олувчиларнинг ижтимоий жавобгарлигини кучайтириш, уларнинг қарамликка бўлган хулқ-атвор мотивларини камайтириш.

Бундай мажбуриятларга қандайдир ҳақ тўланадиган ишларни бажариш ёки қўшимча таълим олиш, масъулиятли ижтимоий хулқ-атворлар киради.

Давлат ижтимоий ёрдамини кўрсатишнинг янги технологиясини татбиқ этишнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

- ихтиёрий иштирок этиш;

- ижтимоий шартнома шартларини бажариш мажбурияти;

- ижтимоий шартнома шартларини белгилашда индивидуал ёндашув;

- ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг мақсадли хусусияти.

Россия Федерациясида ижтимоий шартнома битими тузиш шароитида ўртача оилавий даромадлари жон бошига ҳудуддаги ўртача даромаднинг ярми ёки ундан кам бўлган фарзандли оилалар, меҳнатга лаёқатли, лекин ишламайдиган фарзандлари бўлган ва ногиронлиги бор бўлган оилалар киритилади. Ижтимоий мослашишга мўлжалланган мақсадли нафақа миқдори ҳудуддаги аҳоли жон бошига тушадиган энг кам яшаш даражаси билан ижтимоий шартнома тузган фуқаро оиласининг жон бошига ўртача даромадлари ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.

Ижтимоий мослашув учун манзилли нафақа тайинлаш учун фуқаро яшаш жойидаги ижтимоий ҳимоя органига белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилади, оилавий ва моддий аҳволи тўғрисидаги сўров варақасини тўлдиради. Аризага оиладаги барча вояга етган шахсларнинг ёзма равишдаги розилиги илова қилиниши лозим бўлади.

Ижтимоий ҳимоя органлари ходимлари ариза берувчи фуқаро билан суҳбат давомида “Суҳбат варақаси” ни тўлдиришади. Унга ариза билан мурожаат этувчининг оиладаги муаммолари, қийин ҳаётий вазиятдан чиқиш имкониятлари тўғрисидаги маълумотлари киритилади. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш органи фуқаро томонидан тақдим этилган маълумотларни текшириб кўриши талаб этилади.

Ариза берувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар қўшимча текширув (комиссия сўрови) ёрдамида текширилиши мумкин, натижада камбағал оиланинг яшаш шароитларини моддий-маиший ўрганиш бўйича далолатнома тузилади.

Фуқароларнинг аризаси, оилавий ва моддий аҳвол бўйича сўровнома, суҳбат варағи ва моддий-маиший текшириш далолатномаси асосида ижтимоий ҳимоя органи ходимлари ариза берувчининг иштирокида ижтимоий шартномани амал қилиш даврида оиланинг ижтимоий мослашув дастурини ишлаб чиқадилар.

Олинган натижалар асосида ҳар бир оила аъзосига, шу жумладан вояга етмаганларга ижтимоий мослашув учун манзилли нафақалар тайинланади ва тўланади. Одатий ижтимоий нафақа, унинг миқдоридан қатъий назар, йилига бир ойдан олти ойгача бўлган муддатга оилага тайинланади.

Ижтимоий шартнома 6 ойлик муддатга тузилади. Ижтимоий ҳимоя органлари ходимлари уни амалга оширишнинг барча босқичларида ижтимоий шартномани назорат қилиб борадилар, фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари томонидан шахсий ижтимоий мослашув дастурининг бажарилишини текшириб боришади, натижаларга кўра кўрилган чоралар самарадорлигини баҳолайдилар.

Ижтимоий мослашишга мўлжалланган мақсадли нафақа: шахсий ёрдамчи ёки деҳқон (фермер) хўжалигини ривожлантириш (шахсий ёрдамчи ёки деҳқон (фермер) хўжалигини юритиш учун чорва моллари, паррандалар, бошқа мол-мулк сотиб олиш); якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш; ҳаётнинг минимал эҳтиёжларини таъминлаш (озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, дори-дармон ва бошқалар); касбий қайта тайёрлаш; болани мактабгача таълим муассасасида сақлаш учун тўлов; ижтимоий мослашувнинг индивидуал дастурида кўрсатилган бошқа мақсадларда ишлатилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ижтимоий шартномани мамлакатимизда аҳолини камбағалликдан чиқариш, бандлигини таъминлаш, касбий қайта тайёрлаш, ночор иқтисодий вазиятдан чиқариш ва бу борада рационал қарорлар қабул қилишнинг механизми сифатида амалиётга тадбиқ этиш даври келди.

Нодира ЭГАМБЕРДИЕВА,

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот

институти директори

Собир ХОДЖАЕВ,

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот

институти, бўлим бошлиғи