Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий нафақаларни тайинлашда инсон омили йўққа чиқарилади
16:01 / 2023-10-28

Ҳозирги кунда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш ёки рад этиш бўйича қарор оиланинг даромади, бандлиги ва бошқа маълумотлар вазирлик ва идораларнинг электрон маълумотларига асосан чиқарилади.

Бироқ, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг электрон маълумотлар базаси мавжуд эмаслиги сабабли, нафақа тайинлаш учун аризаларда ушбу маълумотлар маҳалла раислари томонидан белгилаб берилади. Бунда ушбу оила аъзосидан бандлик талаб этилмайди.

Амалиётда эса маҳалла раисларининг ҳам ўз ҳудудидаги оила аъзоларининг барчаси қаерда эканлиги тўғрисида тўлиқ маълумот мавжуд эмас. Натижада, ариза топшираётган оиланинг аъзосини чет элда эканлигини аксарият ҳолатда фуқаронинг сўзига асосан белгилаб берилади. Бунда, ушбу фуқаро бошқа вилоятда ёки пойтахтда норасмий иш билан банд бўлса ҳам “чет элда ишлайди” деб белгилаб бериш ҳолатлари мавжуд.

Жумладан, ўтказилган ўрганишларда 2 607 та ҳолатда фуқаролар хорижда бўлмасада, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан “чет элда ишлайди” деб белгилаб берилиши натижасида нафақалар нотўғри тайинланганлиги аниқланиб, мазкур нафақа тўловлари тўхтатилган.

Нафақа тайинлашда инсон омилини камайтириш ва маблағларни мақсадсиз сарфланишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳужжатга асосан эндиликда янги тартибда фуқаронинг хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлигини тўғрисида маълумотларни “Электрон ҳукумат” ахборот тизимидан фуқаронинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетганлиги ва Ўзбекистон Республикасига қайтганлиги қайд этилган маълумотларга асосан электрон шаклда аниқланади.

Бу орқали маълумотларни соҳталаштириш ёки маҳалла раислари томонидан билиб-билмасдан нотўғри маълумот бериш ҳолатларига барҳам берилади.

 

ЎзА