Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий иссиқхоналар
15:09 / 2023-07-29

Сирдарё вилояти Боёвут туманида “Бек кластер агросервис” МЧЖ томонидан ижтимоий иссиқхоналар ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақида кластер таъсисчиси Улуғбек Сотиболдиев қуйидагиларни гапириб берди.

Боёвут туманида ёшларни иш билан таъминлаш, ердан ва сувдан унумли фойдаланиш асосида барпо этилаётган, органик маҳсулотлар етиштиришга мўлжалланган ижтимоий иссиқхоналар Президентимизнинг “Ҳар бир оила тадбиркор” лойиҳасига кўра Хитой технологиялари асосида, кооперация усулини жорий этиш учун ташкил этилмоқда,  – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Бек кластер” МЧЖ бош директори Улуғбек Сотиболдиев. – Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида ҳар томонлама афзалликларга эга бўлишига эътибор қаратилди. Лойиҳа бўйича фойдали 80 гектар ер майдонида 1600 та шундай иссиқхоналар барпо этилади. Беш сотих майдонга икки нафардан ишчи жалб қилиниб, иш билан таъминланади. Дастлаб бундай иссиқхоналарнинг қурилиши ҳар 10 сотих майдон учун 30 000 минг АҚШ долларини ташкил этарди. Биз иссиқхона қурилиши учун ишлатиладиган хом ашёларни ўзимиз ишлаб чиқаришимиз асносида унинг қурилиш таннархи 15 000 АҚШ долларига тушди. Бу иссиқхоналар учун газ ва электр зарур бўлмайди. Қуёш панеллари орқали иситилади. Дастлаб кечалари иссиқни сақлаш учун “сентифон”дан фойдаланган бўлсак, ҳозирда қўй жунидан тайёрланган кўрпалардан фойдаланилмоқда. Бу ҳам арзон, ҳам самарали.  

Биз ҳар 5 сотихга икки нафар ишчини иш билан таъминлаш жараёнида уларнинг иссиқхонага баҳор ва куз ойлари учун мўлжалланган булғор қалампири, помидор, бодринг кўчат маҳсулотлари қишда асосан кўкат уруғлари билан таъминлаймиз. Улар йил давомида иш билан банд бўлади. Агротехник тадбирларни амалга оширишда ёрдам берамиз. Бундай иссиқхоналарда иш билан таъминланган ишчилар учун барча қулайликлар яратиб берилади. Бир йилда уч-тўрт маротабагача ҳосил олиш мумкин. Етиштирилган маҳсулотларни ҳам бозор нархида ўзимиз сотиб оламиз.  

Ижтимоий иссиқхоналарнинг афзалликларини яна қуйидагиларда кўришимиз мумкин. Биринчидан, бу лойиҳа доирасида 3200 та янги иш ўрни яратилади. Иккинчидан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаро тайёр бизнесга эга бўлади. Учинчидан, ҳудуднинг экспорт салоҳияти ошади. Тўртинчидан, бюджетга қўшимча солиқ тушумлари кўпаяди. Бешинчидан, маҳсулотни кооперация усулида етиштириш механизми йўлга қўйилади. Олтинчидан, ташландиқ ерлар ўзлаштирилиб, унумдорлиги оширилади. Еттинчидан, халқимиз дастурхонига органик озиқ-овқат маҳсулотлари йил давомида етказиб берилади. Саккизинчидан, аҳолининг даромад манбаи ва турмуш фаровонлиги юксалади. Тўққизинчидан, аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг зўр имкониятидир.

Ш.Суяров, ЎзА