“Ижтимоий карта” тизими бўйича тажрибалар ўрганилди
Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жасур Жумаев Бўстонлиқ тумани аҳолиси билан ўтказган учрашувлари ҳамда тумандаги ўрганишлари давомида айни масалаларга устувор аҳамият қаратди.
Депутат дастлаб Бўстонлиқ туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ташриф буюриб, у ерда эҳтиёжманд оилалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган хизматлар билан танишди. Мамлакатимизда жорий этилаётган “Ижтимоий карта” тизимининг аҳамияти ва унинг самарадорлиги бўйича тажрибалар ўрганилди. Мазкур марказнинг таъмирланаётган биноси кўздан кечирилиб, бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Ж.Жумаев Ногиронлар жамияти туман бўлинмаси фаолиятини ҳам ўрганди. Ушбу жамият фаолияти, келгусидаги режалари ва йўналишлари бўйича жамият вакиллари билан фикр алмашилди. Ногиронлиги бўлган шахслар учун янада қулай муҳит яратиш, уларнинг жамиятда фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида амалий таклифлар илгари сурилди.
М.Комилова,
ЎзА