Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий-маънавий муҳитга таъсир этувчи омиллар: ахборот майдони ва оилавий тарбия
10:29 / 2025-06-04

Жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит – одамларнинг маънавий қадриятлари, ахлоқий мезонлари ва руҳий ҳолати билан боғлиқ умумий атмосферани ташкил қилади. Ўзбекистонни глобал дунёнинг бир қисмига айланиб бориши, халқаро интеграция жараёнлари ушбу маънавий муҳитга сезиларли таъсир қилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, ахборот майдонидаги таҳдидлар, оилавий тарбияга рахна солувчи омиллар, миллий қадриятларга босим, диний саводсизлик каби масалалар долзарбдир.

Биринчи омил: Ахборот майдонидаги таҳдидлар 

Технологиялар ривожи туфайли бугунги ёшлар ахборотни асосан интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали олади. Афсуски, бу ахборот майдони ҳар доим ҳам хавфсиз эмас – унда ёлғон хабарлар (фейклар), зўравонлик ёки бузғунчилик тарғиботи, ножўя медиа контент кенг тарқалган. Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони йилдан-йилга ортмоқда. Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда мамлакатда ижтимоий тармоқдаги аккаунтлар сони 46 миллионга етган бўлиб, уларнинг катта қисми ёшлар ва вояга етмаганлар ҳиссасига тўғри келади. Ёш авлоднинг катта қисми виртуал оламга шўнғиган бир шароитда, зарарли ахборотлар уларнинг онги ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори.

Ёшлар ижтимоий тармоқларда учрайдиган турли-туман маълумотни тўғри таҳлил ва талқин қила олади деб айта олмаймиз. Ўтказилган сўровлар натижаси бунга мисол бўла олади: “Ижтимоий фикр” жамоатчилик институти ўтказган тадқиқотда респондентларнинг 35% дан ортиғи берилаётган ахборотнинг объектив ёки субъектив эканини ажратишда, фактларни текширишда қийналишини билдирган. Бу эса ёлғон хабар ва манипулятсияларга ёшлар тез учиши мумкинлигидан далолат беради.

Ижтимоий тармоқлардаги ноқонуний контентлар ҳам жиддий таҳдид ҳисобланади. Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда турли ахлоқсиз ёки қонунга хилоф материаллар интернетда кўпайгани кузатилмоқда. 

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда баъзи ёш блогер ва вайнерлар ҳам шунчаки “лайк” йиғиш ёки қувноқ видео қилиш мақсадида қонун бузилиши мумкинлигини етарлича англамаяпти. Масалан, баъзи видеолавҳаларда очиқ-сочиқ кийимдаги қизлар иштирокида одобга зид хатти-ҳаракатлар намойиш этилаётгани ёки рухсатсиз диний мавзудаги материаллар тарқатилаётгани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлмоқда. Интернетда шундай ноқонуний материалларни тарқатиш – ёлғон ахборот, туҳмат, қўпорувчиликка чақириқ, экстремизм ва порнография – буларнинг барчаси амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади. Афсуски, кўпчилик фойдаланувчилар буни билмайди ёки менсимайди – ҳатто тақиқланган постларга “лайк” босиш ҳам жавобгарликка олиб келиши мумкинлигини тушунмасликдир.

Ҳукуматимиз томинидан ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва зарарли контентдан ҳимояланиш бўйича қатор ҳуқуқий база яратилган. Жумладан, парламент томонидан “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунга мувофиқ, ахборот маҳсулотларини ёш тоифаларига ажратиш ва тарқатилаётган материалда ёш чекловини кўрсатиб қўйиш тартиби йўлга қўйилди. Шунингдек, 2018-йилда Вазирлар Маҳкамасининг 707-сон қарори билан интернетдаги сайт, мессенжер саҳифаси ёки блогерга нисбатан қонун билан тақиқланган ахборотни олиб ташлаш ҳақида огоҳлантириш юбориш тартиби жорий қилинди. Яъни, назорат органлари зарарли ёки ноқонуний мазмундаги постларни аниқласа, унинг муаллифига расмий огоҳлантириш бериб, ўчиришни талаб қилиши мумкин.

