Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
12:57 / 2026-02-04

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга муволфиқ: 

Ижтимоий реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низом;

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга индивидуал режа ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом; 

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом; 

Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги низоларни ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари тўғрисидаги низом; 

“Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимидаги идоралараро электрон ўзаро ахборот алмашинуви доирасидаги маълумотлар рўйхати; 

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кўрсатиладиган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари рўйхати; 

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кўрсатиладиган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари доирасида “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимига “Рақамли ҳукумат” тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этиладиган маълумотлар тўпламлари рўйхати  тасдиқланди. 

Қарорга кўра: 

а) 2026 йил 1 февралга қадар: 

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган ва ушбу реестрга тушиш хавфи бўлган “яшил” тоифадаги оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида автоматик тарзда баҳолашдан ўтказилади ва Ижтимоий реестрга киритиш мезонларига мос келадиган оилалар мазкур реестрга қўшимча ариза талаб этмаган ҳолда ўтказилади; 

болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланган Ижтимоий реестрга ўтказилган оилаларга мазкур тўловларни тўлаш қўшимча ариза талаб этмаган ҳолда уларнинг тоифасига мувофиқ давом эттирилади. Бунда Ижтимоий реестрнинг “камбағал оила” тоифасига ўтказилган оилалар учун меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг расмий бандлигини таъминлаш учун белгиланган муддат улар ушбу реестрга ўтказилган санадан бошлаб ҳисобланади; 

Ижтимоий реестрга ўтказилган оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини қайта баҳолашдан ўтказиш муддати уларга тегишлича “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланган ёхуд Камбағал оилалар реестрига киритилган санадан бошлаб ҳисобланади; 

б) “маҳалла еттилиги” томонидан тасдиқланган индивидуал режаларга киритилган ижтимоий хизмат, ёрдам ва имтиёзларни тақдим этиш вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ташкилотлари томонидан таъминланади ҳамда уларнинг натижаси бўйича “ЯМИХ,” АТда тегишли ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали реал вақт режимида маълумот алмашиш (ижро қадамлари ва натижасини кўриш) имконияти яратилади; 

в) Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга шакллантирилган индивидуал режаларда белгиланган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларининг ижроси ҳолати туман (шаҳар) ҳокимларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан бири сифатида инобатга олинади; 

г) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан фуқароларни Ижтимоий реестрга киритиш ёки чиқариш билан боғлиқ жараёнлар натижалари юзасидан маълумот бериш уларнинг мобиль телефон рақамларига бепул қиқка СМС-хабарлар юбориш орқали амалга оширилади.

ЎзА