Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ижтимоий профилактика ҳафталиги”
12:14 / 2026-02-10

Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги Мингбулоқ овулида аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш ҳамда соғлом ва ҳуқуқий маданиятни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” доирасида тарғибот тадбирлари олиб борилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар энг аввало аҳолининг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатишга, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашга қаратилган.

Ўтказилган тадбирда туман ҳокими Учқун Елмуратов, туман прокурори Мақсуд Ортиқов ҳамда туман ИИБ бошлиғи Анвар Раджапов иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Унда аҳоли ўз мурожаатларини тўғридан-тўғри раҳбарларга етказиш имконига эга бўлди.

Шу билан бирга, аҳолининг моддий қийинчиликларини енгиллаштириш мақсадида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Асосий маҳсулотлар бозор нархидан арзон тақдим этилди.

“Саломатлик марафони” доирасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди. Аҳолига касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича тавсиялар берилди. Баъзи фуқароларга эса қўшимча текширувлар учун йўлланмалар ажратилди.

Тадбир давомида овул ҳудудидаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт ва ижтимоий объектлар ҳолати ўрганилди. Аниқланган камчиликлар ва муаммоларни қисқа фурсатда бартараф этиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Шунингдек, “Маҳалла еттилиги” аъзолари хонадонма хонадон юриб, аҳолига ҳуқуқий ва ижтимоий масалалар, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда оилавий муҳитни соғломлаштириш бўйича тушунтиришлар берди.

Тадбир якунида “Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар овул аҳолиси кайфиятига кўтаринкилик бағишлади.

А.Бўриев, ЎзА