Юқоридаги чораларга қўшимча равишда, ахборот майдонидаги таҳдидларга қарши қуйидаги ечимлар таклиф этилади:

  1. Медиа саводхонликни таълим тизимига киритиш: Мактаб ва олийгоҳ дастурларига ёлғон ахборотни аниқлаш, интернетдан хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини сингдириш керак. Ёшлар ахборотни танқидий таҳлил қилишни ўрганса, зарарли контент таъсири камаяди.
  2. Ҳукумат ва идоралар муҳим воқеалар юзасидан жамиятга тезкор ва аниқ ахборот етказишни йўлга қўйиши лозим. Бу миш-миш ва фейкларнинг олдини олади. Махсус матбуот марказлари, “тезкор хабар” платформаларини кенгайтириш шулар жумласидандир.
  3. Ота-оналар назоратини кучайтириш: Оилаларда болаларнинг интернетдан фойдаланиш вақтини ва мазмунини кузатиш, зарарли сайтларни филтрлайдиган “Ота-она назорати” хизматларидан фойдаланишни тарғиб қилиш керак. Бундан ташқари, ота-оналарга фарзандларининг онлайн ҳаёти ҳақида очиқ мулоқот қилиш, уларга дўстона маслаҳат бериш кўникмасини ошириш бўйича тренинглар ўтказиш фойдали.
  4. Миллий ва фойдали контент улушини ошириш: Ёшлар бўш вақтини самарали ўтказиши учун қизиқарли ва тарбиявий платформалар кўпайтирилиши керак. Масалан, ўйинлар, фильмлар, сериаллар орасида миллий қадриятларни тарғиб этадиган, ёшларнинг дидига мос лойиҳаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш муҳим. Бу нафақат зарарли ахборотдан чалғитади, балки маънавий оламни бойитишга ёрдам беради.

Иккинчи муҳим омил- Оилавий тарбиянинг роли 

Оила – жамиятнинг асосий бўғини, инсон камолотининг илк бешиги. Оилавий тарбия орқали бола ҳаётнинг дастлабки ахлоқий ва маънавий сабоқларини олади. Таъкидланишича, ёш авлоднинг ҳар томонлама ривожланишида оила тарбияси жуда муҳим ўрин тутади. Оиладаги муҳаббат ва ҳамжиҳатлик, ота-онанинг обрўси, катталарнинг ўзаро ҳурмати – булар барчаси боланинг дунёқараши ва хулқини шакллантиради. Шу боис оиладаги соғлом маънавий муҳит бутун жамият маънавиятининг асосини ташкил этади.

Мамлакатимизда азалдан мустаҳкам оила, авлодлар давомийлиги, катталарга ҳурмат каби қадриятларга катта эътибор бериб келинган. Бироқ сўнгги йилларда оилавий тарбияга салбий таъсир кўрсатувчи янги омиллар пайдо бўлмоқда ёки авж олмоқда. 

Ажралишлар ортишига турли омиллар сабаб бўлмоқда – ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар, оилавий келишмовчилик, ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги ва ҳоказо. Яна бир муҳим омил – меҳнат миграцияси туфайли оилаларнинг вақтинча бўлиниши. Маълумки, Ўзбекистонда кўплаб меҳнатга лаёқатли эркаклар ва аёллар хорижга – асосан Россия, Қозоғистон ва Жанубий Корея каби давлатларга ишлашга кетишмоқда. Уларнинг ортида эса минглаб болалар ота ёки онасиз қолмоқда. Қишлоқ жойларда бугун “отасиз катта бўлаётган авлод” шаклланмоқда, дея таъриф берилмоқда.

Бундай оилаларда болалар тарбияси ва назоратида муаммолар келиб чиқиши табиий. Ёлғиз қолган оналар бутун рўзғор ташвишини ҳам, тарбия масъулиятини ҳам елкаларига олади. Миграция таъсирида ўсган болаларнинг таълими ва хулқида оқсашлар кузатилгани ҳақида мутахассислар огоҳлантирмоқда. Бундан ташқари, чет элга кетган ота-оналар фарзандлари билан узоқ масофадан алоқа қилиши, меҳр кўрсата олмаслиги туфайли бола ва ота-она ўртасида ҳиссий масофа пайдо бўлади. 

Оилавий тарбияга рахна солувчи яна бир омил маънавий муҳит бузилиши,  бу – оилавий жанжаллар, зўравонлик ҳолатларига сабаб бўлиб, фарзандлар онги ва қалбида руҳий жароҳат қолдирмоқда. Афсуски, ОАВда вояга етмаганларга нисбатан шафқатсизлик, уларга эътиборсизлик билан боғлиқ хабарлар учраб туради. Бундай оилаларда тарбиянинг ўзи бор-йўқ, деган савол кишини ўйлантириб қўяди. Ота-оналарнинг тарбия борасидаги билим ва кўникмалари етарли эмаслиги ҳам долзарб масала. Бугунги кунда ёш ота-оналарнинг аксарияти ўзлари бошдан кечирган эскича услубларни ёки аксинча, “оммавий маданият”дан ўзлаштирган бегона услубларни қўлламоқда. Бу эса ёш авлод тарбиясида узвийлик ва изчиллик бузилишига олиб келиши мумкин.

Яна бир жиҳат – технологиялашган ҳаётни оилавий мулоқотга путур етказиши. Кўпгина оилаларда болалар ва ота-оналар кўп вақтини телевизор, телефон қаршисида ўтказиб, бир-бири билан самимий суҳбат қуриши, биргаликда китоб ўқиш каби анъанавий тарбия шакллари камайиб бормоқда. Бу эса оилавий ришталарни заифлаштиради, фарзанднинг қалбидаги бўшлиқни бошқа ташқи манбалар тўлдиришига шароит яратади (кўча, интернет ва ҳоказо).

Юқоридаги барча омиллар натижасида оиланинг жамиятдаги “тарбия ўчоғи” вазифаси издан чиқса, бу тўлқин бўлиб ижтимоий-маънавий муҳитга таъсир қилади. Оиладан етарлича меҳр ва назорат олмаган, таълим-тарбияси суст қолган ёшлар турли зарарли оқимларга берилиши, қийналганида қўллов топа олмагач, руҳий тушкунликка тушиши эҳтимоли ошади. Шу сабаб, оилавий тарбия соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш энг устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Президентимиз ва Ҳукуматимиз олиб бораётган сиёсатда оилани қўллаб-қувватлаш ва маънавий соғлом муҳитни таъминлаш масаласи марказий ўрин тутмоқда. 2022 йил 7 мартда Президент фармони билан “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш” бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди. Унда оила институтини мустаҳкамлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни тарғиб этиш орқали оилаларда соғлом маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш вазифаси қўйилган. Бу фармон ижросини таъминлаш учун жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Оила ва хотин қизлар илмий-тадқиқот институти фаолият юритмоқда. Қолаверса, бу борадаги яна бир амалий ҳаракат 2021йилда қабул қилинган “Экстремизм ва терроризмга қарши кураш миллий стратегияси”да ҳам оилалардаги тарбиявий ишларни кучайтириш, айниқса, “қаровсиз қолган” ёшларни аниқлаб, улар билан шуғулланиш чоралари белгиланган. 

Шунингдек, оилаларни мустаҳкамлаш ва ажралишларнинг олдини олиш борасида аниқ амалиётлар ҳам жорий қилинмоқда. Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида тажриба тариқасида жорий этилган “Оилавий низоларни ҳал қилиш маркази” бунга ёрқин мисолдир. Маълумотларга кўра, шу “Оҳангарон тажрибаси” асосида 27 мингдан ортиқ низоли оила яраштирилиб, ажрашиб кетиш олди олинган. Бу амалиётни бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этиш режалаштирилган. Яна бир муҳим ташаббус – Сергели тажрибаси: бу асосда 138 мингдан зиёд никоҳ қураётган ёшлар махсус ўқув курсларида оилавий ҳаётга тайёрланган. Ёшларга, ўсиб келаётган ёш авлодга ибрат қилиб кўрсатиш мақсадида ҳудудларда “Ибратли оила” кўрик-танлови йўлга қўйилиб, 208 та намунали оилага махсус кўкрак нишонлари топширилди. Шунингдек, “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” деган танловлар натижасида 45 мингдан зиёд оила ибратли деб эътироф этилди. Бундай эътирофлар бошқа оилаларни ҳам бир-биридан ўрганишга, оила қадриятларини мустаҳкамлашга ундайди. Оилавий тарбия муаммоларини ҳал қилиш ва оилаларда соғлом муҳитни таъминлаш учун қуйидаги чора-тадбирлар таклиф этилади:

