Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш самараси
10:14 / 2025-11-05

Бухоро вилояти Когон шаҳри Амир Темур маҳалласида 2424 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улардан 68 нафари ногиронлиги бўлган шахслар бўлиб, шундан 5 нафари ногиронлиги бўлган болалар ҳисобланади.

Маҳалла ижтимоий ходими Мунаввара Раҳмонова томонидан аҳолининг ижтимоий ҳолатини ўрганиш жараёнида Назокат Тўраева ва унинг фарзанди Комилжон ҳаётида муҳим бурилиш юз берди.

– Фарзандимнинг парвариши доимий эътибор талаб қилади. Шу сабабли йиллар давомида уйда бўлишимга тўғри келди. Ишлашни, одамлар билан мулоқотда бўлишни соғингандим. Аммо, Комилжонни ёлғиз қолдиришни истамадим, – дейди Назокат опа.

Ҳолат ўрганилганидан сўнг, ижтимоий ходим Мунаввара Раҳмонова томонидан оилага тегишли хизмат турлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу асосда Назокат Тўраеванинг ўғли Когон шаҳрида ташкил этилган кундузги парваришлаш хизматига жалб қилинди. Энди Комилжон кун давомида мутахассислар назоратида бўлади, турли ривожлантирувчи машғулотларда қатнашади.

Фарзандидан кўнгли хотиржам Назокат опа 8-мактабгача таълим ташкилотида ҳамшира лавозимига ишга жойлашди.

– Йиллар давомида ўзимни жамиятдан узоқлашган ҳис қилардим. Энди эса яна иш жамоасида, инсонлар орасидаман. Энг муҳими, фарзандим ишончли қўлларда. Комилжон ҳар куни янги нарса ўрганиб келади. Унга бундай имкон яратилганидан жуда миннатдорман, – дейди.

Кундузги парваришлаш хизматлари ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оилалари учун катта қулайлик яратмоқда. Бу орқали оналар ўз меҳнат фаолиятини давом эттириши, оиланинг турмуш даражасини яхшилаши мумкин. 

Маълумот учун, бугунги кунда Бухоро вилояти бўйлаб жами 153 нафар ногиронлиги бўлган болалар ушбу хизмат билан қамраб олинган.

Зариф Комилов, ЎзА