Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам сўраган 158 мингга яқин самарқандликлардан 49,6 фоизининг аризаси қаноатлантирилди
16:01 / 2021-03-24

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, бугунги кунда юртимизда кам таъминланган оилалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқланиб, уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинланмоқда.

Ушбу вазифани амалга оширишда асосий масъулият Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходимлари зиммасига тушмоқда.  

– Сирдарё вилоятида тажрибадан ўтган мазкур тизимда инсон омили кам иштирок этади ва бу ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш билан боғлиқ турли гап-сўзларнинг олдини олади, – дейди бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдужаббор Неъматов. 

– Эндиликда аҳолининг нафақа ва моддий ёрдам билан боғлиқ аризалари маҳалла томонидан ҳар беш кунда пенсия жамғармаси туман, шаҳар бўлимларига тақдим этилмоқда. Бизнинг ходимларимиз (айнан шу иш билан 52 нафар ходим шуғулланади) эса аризаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритади. Мазкур тизимда бугунги кунда юртимиздаги 9 та вазирлик ва идоралар интеграция қилинган ва улар орқали ижтимоий нафақа, моддий ёрдам сўраган фуқаро ва унинг оиласи, даромади ҳақидаги маълумотлар автоматлаштирилган тартибда таҳлил қилиниб, нафақа тайинланиши ва рад этилиши ҳақида фуқаронинг телефон рақами ёки электрон манзилига хабар юборилади. Бу йил яна 12 та вазирлик ва идоралар ҳам ушбу тизимга уланади ҳамда маълумот алмашиш имконияти яна ҳам кенгроқ бўлади. Лекин бугун юртдошларимизда мазкур тизим бўйича саволлар, тушунмовчиликлар жуда кўп. Бу ҳақда маҳаллаларга чиқиб ёки оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига маълумот беришга ҳаракат қиляпмиз. Нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш мезонлари тушунтирилмоқда. Буни тушунганлар ҳам, баъзида тушунишни истамайдиганлар ҳам учрайди. Кўпчилик “шу пайтгача маҳалла моддий ёрдам ёки нафақа тайинлар эди-ку, нега энди тўғри келмайди?”, деб эътироз билдиради.  

Янги тартиб бўйича 2020 йил 1 ноябридан 2021 йил февраль ойи давомида вилоятдаги 1098 маҳалла фуқаролар йиғинларидан ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги 157 минг 940 нафар фуқаронинг аризалари қабул қилинди. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали бу аризаларнинг 49,6 фоизи қаноатлантирилди, яъни 78408 нафар фуқаронинг ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги аризаси ижобий хал қилинди.  

 Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 августдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 мартдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳам тасдиқланди. Бу ҳам тизимдаги ишларни янада такомиллаштиришга ёрдам беради.  

Маълумотларга кўра, жорий йил март ойида Самарқанд  вилояти туман, шаҳар молия бўлимларидан 155 038 нафар нафақа ва моддий ёрдам олувчиларга 60,2 миллион сўм ижтимоий нафақа ҳамда 7,7 миллион сўм компенсация (68 288 нафар 2 ёшгача нафақа олувчиларга 29,6 миллион сўм, 68 488 нафар 14 ёшгача нафақа олувчиларга 16,9 миллион сўм, 18 262 нафар моддий ёрдам олувчиларга 5,9 миллион сўм) пул тўловлари молиялаштирилиб берилган.

 

Ғ.ҲАСАНОВ,  ЎзА