  1. Ёш оилаларни ҳаётга тайёрлаш: Никоҳдан олдин ва никоҳнинг дастлабки даврида психологик тренинглар, маслаҳатлар тизимини кенгайтириш лозим. Бунда оила бюджети, низоларни ҳал қилиш, фарзанд тарбияси бўйича амалий кўникмалар берилиши керак.
  2. Ажралишларнинг олдини олиш: Ҳар бир маҳаллада низоли оилалар билан ишлайдиган, муаммо илдизини аниқлаб, яраштиришга кўмаклашувчи ижтимоий ходимлар штатини жорий этиш. Оилавий консультация марказларини вилоятлар кесимида кўпайтириш ва улар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш даркор. (Оҳангарон тажрибаси натижалари бу усул самарадорлигини кўрсатди)
  3. Миграция оқибатларини юмшатиш: Чет элга ишлагани кетаётган ота-оналарга фарзандларини имкон қадар ўзи билан олиш, ёки оилани бўлинмасликка интилишга рағбатлантириш лозим. Агар ажралмасликнинг имкони бўлмаса, юқорида айтилган васий тайинлаш тартибини қатъий назорат қилиш. Шу билан бирга, мигрантларнинг ортда қолган оила аъзоларига маҳалла ва давлат органлари алоҳида эътибор қаратиб (масалан, болаларни тўгаракларга жалб қилиш, бепул овқатлантириш, психологик ёрдам), уларнинг қийналмай, тарбияси издан чиқмай яшашини таъминлаши лозим.
  4. Оилавий қадриятлар тарғиботини кучайтириш: ОАВда миллий оилаларнинг ижобий намуналари, меҳр-оқибат ҳақидаги кўрсатув ва фильмларни кўпайтириш. Айниқса, ёшлар кўп томоша қиладиган форматларда (масалан, интернет сериаллари, блогерлар контенти) ота-она ҳурмати, фарзанд масъулияти каби ғояларни сингдириш зарур. Шунингдек, “ XXI аср ота-онаси” каби мавзуларда танловлар, форумлар ўтказиб, замонавий жамиятда ота-она бўлиш санъати кенг муҳокама қилиниши муҳим.
  5. Иқтисодий қўллаб-қувватлаш: Кўплаб оилавий низолар ва ажралишлар ортида моддий етишмовчилик тургани сир эмас. Шунинг учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ёш оилаларга имтиёзли кредитлар, уй-жой дастурлари билан ёрдам бериш, кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давом эттирилиши зарур. Оила фаровон бўлса, маънавий муҳит ҳам барқарор бўлиши осонлашади.
  6. Ота-оналар учун таълим: Фарзанд тарбиясига оид махсус курслар ва қўлланмалар ишлаб чиқиш ва бепул тарқатиш таклиф қилинади. Масалан, поликлиникаларда ёш оналар мактаби, мактабларда “ота-она университети” каби ташаббуслар орқали ота-оналарга болалар психологияси, коммуникация ва маънавий тарбия асослари ўргатилса, улар замон билан ҳамқадам бўлиб, фарзандлари эҳтиёжини яхшироқ тушунади.

Хулоса қилиб айтганда, бахтли ва мустаҳкам оилалар жамият маънавиятининг пойдевори бўлиб хизмат қилади. Оилага эътибор – келажакка эътибор эканини инобатга олиб, давлат ва жамият барча даражада ушбу йўналишни устувор вазифа қилиб олиши лозим. Оилалар соғлом бўлса, фарзандлар баркамол, жамият эса барқарор бўлади.

Ж. БОЛТАEВ,

Ш. ЮНУСАЛИEВА,

Республика Маънавият ва маърифат 

маркази масъул ходимлари. 

ЎзА