English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий кўмак янги имкониятларга йўл очмоқда
17:19 / 2026-02-11

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу тизим орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри Оппоқ маҳалласида истиқомат қилувчи, II гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Шаҳло Эргашева бугун ўз имкониятларидан фойдаланиб, сунъий ва декоратив гуллар ясаш билан шуғулланмоқда ва шу орқали оиласи учун даромад манбаига эга бўлиб боряпти. Ушбу оила ижтимоий ходим томонидан ўрганилиб, 2025 йил март ойида камбағаллик реестрига киритилган.

Дастлаб уларга болалар нафақаси, психологик ёрдам, шунингдек, газ ва электр энергияси учун бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилган. Ш.Эргашеванинг фаолиятини қулай ташкил этиши учун "Оппоқ” маҳалла фуқаролар йиғини биносидан текинга фойдаланиш учун иш жойи ажратилди.  

Шунингдек, унинг турмуш ўртоғи, II гуруҳ ногиронлиги бўлган Сандриддин Эргашевнинг видеомонтаж ишлари билан шуғулланиши мақсадида бепул фойдаланишга жой ажратилиб, зарур компьютер жамланмаси олиб берилди.

— Фаолиятимни бошлашда ижтимоий ходим ва ҳоким ёрдамчисининг кўмаги алоҳида бўлди, — дейди Шаҳло Эргашева. — Бугун тадбиркорлик орқали даромад топяпмиз. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириб, янги иш ўринлари яратишни режалаштиряпмиз.

Оппоқ маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Ирода Ашурматованинг айтишича, ўтган даврда бу оиланинг ҳолати мунтазам назоратга олиниб, амалдаги тартиблар доирасида зарур ёрдамлар кўрсатилди. Натижада улар ўз имкониятларидан фойдаланиб, мустақил фаолият юритмоқда. Оилада бир нафар фарзанд вояга етмоқда. Бугун Шаҳло Эргашева ва унинг турмуш ўртоғи ўз тадбиркорлик хизматлари орқали оиланинг моддий аҳволини яхшилаб бормоқда. Манзилли ижтимоий ёрдам ва тизимли ёндашув натижасида эҳтиёжманд оилаларнинг ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз беряпти. Энг муҳими, бу қўллаб-қувватлаш фуқароларнинг ўз кучига ишончини мустаҳкамлаб, уларни мустақил ҳаёт сари етакламоқда.

Абдилазиз Мусаев,ЎзА