French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий профилактика масалаларига бағишланган учрашув ўтказилди
21:14 / 2026-02-14

Навоий шаҳридаги маънавият ва маърифат марказида ижтимоий профилактика ҳафталиги доирасида Жиноят ишлари бўйича шаҳар суди раиси Баҳодир Алиқулов, шаҳар ҳокими Дилшод Эргашев ҳамда шаҳар ИИБ бошлиғи Аҳмадали Қодиров иштирокида тадбир ташкил этилди.

Унда шаҳар ҳудудидаги “Ёшлик”, “Фаровон”, “Ватан” маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳамда мазкур маҳаллалар ҳудудида жойлашган олий таълим муассасалари талабалари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти тушунтирилди. Қарорга мувофиқ, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш ҳамда жиноятчиликни камайтиришга қаратилган манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим вазифалардан бири этиб белгилангани таъкидланди.

Учрашувда маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, жиноятчиликка қарши курашиш давлат ва жамият олдида турган устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни соғлом турмуш тарзи ва спортга кенг жалб этиш, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир давомида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Маҳалла раислари, профилактика инспекторлари ҳамда фуқароларнинг таклифлари тингланиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

А. Бўриев, ЎзА