Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий муҳофаза – муҳим масала
20:08 / 2022-12-08

– Ўзим ишлаётган “Марҳаматтумангаз” корхонаси раҳбарияти томонидан меҳнат шартномам бекор қилиниб, ишдан ноҳақ бўшатилган эдим, – дейди ушбу корхона ходими Зиёвиддин Умрзоқов. – Ана шу иш юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти Кенгаши аппаратининг ҳудудий Меҳнат ҳуқуқ инспекциясига мурожаат қилдим. Аризам ўрганиб чиқилиб, инспекция томонидан шартнома ноқонуний бекор қилинган, деб топилди ва мен ўз ишимга тикландим.

Мамлакатимиз Бош қомусининг 59-моддасида “Касаба уюшмалари ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ифода эталади ва ҳимоя қилинади” деб қатъий белгилаб қўйилган. Ана шу ҳужжатга кўра, юртимизда касаба уюшмалари томонидан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур йўналишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти Кенгаши томонидан ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.  

  – Жорий йилнинг ўтган даврида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва интеллектуал манфаатларини ҳимоялаш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, фуқаролар маънавиятини юксалтириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида муайян ишлар олиб борилди, – дейди  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти Кенгаши раиси Қодиржон Парпиев. – Биргина Кенгаш аппаратининг Меҳнат ҳуқуқи инспекцияси томонидан 108 нафар фуқаронинг меҳнат қонунчилигига оид ариза ва мурожаатлари кўриб чиқилди. Ҳар бир мурожаат бўйича ўрганишлар ўтказилиб, фуқароларга қонуний ёрдамлар кўрсатилди, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.    

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти Кенгаши ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ҳудудий келишув ҳамда вилоят миқёсидаги бошқарма ва идоралар билан ана шу мақсадларга йўналтирилган қўшма қарор ва қатор тадбирлар имзоланиб, уларда белгиланган вазифалар ижроси таъминлаб келинмоқда. Мазкур жараёнда ходимларга қулай меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Натижада, ходимлар иш берувчи ва касаба уюшмалари ўртасидаги ижтимоий шериклик асосида яратиб берилаётган кўплаб имтиёз ва кафолатлардан фойдаланмоқда.

Айни пайтда вилоятдаги корхона ва ташкилотларда 10 минг 191 та жамоа шартномаси амал қилмоқда. Жамоа шартномаларига киритилган тадбирларга асосан, иш берувчилар маблағлари ҳисобидан 12 минг 102 нафар ходим ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун 2 миллиард 765 миллион 300 минг сўм маблағ сарфланди.

Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дастурини бажарилиши борасида иш берувчи ва касаба уюшмалари ҳамкорлигида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 228 та корхонада 294 нафар пенсия ёшидаги шахсга 94 миллион 447 минг сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари ва совғалар берилди. Ишламайдиган 1 минг 136 нафар пенсионерга 198 миллион 49 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, турли байрамлар муносабати билан корхоналардаги ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож 167 нафар фуқарога 50 млиллион 722 минг сўм, меҳнат таътилидаги бола парвариши билан шуғулланаётган 290 нафар аёлга 102 миллион 542 минг сўм миқдорида ёрдам кўрсатилди.

Касаба уюшмаси ташаббуси билан корхоналарида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 2 минг 673 нафар фарзандига 161 миллион 690 минг сўм миқдоридаги ўқув қуроллари ҳаражатлари қоплаб берилди. Шунингдек, кам таъминланган 1 минг 612 та ёш оила вакилларига 481 миллион 987 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 57 нафар шароити оғир оилалар фарзандлари ҳамда чин чин етим учун 254 миллион 550 минг сўм миқдоридаги шартнома пуллари тўлаб берилди.  

Уй-жой қуриш ва узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун 38 та ёш оилага 151 миллион 310 минг сўм  миқдорида фоизсиз ссудалар ажратилганлиги ҳам ана шу оилаларнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилди.

Кенгаш, унинг бўлимлари ҳамда туман, шаҳар касаба уюшмалари кенгашлари томонидан маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, меҳнаткашлар учун қулай иш шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришда жароҳат ва касб касалликларининг олдини олиш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси мавзуларида қатор суҳбатлар, учрашувлар ва семинарлар ўтказилганлиги  мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Вилоятда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги бу каби ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда  айтганда, кенгаш томонидан бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун давлат ва жамоат ташкилотлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш  идоралари, умуман, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Асосий мақсад, Бош қомусимизда белгиланганидек, меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган.  

 

                                              Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзА