Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросини самарали таъминлаш, норма ижодкорлиги жараёнида “ақлли тартибга солиш” усулларидан кенг фойдаланиш ҳамда ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда қонунчилик ҳужжатлари натижадорлигини мониторинг қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини ривожлантириш мақсадида:
1. Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 1 860 та қонунчилик ҳужжатлари экспертизадан ўтказилганлиги ва шундан 243 та ҳужжатда 350 та ўз аҳамиятини йўқотган, амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган нормалар ва ҳуқуқий бўшлиқлар аниқланганлиги ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига молия, кредит, банк, тадбиркорлик фаолияти, ижтимоий ҳимоя, ташқи иқтисодий алоқалар ҳамда божхона иши соҳаларида қонунчиликни такомиллаштиришга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар 1-иловага мувофиқ;
Қонунчилик ҳужжатларидаги ўз аҳамиятини йўқотган, амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган нормалар ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим ҳужжатлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларидаги ўз аҳамиятини йўқотган ва амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган нормалар, ҳуқуқий бўшлиқлар ҳамда коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқласин.
2. 2024 йил 1 октябрдан бошлаб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг (кейинги ўринларда –баҳолаш) соддалаштирилган ва кенгайтирилган тартиби жорий қилинсин. Бунда:
а) соддалаштирилган тартибда лойиҳа ишлаб чиқилишидан олдин қуйидаги тартибга солиш воситалари баҳоланади ва баҳолаш натижалари юзасидан Адлия вазирлигининг дастлабки хулосаси олинади:
жисмоний ва юридик шахсларга мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловларни белгилаш (кейинги ўринларда – талаблар), уларни ўзгартириш ёхуд талабларга риоя қилишни ёки уларни бажаришни таъминлаш билан боғлиқ таъсир чораларини қўллаш;
тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган имтиёз, преференция ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турларини жорий қилиш, уларнинг таъсир доирасини кенгайтириш ёки қисқартириш;
б) кенгайтирилган тартибда қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари баҳоланади:
соддалаштирилган баҳолаш натижалари бўйича иқтисодий, ижтимоий ва атроф-муҳитга таъсири даражаси юқори деб топилган лойиҳалар;
Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари ҳамда баҳолаш соҳасидаги ваколатли органлар, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор томонларнинг таклифига кўра кенгайтирилган баҳолашдан ўтказилиши лозим деб топилган лойиҳалар.
Адлия вазирлиги икки ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини соддалаштирилган ва кенгайтирилган баҳолашдан ўтказиш услубиётини тасдиқласин.
3. Амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қўллаш самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш фаолиятини комплекс ташкил этиш ва бу борада жорий этилган институтларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда таъсирчанлигини ошириш мақсадида 2025 йилдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилсин:
а) ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, ҳуқуқий нормаларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга киргандан сўнг:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш мақсадларига эришилишини таҳлил қилиш, унинг ижросини таъминлаш ҳамда баҳолаш учун статистик маълумотларни йиғиш мақсадида ҳар йили масъул давлат органи томонидан мониторинг олиб борилади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш мақсадларига эришилганлиги ва самарадорлигини аниқлаш мақсадида қонуности ҳужжатлари ҳар уч йилда масъул давлат органи томонидан баҳолашдан ўтказилади;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унинг мониторинги ва баҳолашдан ўтказилишига масъул бўлган давлат органи кўрсатилади;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат мониторинги ва баҳолаш натижалари мажбурий равишда Адлия вазирлигига тақдим этилади ҳамда масъул давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади;
б) қонунчилик ҳужжатларининг ҳуқуқий мониторинги тартибга солиш таъсирини баҳолаш доирасида ўтказилади;
в) қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича комплекс режа (кейинги ўринларда – комплекс режа) ҳар йили Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;
г) комплекс режа ижроси бўйича Адлия вазирлиги ҳисоботи Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Администрациясига тақдим этиб борилади.
4. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг экспертлар билан кенг муҳокама қилган ҳолда ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида:
а) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда, шу жумладан, баҳолашда, маълумот йиғиш (сўров, фокус гуруҳ муҳокамалари ва бошқа) жараёнларига илмий ташкилотлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг жалб қилинади;
б) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:
давлат органлари томонидан қонун лойиҳалари бўйича ушбу соҳадаги давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари хулосалари мажбурий равишда олинади, қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи лойиҳалар бундан мустасно;
давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари хулосалари ва муҳокама натижалари бўйича материаллар лойиҳани Адлия вазирлиги ҳамда ҳужжатни қабул қилувчи органларга киритишда мажбурий тартибда илова қилинади.
5. Адлия вазирлиги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти билан биргаликда икки ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини баҳолаш ва коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида Бош вазир котибияти таркибида 3 та штат бирлигидан иборат Тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва коррупцияга қарши экспертиза бўлими (кейинги ўринларда – Бўлим) ташкил этилсин.
Бунда Бўлимнинг штат бирликлари Адлия вазирлиги тизимидан 2 та штат бирлигини ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тизимидан 1 та штат бирлигини мақбуллаштириш ҳисобига шакллантирилади.
Қуйидагилар Бўлимнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини баҳолаш ва коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш соҳасида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳамда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг баҳолашдан ўтказилишини ва коррупцияга қарши экспертизасини амалга ошириш;
манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижро этилиши ҳолатининг танқидий таҳлилини амалга ошириш, натижаси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва баҳолашдан ўтказишнинг барча босқичларида жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш;
қонунчилик ҳужжатларида коррупцияга шароит яратувчи нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш тизимининг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
7. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти (кейинги ўринларда – Институт)нинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
ижтимоий муносабатларни тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш, тартибга солиш таъсирини баҳолаш сиёсатини самарали амалга ошириш йўналишларини ишлаб чиқиш;
қонунчилик ҳужжатларини баҳолашдан ўтказиш орқали ижтимоий муносабатларни самарали ва барқарор тартибга солиш ҳамда тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш;
қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини баҳолаш, илмий, ҳуқуқий, коррупцияга қарши ва бошқа турдаги экспертизадан ўтказиш бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, мазкур йўналишларда ўқув курсларини ташкил этиш;
қонунчиликдаги муаммоларни таҳлил қилиш, ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғланиши, комплекслиги ва уйғунлиги мониторингини ўтказиш, қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш йўналишларини белгилаш;
етакчи хорижий илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликни жадаллаштириш, халқаро молия институтлари ва хорижий донорларнинг техник кўмак ва грантларини жалб қилиш;
қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни баҳолаш, илмий, ҳуқуқий ва коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатиш.
Белгилаб қўйилсинки, Институт ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шарт-шароитлари бўйича Адлия вазирлиги марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади.
Адлия вазирлиги икки ой муддатда Институт фаолиятини самарали ташкил этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Вазирлик ва идоралар марказий аппаратларида тузилган стратегик режалаштириш ва методология бўйича таркибий бўлинмалар зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:
ташкилотнинг норма ижодкорлиги фаолиятига “ақлли тартибга солиш” воситаларини кенг жорий этиш;
ташкилот томонидан ишлаб чиқилиши режалаштирилаётган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари бўйича маълумотларни шакллантириш ва уларни Режалаштириш дастурига киритиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳалари баҳолашдан ўтказилишини таъминлаш, шунингдек, ташкилотнинг норма ижодкорлиги фаолиятига, шу жумладан, баҳолаш юзасидан услубий ёрдам кўрсатиш;
қонунчилик ҳужжатлари ижроси мониторингини ўтказиш, шу жумладан, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, таҳлил қилиш, унинг барқарорлигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.
9. Стратегик режалаштириш ва методология бўйича таркибий бўлинмалар, қоида тариқасида, тегишли соҳа мутахассислари, иқтисодчи, ҳуқуқшунос мутахассислигига эга ходимлар билан жамланади ҳамда уларнинг ҳар икки йилда камида бир марта мажбурий равишда малакасини ошириш тартиби жорий этилади.
Стратегик режалаштириш ва методология бўйича таркибий бўлинмалар ходимлари малакасини оширишни ташкил этиш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
10. Белгилансинки, қуйидаги харажатлар республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини баҳолашдан ўтказиш жараёнига илмий ташкилотлар, маслаҳат хизматини кўрсатадиган ташкилотлар ва соҳа экспертларини жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг баҳолаш учун масъул ходимларининг малакасини ошириб бориш билан боғлиқ харажатлар.
11. Давлат органларининг қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини баҳолашдан ўтказиш фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш, ходимларни рағбатлантириш ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш рейтинги (кейинги ўринларда – Рейтинг) жорий этилсин.
Рейтинг ушбу Фармонга 4-иловада келтирилган баҳолаш мезонлари асосида Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Давлат органлари ва ташкилотларининг қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини баҳолаш рейтингини аниқлаш услубиётига мувофиқ юритилади.
12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Адлия вазирлиги томонидан ҳар йили йил якунлари бўйича Рейтинг аниқланади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади;
Рейтингда дастлабки уч ўринни эгаллаган давлат органларининг баҳолашга масъул ходимлари тегишли давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик меҳнат ҳақи фондининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик моддий рағбатлантирилади;
Рейтинги паст давлат органларининг фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгиланади.
13. Адлия вазирлиги (А.Ташкулов):
масъул вазирлик ва идораларга мазкур Фармон талабларининг амалга оширилиши юзасидан амалий ва услубий ёрдам кўрсатиб борсин;
2024 йил 1 ноябрга қадар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини ушбу Фармон талаблари асосида такомиллаштиришни таъминласин;
бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу Фармонга 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган ҳужжатлар асосида қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиб, уларни ўз кучини йўқотган деб топиш чораларини кўрсин;
уч ой муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклиф киритсин;
ушбу Фармоннинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва ижроси мониторинги учун масъул этиб белгилансин.
14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2024 йил 16 август