Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий нафақалар берилишида шаффофлик таъминланмоқда
11:07 / 2024-12-29

Ижтимоий ҳимоя

Илгари болалар нафақасини олиш учун маҳалла раиси қабулида ойлаб кутилган бўлса, эндиликда бунга ҳожат қолмади. Боиси тизимда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилиб, онлайн платформа шакллантирилди.  

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон шаклда ариза бериш жорий этилди.  

2024 йилнинг 1 апрелдан бошлаб кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун онлайн ариза бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилди. Бунда фуқаролар уйларидан туриб ҳам болалар нафақаси ёки моддий ёрдамга онлайн ариза бериши мумкин. Шу тариқа фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйилди.

Ижтимоий тўловларга киритилган ўзгартиришлардан яна бири кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси тайинланганда оиланинг норасмий даромади аниқланиши.  

– Ҳозирда фуқаролардан келиб тушаётган энг долзарб саволлардан бири ҳам айнан шу мавзуга таалуқли. Сабаби нафақага ариза топшириб, аризаси рад этилган фуқаролар “Номимда машина йўқ бўлса, нега рад этилди деб смс келмоқда?” деган саволни беришади, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси етакчи мутахассиси Сардор Қаҳҳоров. – Бунга жавоб қуйидагича: Вазирлар Маҳкамасининг 596-сонли қарорига кўра, 2024 йил 1 мартдан бошлаб – болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олаётган оиланинг номига расмийлаштирилмаган бироқ фойдаланувида бўлган автотранспорт воситалари, кўчмас мулклари ҳамда чорва моллари уларнинг аризаларида кўрсатган маълумотларга мувофиқлиги жойига чиққан ҳолда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва ижтимоий ходим томонидан ўрганиб борилади ҳамда далолатнома билан расмийлаштирилади. Бунда далолатнома фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси ва камида 2 нафар масъул ходимлар томонидан тасдиқланади.

Ўрганиш натижалари “Ягона реестр”АТ га киритилади ва ахборот тизими томонидан болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловини тўхтатиш ёки давом эттириш бўйича автоматик равишда қарор қабул қилинади. Шу тариқа мазкур ижтимоий тўловлар манзиллиги таъминланишига эришилди.

Қашқадарё вилояти Нишон туманида яшовчи Умида Абдуллаева маҳаллада кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Икки нафар вояга етмаган фарзанди бўлган аёл қайнона қайнотаси қарамоғида. Аёл аввалига катта фарзандига болалар нафақаси олиш учун жуда кўп ҳаракат қилди. Гоҳ у, гоҳ бу сабаблар билан нафақа тайинланмайди. Кейин иккинчи фарзанди туғилади. Бу гал ҳам нафақа чиқмайди. Гарчи нафақага муҳтож бўлса-да, рад жавобини олавериш аёлни умидсизликка тушира бошлаганди.

– Икки нафар вояга етмаган фарзандим бор, каттаси 5 ёшда кичиги 1 ёшда, – дейди Умида Абдуллаева. – Бу ерда қайнотамнинг қарамоғида яшайман. Ўзим ишламайман. Турмуш ўртоғим ҳам ишсиз эди. Болалар нафақасини олиш учун кўп сарсон бўлдик. Қайси идорага бормайлик ишимиз битмади. Маҳалламизда фаолият юритаётган ижтимоий ходим келиб аҳволимизни ўргангач, муаммомиз ижобий ҳал бўлди. Ниҳоят декабрь ойидан болаларимга нафақа пули чиқадиган бўлди. Ҳар ҳолда оила бюджетига ёрдам. Бунинг учун жуда миннатдормиз. Шу маблағларни фарзандларимнинг кийим-бошига, еб ичишига, сифатли таълим олишига сарфлайман.

Маълумки, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам бериш инсон омилига боғлиқ бўлиб, асосий масалани ҳал қилиш учун ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларига берилган юқори ваколатлар тизимдаги шаффофликка халал берарди. Бу эса аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларга давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишнинг ягона тизимини яратишни тақозо этарди. Айни пайтда амалда қўлланиб келинаётган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ижтимоий нафақаларга муҳтож оилалар учун ариза бериш жараёнини енгиллаштириб, кам таъминланганликни эътироф этиш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ёки рад этиш жараёнини шаффофлаштиришга хизмат қилмоқда.

– Ҳозирги кунда бизнинг “Кимёгар” маҳалласида 33 та “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оила нафақа олади, – дейди “Кимёгар” МФЙ ижтимоий ходими Зулфия Эргашева. – Реестирга киритишда маҳалламиздаги ҳар бир оила хатловдан ўтказилиб, оилавий шароити ўрганилган ва нафақани ҳақиқий эҳтиёжманд оилаларга берилиши таъминланган. Жумладан, маҳалламизда яшовчи Умида Абдуллаеванинг оилавий шароити ўрганилиб, нафақа тайинлашга кўмаклашилди. Турмуш ўртоғи ишга жойлаштирилди.  

[gallery-21083]

Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида ҳозирда 112 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли реестрга киритилиб, бу борадаги кўрсатгич 12 фоизни ташкил этмоқда. Тизимнинг афзаллиги шундаки, бевосита инсон омилисиз амалга оширилади. Бу эса аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжманд қатламини қўллаб қувватлаш имконини бермоқда.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари