Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳамда жамият барқарорлигини таъминлашда аёлларнинг ўрни ва роли
16:35 / 2025-12-16

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти, Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан биргаликда “Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳамда жамият барқарорлигини таъминлашда аёлларнинг ўрни ва роли” мавзусида конференция ўтказилди.

Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида, жамият барқарорлигини таъминлашдаги ўрни ва роли, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт жараёнларида аёллар дуч келаётган муаммоларни муҳокама қилиш, уларни тизимли бартараф этиш учун илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.  

Конференцияда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, масъул ходимлари, халқаро ва миллий даражадаги ташкилотлар вакиллари, чет эллик олимлар, олима ва тадбиркор аёллар, амалиётчи мутахассислар, докторантлар  қатнашди.

Бугунги тез ўзгарувчан дунёда барқарор тараққиётнинг асосий омилларидан бири  илм-фан ва инновациялардир.  

Давлатимиз раҳбари томонидан илм-фан соҳасида аёллар иштирокини кенгайтиришга эътибор қаратилиб, уларнинг иқтидори ва илмий салоҳиятини тўлиқ намоён этиш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.

[gallery-26761]

Шу билан бирга, юртимизда хотин-қизларнинг инновация ва ихтирочиликдаги иштироки қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги  тегишли фармонига мувофиқ ҳар йили март ойида амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича “Олима аёллар” танлови ўтказиб келинмоқда.  

Мазкур танлов шу кунга қадар 5 марта ташкил этилиб, унда юртимиз олима аёллари томонидан жами 1 минг 612 та лойиҳа талабномаси тақдим этилди.

Жорий йилнинг февраль ойида “Ўзбекистон олима аёллари форуми” доирасида 2024 йилги “Олима аёллар” танлови натижаларига кўра ижобий баҳоланган 55 та лойиҳа талабномалари 44,7 миллиард сўм миқдорида молиялаштирилиб, уларнинг амалга оширилиши бошланди.

Бугунги кунда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилаётган лойиҳаларнинг қарийб 30 фоизи олима аёлларимиз томонидан амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда юртимизда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “XXI аср аёли” фестивали, “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли”, шунингдек, “INNOWOMENWEEK” хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиклари тизимли равишда ўтказилиши йўлга қўйилди.  

Бу ташаббуслар мамлакатимиздаги ҳар бир иқтидорли аёлга ўз ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, стартап лойиҳалар яратиш, ихтирочилик ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имкониятини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги тегишли қарори билан тасдиқланган хотин-қизларни даромадли меҳнат билан таъминлашнинг мақсадли кўрсаткичларига мувофиқ республика бўйича 2,3 миллион нафар хотин-қизларни даромадли меҳнат билан таъминлашга кўмаклашилди. Бунда 735,7 минг нафар хотин-қиз бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилди.

331 минг нафар аёл касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари томонидан касбий ўқувларга опа-сингилларимиз кенг жалб қилинди.  

Тижорат банклари томонидан 380 минг  687 нафар хотин-қизга тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун кредитлар ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасининг 271-бандида “Ижтимоий-иқтисодий ривожланишда жамият барқарорлигини таъминлашда аёлларнинг ўрни ва роли” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциясини ўтказиш белгиланган эди.

Мазкур конференцияда бир неча шўъбалар доирасида амалга оширилган ишлар ва  тадқиқотлар натижалари бўйича маърузалар муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларни тизимли бартараф этиш юзасидан илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

“Жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида, жамият барқарорлигини таъминлашдаги ўрни ва роли”, “Мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини такомиллаштириш масалалари”, “Янги Ўзбекистонни барпо этишда хотин-қизларнинг таълим ва илм-фан соҳасидаги имкониятларини ривожлантириш масалалари” каби шўъбаларда мавзуга доир масалалар атрофлича таҳлил этилди.  

Конференция давлат органлари, академик доиралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик майдони сифатида қатор устувор вазифаларни ҳал этишга хизмат қилди. Хусусан, анжуман доирасида 60 дан ортиқ креатив илмий ғоя ва амалий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, уларнинг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуманда илгари сурилган ҳар бир ташаббус ва лойиҳа мамлакатнинг инновацион ривожланиши, барқарор жамиятни шакллантириш ҳамда гендер тенгликка асосланган янги келажак сари қаратилган изчил ислоҳотларнинг навбатдаги амалий қадами сифатида баҳолангани билан аҳамиятли бўлди.  

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқди.  

Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари