Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
а) "давлат таъминотидаги оила" тоифасидаги оилаларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар, шу жумладан, болалар нафақаси ва моддий ёрдам улар мазкур тоифада бўлган даврида оила аъзоларининг бандлик ҳолатидан қатъи назар ва қўшимча мурожаат талаб этмаган ҳолда кўрсатиб борилади. Бунда оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати оила Ижтимоий реестрга киритилгандан ўн икки ойдан сўнг қайта баҳоланади, бундан оиланинг ҳолати вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари орқали ўрганилиши мустасно;
б) "камбағал оила" тоифасига киритилган оилаларга:
болалар нафақаси ёки моддий ёрдам улар тайинланган вақтдан эътиборан 6 ой давомида оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг расмий бандлигини таъминлаш шарти билан тайинланади, бундан қонунчиликда оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларидан банд бўлиш талаб этилмайдиган ҳолатлар мустасно;
меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг расмий бандлиги таъминланганда болалар нафақаси ёхуд моддий ёрдам қўшимча мурожаат талаб қилмаган ҳолда узлуксиз тўлаб борилади;
оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг расмий бандлигини таъминлаш шарти бажарилмаганда болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўлаш тўхтатилади. Бунда оила болалар нафақаси ва моддий ёрдам олиш учун қайта мурожаат қилганда "камбағал оила" тоифасига киритилгани учун оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлигини истисно этувчи қоида 6 ой давомида қўлланмайди;
в) "камбағаллик чегарасидаги оила" тоифасига киритилган оилаларга:
болалар нафақаси ёки моддий ёрдам оилалар мазкур тоифага киритилган вақтдан эътиборан б ой давомида тўланади;
оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,25 бараваригача бўлганда, уларга тўланадиган болалар нафақаси ёки моддий ёрдамнинг миқдори ушбу нафақа ёки моддий ёрдамнинг 75 фоизини, оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг 1,25 бараваридан 1,5 бараваригача бўлганда эса тегишли нафақа ёки моддий ёрдамнинг 50 фоизини ташкил этади.
ЎзА