Сурхондарё вилоятида маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоселектор шаклида ташкил этилган йиғилишда вилоят студиясида вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этди. Туман ва шаҳар студияларида туман, шаҳар секторлари раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, маҳаллалар раислари ва бошқа мутасаддилар қатнашди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда тинчлик ва осойишталикни асраш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этиб, жиноятнинг олдини олиш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “Хавфсиз хонадон”, “хавфсиз шаҳар”, “хавфсиз туризм” каби йўналишларга қаратилган концепциялар ҳаётга татбиқ этилди. Эндиликда бу соҳа ҳуқуқбузарликлар оқибати билан курашиш эмас, балки уларнинг барвақт олдини олиш зарурлиги ҳақидаги муҳим ҳаётий тамойил асосида ислоҳ қилинмоқда. Содир этилган ҳар бир жиноятни маҳаллада муҳокама қилиш, унинг асл сабабларини аниқлаб, бартараф этиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ислоҳотлар жараёнида маҳалла профилактика инспекторларининг мақоми ва сони кескин оширилиб, уларнинг ҳуқуқи кенгайтирилди. Ижтимоий таъминоти билан боғлиқ масалалар ҳал этилди. Шунингдек, барча ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари учун зарур шароит яратиб берилди.
Президент Администрацияси Ишчи гуруҳининг воҳадаги маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг ошишига сабаб бўлаётган омиллар ва шарт-шароитларни ўрганиш якунига бағишланган йиғилишда вилоят ҳокими Тўра Боболов шу ҳақда атрофлича сўз юритиб, маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги билан боғлиқ вазиятни чуқур таҳлил қилди. Йўл қўйилган камчиликларга мутасаддилар эътиборини қаратди.
–Афсуски, маҳалла оқсоқоллари ҳам, давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам сўнгги йилларда яратилган катта имкониятларга муносиб жавоб қайтара олмаяпти, – деди вилоят ҳокими.– Масалан, вилоятдаги 721 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 218 таси ёки 30.2 фоизида жиноят ошиб кетишига йўл қўйилган. 2020 йил хотин-қизлар 257 та жиноят содир этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 444 тани ташкил этганини қандай изоҳлаш мумкин? Оила-турмуш муносабатлари доирасида 44 та жиноят содир этилган бўлса, уларнинг бештаси қотиллик экани ташвишлидир. Ёшлар содир этган жиноятлар 47.6 фоизга ошиб, 1 минг 200 тага етгани ва уларда хотин-қизлар иштироки 94 тани ташкил этгани ўта ачинарлидир. Бир йилда ажримлар сони 668 тага ортган. Бундай ҳолат билан асло муроса қилиб бўлмайди. Унутманг, энди қониқарсиз иш юритган маъсулларга қатьий чоралар кўрилади.
Чуқур таҳлил ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Олим Салиев ўрганиш якунлари ҳусусида атрофлича маълумот бериб, маҳаллалар ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатларнинг кўпайишига сабаб бўлаётган омилларни таҳлил қилди. Секторлар кесимида йўл қўйилган камчиликларни кўрсатиб берди. Мазкур йўналишда Сурхондарё тажрибасини яратиш ғоясини илгари сурди.
Қайд этилдики, вилоятда ўтган йилда мавжуд 721 та маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар, шу жумладан уюшмаган ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг сонини камайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилиб, 14 минг 338 нафарининг бандлиги таъминланган. 18 минг 621 нафарига такрорий экин экиш учун 5,1 минг гектар ер майдони ажратилган. 6 минг 556 нафарига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун кредит, 7 минг 870 нафарига 11 миллиард 242,9 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилган.
–Шунингдек, 1 минг 198 нафари "Устоз-шогирд" анъанаси асосида ҳунармандларга бириктирилиб, секторлар томонидан ёшлар билан учрашув ва қабулларда кўтарилган 7 минг 580 та масала ижобий ҳал этилган, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Олим Салиев. – 5 та муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган кўрик-танловларга 80 мингга яқин йигит-қиз жалб этилган. 11 та “Ёшлар меҳнат гузарлари” фойдаланишга топширилган. Шу билан бирга, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамкорлигида олиб борилган ўрганишлар ҳамда уюшмаган ёшлар билан мулоқотлар натижаларига кўра, улар сонининг юқори бўлишига олиб келувчи сабаб ва омилларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни воҳадаги барча туман ва шаҳарларда “маҳаллабай”, “фуқаробай” амалга оширишда тизимли камчиликлар мавжудлиги, уюшмаган ёшлар орасида ишсизлар сони мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан юқори экани маълум бўлди. Мазкур ўрганишлар орқали уюшмаган ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг бандлигини таъминлаш, сонини қисқартириш бўйича Сурхондарё тажрибасини яратамиз. Бу иш сизларнинг бевосита иштиркингиз орқали амалга оширилади. Бундан бошқа йўлимиз ҳам, имконимиз ҳам йўқ.
Ишчи гуруҳ секторларда уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш, томарқа ва ер майдонидан самарали фойдаланишда субсидия ажратиш, кредит маблағи ажратишдаги муаммолар, уюшмаган ёшларга ажратилган кредит маблағлари ва субсидияларни ишлатишда таъминотчи корхоналарнинг масъулиятсизлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтож йигит-қизларни “Ёшлар дафтари” га киритишдаги лоқайдлик, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг иқтидорли фарзандларини қўллаб-қувватлашдаги эътиборсизлик каби 16 та йўналишда жиддий камчиликларга йўл қўйилганини аниқлади.
Бу жараёнда маҳаллаларда оилавий ажралишлар, ишсизлик, нотинч оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар уюшмаган ёшлар ва тарбияси оғир вояга етмаганлар сонининг ўсиш ҳолатлари чуқур таҳлил қилинди. Маҳалалларда содир этилган ва олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар, хотин-қизлар ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳамда маҳалла тизимига оид аҳоли мурожаатларининг кўпайишига сабаб бўлаётган омиллар ва шарт-шароитлар ўрганилди.
Вилоятдаги 721 та маҳаллада 56 мингдан ортиқ уюшмаган ёш рўйхатга олинган. Ўтган йили 45 минг ёшнинг муаммоси ўрганилиб, уларнинг бир қисми ҳал этилмаган. Ёшларнинг ечимини топмай қолган масалалари Денов, Олтинсой, Қумқўрғон Ангор, Шўрчи каби туманларда нисбатан кўпроқни ташкил этган. Ишчи гуруҳ аъзолари масаласи ҳал этилмай қолган уюшмаган айрим ёшлар билан очиқ мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини ечишга кўмаклашди.
Видеоселектор шаклида ўтказилган йиғилишда фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида аниқланган камчиликлар ҳам чуқур таҳлил қилинди. Уюшмаган ёшлар билан ишлашда лоқайдликка йўл қўйган сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддиларга камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди. Уюшмаган ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг бандлигини таъминлаш, сонини қисқартириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва бошқа қатор вазифалар топширилди. Маҳаллалар ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини ошириш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини янада яхшилаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА