Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий муаммолар қандай аниқланади?
16:46 / 2026-02-20

Қайси ижтимоий муаммолар илмий жиҳатдан тадқиқ қилиниши лозим? Бу саволга жавоб беришдан аввал муаммолар қай шаклда ва қай ўринларда намоён бўлишига диққат қаратилади. Муаммони аниқлашнинг энг биринчи манбаси, бугунги кунда, ижтимоий тармоқлар ҳисобланади. Ўзбек тилидаги контентлар тинимсиз равишда кенгайиб боряпти, ҳам сифат, ҳам сон жиҳатдан бойиш кузатилмоқда; ижтимоий тармоқ фаоллари ўртасида муайян рақобат, кўпроқ аудитория жалб қилиш бобида мусобақа бошланган, бу ҳол бевосита моддий манфаатдорлик билан изоҳланади.

Албатта, ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегменти феноменига фақат моддий манфаатдорлик контексти асосида баҳо бериш бирёқлама ёндашув бўлар эди. Бу жамиятда, кўпроқ одамлар онги ва руҳиятида рўй бераётган ўзгаришларнинг муайян шакл олган манзарасидир. Айниқса, ижтимоий тармоқ ёш авлод вакилларини деярли тўла қамраб олаётгани аҳамиятга молик ҳодисадир. Ижтимоий тармоқ аввал психологик вазиятни виртуал кўринишда акс эттирса, кейинчалик бу виртуал ҳолат асл ҳаётга — жонли, тирик муносабатларга нафақат таъсир қилиши, балки кўчиб ўтиши табиий жараёнга айланиб улгурди. Масалан, омманинг фикрини исталган ўзанга солиб юбориш ҳамда қасд қилинган амалий ҳаракатларга эришиш учун ижтимоий тармоқ омили жиддий восита сифатида тан олинди. Шу маънода ижтимоий тармоқ жамиятдаги муаммоларни таснифлаш, умумлаштириш, муаммолар ўртасидаги боғлиқлик, дунёқарашлар эволюцияси, шахсий ҳамда ижтимоий ҳаракатлардаги хусусиятларни ўрганиш ва таҳлил қилишнинг муҳим объекти, манбаси ҳисобланади. Бу ўринда бирёқламаликка йўл қўймаслик учун маълумотларни жамлаш, умумлаштириш, қиёслаш, статистика олиб бориш баробарида ижтимоий тармоқ аъзоларининг виртуал қиёфаси ва асл ҳаётий позициясини уларнинг амалий ҳаракатлари билан қиёслаб кўриш шарт.

Ижтимоий тармоқда ижтимоий муаммолар қуйидаги шаклларда кўринади:

Контентлар. Оммага — истеъмолчиларга тақдим қилинаётган контентлар ва уларнинг мавзулари, йўналишлари мавжуд ижтимоий контекстнинг бир жиҳатини тушунишга ёрдам беради.

Кўришлар сони. Контентнинг оммалашуви, қайси вақтда оммалашгани, қанча вақт долзарб бўлиб тургани ижтимоий фикр билан бир қаторда кузатувчиларнинг маънавий даражасини, қизиқиш ва эҳтиёжларини аниқлашда калит вазифасини бажаради.

Ёзилган изоҳлар. Одатда, изоҳлар қисми муайян манфаатлар тўқнашадиган майдон эканлигини ҳам ҳисобга олиб, илмий эҳтиёткорлик ва аниқлик билан ёндашиш талаб қилинади. Буюртма изоҳлар, ташкиллаштирилган “ҳужум”ларни ажратиб олувчи мезонлар ишлаб чиқилиши шарт.

Илмий тадқиққа тортиладиган муаммони аниқлашнинг кейинги манбаси давлат ва жамоат идораларининг, хусусий сектор ташкилотларининг статистика ва маълумотларидир. ФҲДЁ, куч ишлатар тизимлар, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимидаги ахборот ва статистика ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва таснифлашга йўл очади. Жамиятдаги оилавий ажрашишлар, оилавий муаммолар, жиноятчилик даражаси, касалликлар, уларни профилактика қилиш ва даволаш, таълим тизимидаги муаммолар кўлами ва турлари, кадрлар етишмаслиги ва малака тақчиллиги, ҳаёт фаровонлиги даражаси, аҳоли орасидаги кайфият индекси ва шу каби муаммолар мазкур манбалар асосида аниқланади ва тадқиқот объектига айланади.

Оммавий ахборот воситалари ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва баҳолашда муайян манба вазифасини ўтайди. Лекин масаланинг эътиборга молик жиҳати шундаки, бугун давлат ва хусусий нашрлар фаолияти айрим жиҳатларни ўзида акс эттиради. Холислик тамойилларига амал қилишда маълум даражада чекинишлар кузатилади. Хусусан, оммавий ахборот воситаларининг молиявий манбалари ва таъминловчиларининг манфаатлари, айрим ўринларда сиёсий қарашлари ёритилаётган муаммонинг аспектини белгилаб бермоқда. Муайян масалани муҳокама ва таҳлил қилиш учун жалб этиладиган экспертлар нашрнинг қарашларига мос ёндашувга эга бўлиши табиий ҳолга айланди. Айниқса, ўзбек тилидаги ахборот ва таҳлил материалларида камида икки ва ундан ортиқ фикрларни тақдим этиш малакаси етишмаяпти. Таҳлилий дастурлар муаллифлик ишига айланиб, журналист ёки блогернинг шахсий қарашларини оммага сингдириш белгилари учрамоқда. Бу эмоционал ва кинояли жумлалар, журналистнинг гапириш оҳанги ва юз ифодалари орқали намоён бўлмоқда.

Шу сабабли жиддий ижтимоий муаммо деб тақдим этилаётган масала омма фикрини манипуляция қилишга қаратилган бўлиши эҳтимоли катта ва бу илмий тадқиқот учун муайян масалани танлаб олишда асос вазифасини бажара олмайди. Оммавий ахборот воситаларида холислик тамойилини илмий текшириш муаммосини марказга қўйиб, лингвистик дискурс доирасида тадқиқ ва таҳлил амалга оширишга эҳтиёж бор.  

Модомики, ижтимоий тадқиқотлар янги давр талаби экан, долзарб мавзу ва муаммоларнинг манбаларини аниқлаб олиш зарурати юзага келади. Бу тадқиқотнинг ҳаётийлиги ва аҳамиятини таъминлаб беради, натижаларнинг амалиётдаги ўрнини аниқлайди.

Акром Малик,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти кичик илмий ходими.